“Америка овози” телерадиоси журналисти Малик Мансурнинг Ўзбекистондаги ўзгаришлар, 2017 йилда қўлга киритилган ютуқлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Малик Мансур, “Америка овози” телерадиоси журналисти,
Гамбург (Германия):
— 2017 йил Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўлқинлантирувчи баёнотлари билан ёдда қолмоқда. Очиқ, кескин танқид билан кузатилган бу чиқишлар оддий аҳолининг олқишларига лойиқ кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳаётга ўзгаришлар олиб кирган йил жамоатчиликни ларзага солган воқеаларга, одамларни умидлантирган жараёнларга бой бўлди.
Ўзбекистонликлар 2017 йилни янги Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита жонли табриги билан қаршилаган эди. Чорак аср давомида Ислом Каримов табригининг телевидение орқали ўқиб эшиттирилишига ўрганиб қолган аҳоли учун бу қутлов кутилмаган янгилик бўлган ва Шавкат Миромоновичнинг халқпарвар, кескин ўзгаришлар қиладиган Президент бўлиши ҳақидаги қарашларни шакллантира бошлаганди.
2017 йил якунланар экан, Президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан шаклланган бу қарашлар деярли ўзгармаган, йил давомида Мирзиёев томонидан давомли қилинган кескин баёнотлар халқ кўзида ислоҳотчи Президент қиёфасини янада мустаҳкамлади. Президентнинг сўнгги чиқиши, парламентга қилинган тўрт соатлик Мурожаатномаси ҳозиргача бўлган баёнотлар орасидаги энг муҳими, деб кўрилмоқда. Матбуот бу чиқишни мамлакат ҳаётида янги саҳифа очган тарихий нутқ, муаллифни эса миллат етакчиси мақомида тақдим этаётганида кузатилади.
Шавкат Мирзиёевни йил одами сифатида эълон қилган “Ижтимоий фикр” маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, 90 фоиздан ошиқ аҳоли якунланаётган йилни фаровонлик, ижобий ўзгаришлар йили сифатида қайд этган. Чорак асрлик турғунликдан қутилган мамлакатда ўзгаришлар жараёни кетаётгани сезилади, “халқ билан мулоқот” шиори билан бошланган 2017 йилда асосий диққат халқ ва давлат ўртасидаги алоқаларни тиклашга қаратилди. Мамлакат бўйлаб сафар бошлаган Президент оддий аҳоли билан мулоқотга киришди, одамларни эшита бошлади. Халқ билан мулоқотни тиклаш учун очилган Виртуал қабулхона мамлакатдаги энг машҳур мурожаат марказига айланди. Давлат органлари ва халқ ўртасидаги ишончни тиклаш 2017 йилнинг энг долзарб вазифаси бўлди.
Президент “Халқ давлат органлари учун эмас, давлат органлари халқ учун хизмат қиладиган вақт келганини” эълон қилганига қарамасдан ишонч тўлиқ тикланди, дейиш қийин. Суд, прокуратура, ички ишлар, молия тизими Шавкат Мирзиёев мунтазам нишонга олаётган соҳалигича қоляпти. Президентнинг танқидлари ортидан Ўзбекистон судьялари номидан халққа расман мурожаат очиқланди, судьялар халқ билан муносабатга киришди. Лекин бу ҳали етарли эмас.
2017 йил жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган воқеалардан яна бири – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятидаги ўзгаришлар бўлди. Вазир Абдулазиз Комилов билан бевосита мулоқот уюштирилди, ўз фуқароларига беписанд муносабат билан танилган элчихоналар, консулликлар фаолиятида айрим ўзгаришлар кузатилди. Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги фуқароларига кўмак кўрсатишга урина бошлади. Қозоғистондаги йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган бир гуруҳ меҳнат муҳожирларининг жасади махсус самолётда ўз ватанига олиб келинди. Бу Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилган амалиёт бўлди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев аввалги тузумдан фарқли дунё бўйлаб тарқалган ватандошлар – меҳнат муҳожирлари тақдирига бефарқ эмас, уларни ортга қайтариш, Ватанда иш билан таъминлаш заруриятини эътироф қилган. Бу борада Россия билан узоқ кутилган битим имзоланди. Меҳнат муҳожирлари шароитини ўрганиш учун Ёшлар иттифоқи раҳбарини Россия бўйлаб сафарга жўнатди.
Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда ҳам амалга оширган айрим қадамлар фуқаролик жамияти вакилларини руҳлантирди, узоқ йиллик сиёсий маҳбусларнинг қамоқдан озод қилиниши, матбуот айрим ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқа бошлагани жамиятда ўзгаришлар мавжудлиги ҳақидаги таассуротларни ҳосил қилди.
Сиёсатшунослар 2017 йил, минтақавий вазиятда, айниқса, ташқи сиёсатда шиддатли ўзгаришлар даври бўлганини эътироф этишади. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан зиддиятли муносабатларини тез суръатларда илиқлаштиришга эришган Шавкат Мирзиёев Россия, Хитой, Туркия ва Жанубий Кореяга қилган давлат ташрифлари давомида миллиардлаб долларлик шартномаларни имзолаб қайтди. Президент АҚШга сафар уюштирди, Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистонда кутилаётган ислоҳотлар ҳақида, бундан буён мамлакатда инсон ҳуқуқлари кафолатланиши ҳақида гапирди. У сафари доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ҳам учрашди, Америкадаги ўзбекистонликлар билан мулоқот қилди, тажрибали мутахассисларни ватанга қайтишга чақирди. Декабрь ойида Дональд Трамп ва Шавкат Мирзиёев ўртасида ўтган телефон орқали мулоқотда Мирзиёевнинг Ғарбга илк сафари АҚШдан бошланиши мумкинлиги ҳам эҳтимол қилинди.