...
МЕНЮ
ONLINE TV

Абдулазиз Абдуллаев: “Китобхонликнинг ўсиши – шахснинг маънавий ва ахлоқий юксалиши омилидир”


18:02, 17.02.2017 Жамият
 3 056

Болаларни китобга ошно қилиш, уларни ўқишга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсмирлар ва ёшлар онгига китоб мутолааси ўз мақсадига эришиш ҳамда жамиятга ижтимоий мослашишда таъсирчан ва нуфузли восита эканлигини сингдириш бугунги кундаги долзарб вазифадир.

Баркамол авлодни вояга етказишда китобнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс. Бинобарин, айнан мутолаа инсонга билим ва ахборот беради, унинг маънавий оламини бойитади. Яхши китоб энг мураккаб саволларга жавоб топишда беминнат дастёрдир.
 
“NOP World” халқаро рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, дунёда одамлар ҳафтасига 16,6 соат вақтини телевизор кўришга сарфласа, 8,9 соатни компьютер қаршисида ўтказади, 6,5 соатни эса мутолаага ажратади. 2016 йилда ҳафтасига энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар рўйхатида Ҳиндистон — 10,7, Таиланд — 9,4, Хитой — 8, Филиппин — 7,6, Чехия — 7,4, Россия — 7,1, Швеция — 6,9, Франция — 6,9 ва Венгрия — 6,8 соат билан юқори ўринларни эгаллади.
 
Ноширлик фаолияти ривожланиб, китоб мутолааси янада оммалашиб бораётгани мулоқотнинг аудио, видео воситалари, радио, телевидение, ахборот-коммуникация тармоқлари ҳаётимиздан чуқур ўрин эгаллаши билан одамларда китоб ўқишга қизиқиш йўқолади, деган фикр хато эканлигини кўрсатмоқда. Шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг янги турлари пайдо бўлиши натижасида китобхонлик бирмунча пасайган бўлса-да, матбуот одамларда китоб мутолаасига қизиқишни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
 
Қатор агентликларнинг жаҳонда китобга бўлган талабни ўрганиши шуни кўрсатдики, сўнгги 30 йилда бир номдаги китоб маҳсулотларини чиқариш уч баравар, адади бўйича 4 баравар кўпайди. Бугунги кунда -дунёда ҳар йили қарийб бир миллион номда китоблар чоп этилади. Масалан, АҚШда киши бошига 10 та, Россияда 9,5 та, Францияда 5 та, Хитойда 3,5 та китоб босилмоқда.
 
Мамлакатимизда ноширлик ишининг замонавий ҳуқуқий асослари яратилган. Ўтган давр мобайнида 10 дан ортиқ қонунлар, 30 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. 1 минг 677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатига олинди. Илғор технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс марказлари аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари ҳамда “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари томонидан эса китоб савдоси хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китобларини кўп минг нусхада нашр этмоқда.
 
Бугунги кунда жамиятда китобнинг маънавий ҳамда ахлоқий озуқа, маданият ва тил равнақи учун асосий манба, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган интеллектуал мерос сифатида мавқеи ҳамда аҳамиятини сақлаш ва ҳатто тиклашга эҳтиёж сезилаяпти. Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини пухта ўйланган тизим асосида ташкил этиш лозим. Бундан ташқари, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини рағбатлантириш керак.
 
Мутолаага қизиқиш сусайиши, ўз навбатида, аҳоли саводхонлиги даражаси пасайиши жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши учун катта таҳдидлардан саналади. Шунинг учун ҳам кўплаб ривожланган мамлакатларда бу салбий ҳолатнинг олдини олишга қарши қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Умуммиллий комплекс дастурлар ишлаб чиқилаётир. Уларда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, кутубхоналар, таълим муассасалари, таълим, илм-фан ва тадбиркорлик субъектлари, соҳадаги фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларни кўриш кўзда тутилади. Бунда китобхонликнинг қадри ва аҳамияти ҳақида ижтимоий онгни шакллантириш, аҳоли турли қатлами ўртасида мутолаа маданиятини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш, ноширлик фаолиятини такомиллаштириш, жамиятнинг интеллектуал, маънавий ва маданий эҳтиёжларига тўлиқ жавоб берадиган китоб бозорини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунё тажрибасига кўра, бундай мақсадли дастурлар ҳамда концепциялар қабул қилиниши ижобий натижа беради.
 
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада юзага келган муаммоларни комплекс ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда махсус ишчи гуруҳ Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу жараёнда китобхонликни оммалаштириш, унга болалар ва ёшларни китобга ошно қилиш, республикамиз кутубхоналарида мутолаани рағбатлантириш, китобхонлик ва китоб савдосини ривожлантириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, китоб ўқиш ҳолатини мониторинг қилиш бўйича чора-тадбирларга алоҳида урғу берилмоқда.
 
Китобхонликни оммалаштириш мақсадида кенг аҳоли қатламини китоб мутолаасига жалб қилиш ва уларни китоб билан таъминлаш бўйича оммавий тадбирлар, хайрия акцияларини ташкил этиш, ижтимоий рекламалардан унумли фойдаланиш, ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг, таниқли муаллифларнинг мумтоз ва замонавий бадиий асарларини тарғиб қилиш, ушбу соҳада жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кўнгиллилар (волонтёрлик) ҳаракатини ривожлантириш, китобхонлик муаммосининг кенг жамоатчилик муҳокамасини, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этиш бўйича аниқ ишлар олиб борилиши кўзда тутилаётир.
 
Шуни қайд этиш керакки, болаларни китобга ошно қилиш, уларни ўқишга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсмирлар ва ёшлар онгига китоб мутолааси ўз мақсадига эришиш ҳамда жамиятга ижтимоий мослашишда таъсирчан ва нуфузли восита эканлигини сингдириш бугунги кундаги долзарб вазифалардан саналади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, дастурга болалар ҳамда ўсмирлар учун китоб нашр қилиниши, шу жумладан, махсус электрон китоблар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, болалар ва мактаб кутубхоналари фондларини модернизациялаш ҳамда янада яхшилаш, болалар ва ўсмирларнинг кутубхоналар, мактабдан ташқари ҳамда ёзги мутолааларини рағбатлантириш, оилавий китобхонлик анъаналарини тиклаш ва оммалаштириш, болалар ҳамда ўсмирлар адабиётининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, ўз она -тилида китоб ўқишни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар киритилмоқда.
 
Кутубхоналар янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, китоб фондини янада яхшилаш ҳисобига модернизация қилинади. Узоқ аҳоли пунктларида яшайдиган ҳамда кутубхоналарга бориш имконияти чекланган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида кўчма кутубхона хизматини ривожлантириш, кутубхоналараро абономент ва ҳужжатларни электрон етказиб беришни, кутубхона ресурсларидан масофавий фойдаланишни йўлга қўйиш, ушбу зиё масканларида индивидуал, гуруҳ ҳамда оммавий китобхонликни тизимли равишда ташкил қилишни ривожлантириш, мутолаа маданиятини тарбиялаш, юксак бадиий асарларга ошно тутинтириш, мамлакатимиздаги кутубхоналар имижини яхшилаш бўйича аниқ механизмлар таклиф этилаяпти.
 
Китобхонлик ва китоб савдосини янада ривожлантириш мақсадида ижтимоий аҳамиятга эга адабиёт маҳсулотлари нашр этилишини рағбатлантириш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг босма маҳсулотлардан фойдаланиши учун қулай шароит яратиш, китоб савдоси ва нашрларни харидорга етказишнинг турли шаклларини ривожлантириш, мутолаани оммалаштиришда фаол иштирок этаётган китоб чоп қилиш ҳамда сотиш билан шуғулланадиган ташкилотларни рағбатлантириш ҳам кўзда тутилаяпти.
 
Соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ҳамда мутолаа инфратузилмасини ривожлантириш, китоб маданияти тарихи ва замонавий тенденциялари ҳақида фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш, аҳоли турли қатлами, айниқса, китоб мутолаасидан бирмунча йироқ бўлганлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш стратегияси ҳамда тактикасини ишлаб чиқиш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади.
 
Бу чора-тадбирлар, аввало, аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга, кутубхоналарни янада янгилашга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган адабий асарлар сонини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, китоб маҳсулотлари тарқалиши ҳамда етказиб берилиши тизимини ривожлантиришга қаратилгандир.
 
Жамиятда китобхонликнинг ўсиши, аввало, шахснинг маънавий ва ахлоқий юксалиши омилидир. Бу эса халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ўсишига, инсон ресурслари сифати ошишига, республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда инновацион тараққиётига хизмат қилади.
Абдулазиз Абдуллаев,
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари 
ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва 
ривожлантириш жамоат фонди директори
 

Теглар:Абдулазиз Абдуллаев Китобхонлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар