Китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш мақсадида юртдошларимиз томонидан турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шундай фаол инсонлардан бири риштонлик Дилшоддир. Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда ўзининг ҳазиллари билан танилган “Дима Қаюм” тахаллуси билан маълумотлар қолдирувчи риштонлик тадбиркор китоб жавони ташкил этиш учун куймаланаётганига гувоҳ бўлган эдим.
Бугун, 21 октябрь куни асли исми Дилшод Болтабоев бўлган ёш тадбиркор ўзи фаолият олиб борадиган бозор ҳудудида китоб жавони ташкил этди. Ушбу жавондаги юздан ортиқ китоблар ижтимоий тармоқда фаол бўлган шахслар ҳамда Дилшод Болтабоевнинг ташаббуси билан тўпланган.
Дилшод Болтабоев китоблардан фойдаланиш барча учун бепул тарзда амалга оширилишини ва ушбу ижтимоий лойиҳадан фойда олишни мақсад қилмаганлигини таъкидлади.
Халқни китобга йўллашда шахсий ташаббуслар улкан аҳамиятга эга эканлигини “Дима Қаюм”дан ўрнак олиб бозорларда китоб жавонларини ташкил қиладиган одамларнинг шижоатида кўриш мумкин.
Аввалроқ, 8 октябрь куни бир қанча “китоб еганлар” иштирокида Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида янги акция ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.