Хўш, ушбу таклиф журналист томонидан қандай қабул қилинди? У Ўзбекистонга қайтадими?
Ўзбекистонда тарихида илк бор Америка ОАВ ходимига доимий равишда эркин фаолият юритиши учун рухсатнома берилди.
Навбаҳор Имомова Ўзбекистон ҳақидаги танқидий кўрсатувлари билан танилган. Айниқса, мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти даврида тайёрлаган кўрсатувлари Ўзбекистонда анча шов-шувларга сабаб бўлганди.
Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи давомида журналистлар билан мулоқот қилди. Ушбу мулоқот чоғида Навбаҳор Имомованинг саволига жавоб бериб, уни мамлакатга чақирди.
Хўш, ушбу таклиф журналист томонидан қандай қабул қилинди? У Ўзбекистонга қайтадими? Ҳукуматдаги ўзгаришлар унинг Ўзбекистон ҳақидаги қарашларини ўзгартирдими? “Qalampir.uz” АҚШда фаолият олиб бораётган журналист Навбаҳор Имомова билан суҳбат уюштирди. Журналист уни ёқтирмайдиган ҳақида шундай дейди:
“Кимдир сизни ёқтирмайди, дейишса куламан. Чунки мени шахсан ёқтиришлари шарт эмас. Ишонишлари керак. Мутахассис сифатида ҳурмат қилишлари керак. Бугунги эътибор ортида ҳам айнан ишонч ва ҳурмат ётганини биламан. Ҳукумат биладики, ниятим холис. Фаолиятим ҳамманинг кўзи олдида, ва у Ўзбекистонга қарши қаратилмаган, аксинча, мамлакатдаги муҳим жараёнларни таҳлил қилиб, уни кенг омма эътиборига олиб чиқиб, мамлакат равнақи учун ҳисса қўшаман. Журналистнинг вазифаси шу”.
Маълумот ўрнида, Навбаҳор Имомова Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида туғилган. Журналистикадаги фаолиятини 90-йиллар ўрталарида бошлаган Имомова маълум муддат Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам дарс берган.
Интервьюни тез орада “Qalampir.uz” интернет нашрида ўқишингиз мумкин.