Навбаҳор Имомова Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига борган ва гувоҳномани қўлига олган.
“Qalampir.uz” 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида Навбаҳор Имомова билан учрашди. Журналист байрам муносабати билан Ўзбек миллий академик драма театрида бўлиб ўтган маросимда иштирок этди. У “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов билан суҳбатда аэропортдан қандай чиқиб олгани ва таассуротларини сўзлаб берди:
“Тошкент” халқаро аэропортида ўзгаришлар айтганингиздек жуда катта. Янги терминалдан кутиб олиндик, юкларимиз ҳам жуда тез чиқди. 15 дақиқа ўтар-ўтмас ташқарида эдим. Бу ўзгаришларнинг самарасидир.
“Қизил” ва “яшил” йўлак тизимидан ҳали фойдаланиб кўрмаганим учун Давлат божхона қўмитаси ходимидан тушунтириб беришини сўрадим. Ходим жуда тартиб билан йўлаклар ҳақида тушунтириш берди ва бу менга жуда маъқул келди”.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомовага мамлакатда доимий фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилган эди.
Навбаҳор Имомова кеча, 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига борган ва гувоҳномани қўлига олган. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар берди. “Гувоҳномам қўлимда! Янги давр”, деб изоҳ қолдиради журналист.
Навбаҳор Имомова айни дақиқаларда Бандлик ва меҳнат муносабатлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан миллий ва хорижий журналистлар, вазирликлар матбуот хизматлари ва Ўзбекистон Республикаси идоралари иштирокида “Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқининг тараққиётида ижтимоий медиа ва журналистик тадқиқотларнинг роли” мавзусида тренинг ва халқаро конференцияда иштирок этмоқда.