Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро Гулсара Содиқова хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳануз уйининг томини таъмирлаб бермаётганини маълум қилди.
Бир неча йилдан буён уйининг томидан чакка ўтаётган Содиқова томни таъмирлаб беришларини сўраб, “Шавкат ота қизлари Санобар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати маъмуриятига арз қилади. Натижа бўлавермагач ўз шикоятини фейсбук орқали баён қилган Гулсара Содиқованинг муаммосини ҳал қилиш мақсадида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимияти ва “Шавкат ота қизлари Санобар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига мурожаат қилган эдик. Ширкат раиси Шокир Ҳикматов айни дамда томга целофан қопланганини айтиб, 10 кун муддат ичида том буткул таъмирланишини ваъда қилганди. Бугун хонадон эгаси Гулсара Содиқова бизга қўнғироқ қилиб, таъмирлаш ишларидан дарак йўқлигини, ёғингарчилик оқибатида, уйида ҳатто тунаб қололмаётганини маълум қилди. “Раис 10 кун ичида томни тўлиқ таъмирлаб берамиз, деган эди. Лекин, ҳали-бери муаммом ўз ечимини топадиганга ўхшамайди” – дейди Содиқова.
Ширкат раиси ваъда қилган муддат тугашига яна 2 кун бор. Кўрамиз, масаланинг охири қандай ечим топаркин?