...
МЕНЮ
ONLINE TV

Зангиота туманидаги кўп қаватли уйнинг томини таъмирлаш ўрнига целофан қоплашди


15:00, 04.11.2015 Жамият
 4 623

Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи Гулсара Содиқова уйининг томини 3 йилдан буён таъмирлаб бермаётганлари сабаб Потребитель.уз гуруҳига ўз шикоятини ёзиб қолдирди.

   Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас. Ислоҳотлар – аввало инсон ва унинг манфаатлари учун.

Ислом Каримов

   Facebook.com ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Элдор Бек Юлдашев Потребитель.уз гуруҳига Тошкент вилояти Зангиота тумани Госнити кўчаси 4 уй 62 хонадонда истиқомат қилувчи холаси Гулсара Содиқованинг шикоятларини ёзиб қолдирди. Шикоятда келтирилишича 1956 йилда туғилган нафақадаги ҳамшира Гулсара Содиқова “Шавкат ота қизлари Санобар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли тўрт қаватли уйларнинг тўртинчи қаватида яшайди. Бир неча йилдирки куз-қиш мавсуми келиб ёғингарчилик бошланди дегунча Г.Содиқова яшайдиган уйнинг томидан чакка ўтади. Коммунал тўловлардан қарздорлик ҳолати йўқлигини айтиб, томни таъмирлаб беришларини сўраган фуқаро Содиқова ширкат маъмуриятидан бир неча бор рад жавобини олади.

   Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Потребилтель.уз гуруҳига холаси билан боғлиқ бу воқеани ёзиб қолдирган Элдор Бек Юлдашев билан боғланишга ҳаракат қилдик.
   Элдор Бек Юлдашев:
— Мана уч йилдирки куз-қиш мавсуми келди дегунча холамнинг уйларидан чакка ўтади. Коммунал тўловлар ва ширкатдан қарзлари йўқлиги учун бир неча бор томни таъмирлаб беринглар деб ширкатга ариза ташладилар. Ширкат масъуллари эса айни пайтда ҳисоб рақамида пуллари йўқлигини рўкач қилиб, томни таъмирлаб бера олмасликларини айтишди. Ёғингарчилик пайтида томдан тинимсиз сув оқиши электр энергияси тармоқларига ҳам ўз таъсири ўтказмай қолмаяпти. Совуқ, чакка ўтиб турган уйда яшаш етмагандек, холам энди чироқсиз ўтиришга мажбур бўляптилар.

   Элдор Бек Юлдашевнинг интернет орқали тақдим тақдим этган суратларини кўра туриб, улар айтаётган гаплар шунчаки тўқима эмаслигини, вазият ҳақиқатдан ҳам жиддийлигини тушуниб, мазкур масала юзасидан Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимиятига мурожаат қилдик. Ўз исмини ошкор этишни истамаган ҳокимият мутахассиси “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра ширкатлар ўзини-ўзи бошқариш органи саналиб, унинг ишларига ҳокимият аралаша олмаслигини, бироқ фуқаро Г.Содиқова ҳокимиятга мурожаат қилган тақдирда, унга йўл йўриқ кўрсатиб, ёрдам қилишлари мумкинлигини маълум қилди. “Ҳамма айб фуқароларнинг ўзида, улар ўз ҳуқуқларини билмайдилар. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисини эса ўзлари сайлайдилар, демак у ўз ишини қандай бажараётганини назорат қилишга ҳам ҳақлилар. Бордию ширкат иш фаолиятидан қониқмасалар ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари мумкин.” – дейди ўз исмини яширган мутахассис.

   Биз “Шавкат ота қизлари Санобар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Шокир Ҳикматов ва Тошкент вилояти Зангиота тумани Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси раҳбари Шакарбай Юсупов билан боғландик.
   Шокир Ҳикматов, “Шавкат ота қизлари Санобар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси:

— Гулсара Содиқованинг шикоятларини ўрганиб чиқиб, биз улардан 10 кун вақт сўраган эдик. Ширкатга қарашли уйларда яшайдиган аҳолининг коммунал тўловлардан қарзлари жуда кўплиги сабаб, ширкат ҳисоб рақами вақтинча музлатилган эди. Шунинг учун таъмирлаш ишлари бироз чўзилиб кетди. Кечагина таъмирлаш ишлари бошланиб, том целофан билан қопланди. Кунлар бироз исиб кетгандан сўнг таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилади.
 
Қани айтингчи, шунча йил кутганимиз етмагандек, тўлиқ таъмирлаш ўрнига целофан қоплаб беришлари тўғрими? Целофан устидан хонадонимга чакка ўтмайди деб ким кафолат беради?
   Бу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Гулсара Содиқовага қўнғироқ қилдик.
Гулсара Содиқова:
— Жорий йилнинг январ ойида ёзган аризамдан сўнг ширкат раиси томни шу йил кузга бормай таъмирлаб беришни ваъда қилган эди. Бироқ, у ваъдасининг устидан чиқмагач жияним facebook.com ижтимоий тармоғидаги Потребитель.уз гуруҳига хабар қолдирибди. Охир-оқибат ширкат ходимлари кеча уйнинг томини целофан билан ёпиб беришди. Қани айтингчи, шунча йил кутганимиз етмагандек, тўлиқ таъмирлаш ўрнига целофан қоплаб беришлари тўғрими? Целофан устидан хонадонимга чакка ўтмайди деб ким кафолат беради? Ширкат раиси эса ҳамон бошқа қўшниларимнинг коммунал тўловлардан қарзи борлигини, шунинг учун ширкат ҳисоб рақамида пул йўқлигини айтяпти. Қўшниларнинг қарзи деб мен азият чекишим инсофданми? Ахир мен ҳамма коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб келаман-ку. Бу масала целофан қоплаш билан ниҳоясига етмайди деб умид қиламан. Ширкат ходимларининг масъулиятсизлиги деб, бугун хонадонимнинг таъмири ҳам ачинарли ҳолга етиб келган.

   Мамлакатимизда бугун аҳоли фаровонлиги ва турар-жой бинолари, маҳаллалар ободлигига алоҳида эътибор қаратилиб, қатор қонун хужжатлари қабул қилиняпти. “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва “Кексаларни эъзозлаш йили давлат дастури”да ҳам юқоридаги сўзларимиз ўз исботини топган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 июлдаги ПҚ-2367 сонли “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам қилиниши керак бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган. Аммо, бу қонунлар ва қарорларнинг моҳиятини тушунмай, ўз вазифасини суистеъмол қилиб, охир-оқибат фуқаролар норозилигига сабаб бўлаётган айрим кимсаларнинг масъулиятсизлиги деб Гулсара Содиқова каби фуқаролар азият чекишяпти.

   Ширкат маъмурияти ва масалага алоқадор бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимларининг гапларига қулоқ тутгач, ҳар ким ўз ишини, вақтида, ситқидилдан бажарганда эди, фуқаро Г.Содиқованинг уйи бу даражага етиб келмаган бўлармиди деган фикрга келдик? Кўрамиз, ширкат маъмурияти ваъдага вафо қилиб, уйнинг томини тўлиқ таъмирлаб берармикан ёки аравани қуруқ олиб қочадими? Воқеа тафсилотларини www.qalampir.uz да кузатинг! Эслатиб ўтамиз, мақола 2015 йил 4 ноябр ҳолатига кўра ёзилди.
Қамариддин Шайхов

Теглар:Зангиота Гулсара Содиқова Шикоят 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар