...
МЕНЮ
ONLINE TV

Навбаҳор Имомова кечаги ва бугунги ҳукумат, Шавкат Мирзиёев фаолияти ҳақида очиқ гапирди


15:11, 29.05.2018 Жамият
 14 249

Хўш, Имомова Ўзбекистонга қайтадими? Ташрифдан кўзланган мақсад нима? Ўзбекистон ҳукумати ўзгарган, Навбаҳор Имомова ҳам ўзгардими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15-17 май кунлари илк расмий ташриф билан АҚШда бўлган эди. Мазкур ташрифни ёритишда маҳаллий ОАВ билан бир қаторда, “Америка Овози” телерадиоси, хусусан журналист Навбаҳор Имомова анча фаол бўлди. Бу Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилаётган ҳолат.
 
Аввал хабар берганимиздек. Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун рухсатнома олган Навбаҳор Имомова Оқ уйда Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп иштирокидаги брифингда иштирок этиб, Мирзиёевни ўзбек тилида саволга тутган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон раҳбари уни мамлакатга таклиф қилди, рухсатнома берилганини алоҳида урғулади.
 
Ўзбекистон ҳақидаги аччиқ танқидлари билан тилга тушган журналист Навбаҳор Имомова 90-йиллар ўрталарида Ўзбекистонда, давлат радиосида фаолият юритган. Кейинроқ унинг иши ва тақдири АҚШ билан, таъбир жоиз бўлса “Америка Овози” билан боғланди.
 
Навбаҳор Имомовага нисбатан охирги вақтда муносабат ўзгарди. Илк бор ҳукумат аъзоси – Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева АҚШга ташрифи давомида унга интервью берди. Кейинроқ, Имомованинг фаолияти элакдан ўтказилиб, ТИВдан рухсатнома олди. Бу эса унга нисбатан ҳукуматда муносабат ўзгарганидан далолат. Президентнинг уни Ўзбекистонга таклиф этиши эса энг кутилмагани бўлди, десак муболаға бўлмайди.
 
Хўш, Имомова Ўзбекистонга қайтадими? Ташрифдан кўзланган мақсад нима? Ўзбекистон ҳукумати ўзгарган, Навбаҳор Имомова ҳам ўзгардими? “Qalampir.uz” АҚШда истиқомат қилаётган журналист Навбаҳор Имомова билан алоқага чиқди. Қуйида ушбу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
 
— Ўзбекистон ҳақидаги танқидлари билан танилган журналист сифатида сизга нисбатан мамлакат ичида ҳам ҳукумат,  ҳам кўплаб раҳбарлар томонидан муносабат яхши бўлмаган. Бугун сизга кўрсатилаётган эътибор ҳақида нима дея оласиз?
 
— Бизни олдин ҳам тинглашар,  томоша қилишар ва кузатиб боришар эди. Ўзбекистон ҳукумати дастур ва материалларимиздаги мавзулар, уларда берилган саволлар ва янграган танқидни хуш кўрмаса-да, бизга бефарқ эмас эди. Расмийлар, хусусан Ўзбекистон дипломатлари ва экспертлари, амалдорлар, бизнес доираларнинг вакиллари, қолаверса, Олий Мажлис аъзолари ҳам йиллар давомида менга кўрсатув ва эшиттиришларим, мақола ва суҳбатларим ҳақида ўз фикрларини айтиб келган. Баъзида салбий, баъзида ижобий.
 
Ким кимга ва нимага қандай баҳо берганидан қатъи назар, бизга ишончли ахборот манбаи сифатида қарашган. Америка сиёсати, унинг нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиё ва қўшни минтақаларга нисбатан стратегияси, алоқалар ва ҳамкорлик ортидаги омиллар, Вашингтондаги тегишли идора ва уларни юритаётган одамлар, ақл марказлари, ноҳукумат ташкилотлар фаолияти ва мақсадларини тушунтиришда “Америка Овози”нинг роли беқиёс. Бизга эътибор бермаган бўлсангиз, демак, кўплаб маълумотлардан қуруқ қолгансиз.
 
Мен, шахсан, ҳеч ким билан мулоқотдан қочмаганман. Журналист сифатида ҳар тарафнинг мулоҳазаси ва позициясини ўрганиб келганман. Буни Тошкентдаги олдинги раҳбарият ҳам билар эди. Чунки ҳукумат билан профессионал алоқани узмаганман.
 
Ҳозир ҳам шундай. Мен ҳар бир масалага очиқ кўз билан қарайдиган, ҳар қандай шароитда ҳам олдинга интиладиган, хушмуомала лекин дангал гапирадиган инсонман. Ўз ишимнинг моҳиятини биламан, касбимни қадрлайман, ўта талабчанман. Кимдир сизни ёқтирмайди, дейишса куламан. Чунки мени шахсан ёқтиришлари шарт эмас. Ишонишлари керак. Мутахассис сифатида ҳурмат қилишлари керак.
 
Бугунги эътибор ортида ҳам айнан ишонч ва ҳурмат ётганини биламан. Ҳукумат биладики, ниятим холис. Фаолиятим ҳамманинг кўзи олдида ва у Ўзбекистонга қарши қаратилмаган, аксинча, мамлакатдаги муҳим жараёнларни таҳлил қилиб, уни кенг омма эътиборига олиб чиқиб, мамлакат равнақи учун ҳисса қўшаман. Журналистнинг вазифаси шу.
 
— Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи ОАВ учун, хусусан, сиз учун аҳамияти нимада бўлди?
 
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи кўп жиҳатдан унутилмас воқеа. Биринчидан, шу пайтгача Ўзбекистон раҳбарини Вашинтонда кўрмаган эдим. (Ҳаётда ҳам кўрмаган эдим!) Иккинчидан, Ўзбекистон раҳбари билан гаплашмаган эдим. Учинчидан, бундай ташрифни ёритмаган эдим. Расмий йиғинлар ва тадбирларга ўрганиб кетганман. 2002 йилдан бери Америка пойтахтидаги сиёсий, илмий, ноҳукумат ва медиа доиралар ичидаман. Лекин Мирзиёевнинг келишини интизорлик билан кутдим, чунки бу мендек журналист учун бебаҳо имконият эди. Ўтган йили кузда Нью-Йоркда БМТга ташрифни ёритганимда бунга муваффақ бўлмаган эдим. Лекин бу сафар айнан Оқ уйда кўришишим мумкин эди. Ва шундай бўлди ҳам. Қисқа мулоқот бўлди, лекин муҳим сўзлар алмашдик. Саволимга жавоб олдим. Ўзбекистон раҳбари ва ўзбек мухбир Оқ уйда самимий гаплашди. Тарихга кирди. Ташриф мобайнида Президент Мирзиёевни яна кўрдим. Яна гаплашдик, эфир учун эмас, лекин бир нарса аён бўлди: Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари журналистлар билан мулоқотга мойил ва уларнинг ролини тушунади; нафақат тушунади, балки қадрлайди ҳам. Бу – Ўзбекистон келажаги учун, очиқ ва фаровон жамият қуриш учун ниҳоятда муҳим омил. Минбардан айтилган сўз бошқа, муайян саволларга жавоб бериш, сиёсатни журналист билан ўтириб тушунтириш бошқa. Юзма-юз мулоқот pаҳбарни халққа яқинлаштиради. Умид қиламанки, Ўзбекистонда шундай кунлар келади ва улар яқин.
 
Президент ҳаммасидан хабардор, сизга рухсатнома берилишидан ҳам ҳатто. Демак, эътибордасиз. Унинг сизни мамлакатга таклиф қилишини кутганмидингиз?

— Кутмаган эдим… Эшитиб, қувондим албатта. Президентлар ўша куни Овал кабинетга кириб келишлари билан уларга юзландик. Ўзбекистон раҳбари мени таниди. Орамиздаги қисқа, лекин мазмунли сўзлашувдан миннатдорман. Ўзбекистонга, президентга айтганимдек, албатта бораман.
 
Аввало, аккредитация, менга билдирилган ишонч, узоқ йиллик қора терим маҳсули. Меҳнатим, заҳматим тан олинди. Ўтган йили ёзда Ўзбекистонга бориб келганимдан бери мана шундай рухсатнома олиш ниятини кўнглимга туккан эдим. Жараён осон эмаслигини билардим. Сабр-қаноат билан ёндашдим. Ташкилотим ҳам шошмади. Ўзгаришлар даври келди деган гаплар қанчалик реал эканини кўришни хоҳладик. Шу баҳор aккредитация сўраб, тизимни синаб кўришга аҳд қилдик. Раҳбарларим қувватлoви билан март ойида ҳужжатларни, тартибга биноан, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига топширдим. Орадан бир ярим ойча ўтиб, жавобини олдик. Ўзбекистон мен орқали “Америка Овози”дек халқаро телерадиога очиқ эканини баён қилишди. Бу катта янгилик, шу билан бирга улкан масъулият. Зиммамдаги юк, профессионал вазифа, бир неча карра оғирлашди.
 
Журналист олдида эшик очилиши унинг учун бахт. Ҳар доим айтаман, дунёнинг ҳеч бир бурчагида агар журналист талаб қилмаса ва ишонч қозонмаса, ҳеч қандай эшик очилмайди, у билан гаплашишмайди. Талабчанлик ва тиришқоқлик бу соҳанинг темир шарти. Аккредитацияни қўш қўллаб беришмайди. Уни сўраб, мурожаат қиласиз. Биламан, аризамни синчиклаб кўриб чиқишган, у кўплаб идоралардан ўтган, фаолиятим элакдан ўтказилган.
 
Аккредитация истаган журналистлар кўп. Уларга ҳам эшик очилади, деган умиддаман.
 
— Мамлакатда сизга нисбатан муносабат ўзгарган. Сиз ўзгардингизми?
 
— Менинг таҳлилимча, Ўзбекистонда мен сингари журналистларга ишонадиганлар ва уларни қадрлайдиганлар даври келди. Яъни, олдинлари бу борада очиқ айта олмаган томонлар энди буни фахр билан тан олаяпти. Улар бизни бугунги муҳим ва мураккаб жараёнларда ҳисса қўшишга, ўзига хос синовга чорламоқда.
 
Ҳар бир материал, ҳар бир дастур – тажриба ва сабоқ. Менинг журналистик позициям ва вазифам ўзгармас. Асосли ва холис ахборот бериш. Халқни огоҳ этиш, уни ўйлатиш. Ишимни ҳар доимгидек сидқидилдан адо этишда давом этаман. Қоқилсам, ўрнимдан туриб, яна олдинга интилавераман.
 
Ўзбекистон ўзгармоқда ва бу ўзгаришларни ёритиш – буюк вазифа. Бу ўзгаришлар нимадан иборат? Нима ўзгариб, нима ўзгармаяпти? Ким, нима, қачон, қаерда, қандай қилиб ва нима учун? Мана шу саволлар менинг ишимни тебратади. Танқид – журналистиканинг ажралмас қисми. Танқид – жамиятни ва унинг ҳар бир аъзосини прогрессга етакловчи куч.
 
Танқиддан қочган, танқидчиларга тош отган одамларнинг, хусусан раҳбарларнинг мақсади эзгу эмас. Давлатни ва жамиятни олдинга силжитиш танқидга таяниб иш тутишни талаб этади. Мақтовдан наф йўқ. Ютуқлар ва ижобий қадамлар тан олиниши керак, бироқ муттасил прогресс камчиликларга эътибор беришни тақозо этади. Демак, асосли ва конструктив танқид – сизнинг яқин дўстингиз. Ҳукуматда, ислоҳотлар ортида турган одамлар орасида буни англаб етадиганлар кўп, назаримда. Қолганини энди Тошкентга борганимда билавераман.
 
— Қачон қайтасиз ва бу қайтишдан кўзланаётган дастлабки мақсад, режалар қандай?
 
— Ёзнинг жазирама кунларини Ўзбекистонда ўтказаман. Асосий ишим Вашингтонда. Тошкентда бюро очаётганимиз йўқ. Вақти-вақти билан Ўзбекистонга бориб тураман. “Америка Овози” 45 тилда эфирга чиқадиган мултимедиа тизими. Ахборот биз учун камида икки ишончли манба тасдиқлаган маълумот.
 
Мақсадимиз – мамлакатдаги бугунги вазиятни ёритиш, хусусан Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсати, қўшнилар билан бугунги ришталар, иқтисодий аҳвол, ижтимоий ҳолат, умуман ислоҳотлар жараёни қандай кетаётгани, юқорида айтганимдек, ўзгаришлар нимадан иборат эканини аниқлаш ва бу борада таҳлилий материаллар тайёрлаш.
 
Ҳамкасблар билан вақт ўтказиб, фикралмашиб, ҳамкорликни кенгайтириш ҳам асосий мақсадларимдан бири. Ўзбекистонда ахборот воситаларига ишонч ошсин, уларнинг роли кучайсин ва журналистика соҳаси тараққий этсин, деймиз. Ичкаридами ёки ташқарида, мен билган журналистларнинг ҳаммаси шуни истайди. Лекин истакнинг ўзи етмайди. Ҳаракат қилиш керак.
 
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзA) билан бошлаган ҳамкорлигимиз очилишнинг яққол мисоли. Биргаликда информацион майдонни бойитиш, журналистика сифатини ошириш ва энг муҳими, одамларга зарур маълумотлар етказишни хоҳлаймиз. Очилиш давом этиши керак. Бутун дунё кузатиб турибди. Лекин бу очилишдан аввало Ўзбекистон халқи ва ҳукумати манфаатдор.
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари

Теглар:Навбаҳор Имомова Америка Овози 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар