Суд қарорларига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, вақтинча олиб қўйилган уяли алоқа воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Келес” темир-йўл чегара божхона пости ходимлари “Москва-Тошкент” йўналиши билан кириб келган фуқаро С.Ниёзовнинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юкларини текширилганда, 240 дона муқаддам фойдаланилган турли хил уяли алоқа воситалари борлиги маълум бўлди. Божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим этилмаган қиймати мазкур уяли алоқа воситаларининг умумий қиймати 2,5 млн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хабар бермоқда.
Ушбу аниқланган ҳолат юзасидан туман суди қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаларига асосан уяли алоқа воситалари давлат эгалигига мусодара қилиниб, маъмурий жарима тайинланган.
Шунингдек, “Новосибирск-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездида кириб келган фуқаро Р.Норов қиймати салкам 8,5 млн сўмлик 282 та муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситаларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатишмасдан, божхона ходимларининг оғзаки сўровида айтмасдан олиб ўтишга уринган.
Худди шунга ўхшаш ҳолат “Свердловск-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездда келган фуқаро Ғ.Кабиров билан ҳам такрорланган. У 240 дона муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситаларини божхона назоратидан яширган ҳолда олиб келаётганлиги аниқланган. Телефонларнинг умумий қиймати 4,5 млн сўмни ташкил этган.
Суд қарорларига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, вақтинча олиб қўйилган уяли алоқа воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Маълумот учун, 2016 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 24 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 16 млн сўмдан ортиқ бўлган салкам 900 та радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.