Ёшлар бизда расман тан олинган ёзувчи, адибларни танимаяпти. Шубҳам борки, Аҳад Қаюм ҳақида савол бўлса шариллатиб айтиб беришарди. Демак, расмий адабиёт ўта расмийлашиб кетган ва у бу билан ёшларни бой бериб қўймоқда.
Ниҳоят “YOSH KITOBXON” танловининг 19 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги баҳслари ниҳоясига етди. Бу танлов, 14-19 ёшлилар ўртасидаги китобхонлик даражасини аниқ кўрсатиб берди. Аҳвол мақтангулик эмаслигини мендан кўра яхшироқ англадингиз: китобхонлик масаласида вазият биз ўйлаганимиздан-да оғир, жудаям оғир экан!
Албатта, ойдан тушмаганмиз, билардик, ўрта ҳисобда 2-3 минг нусхада чоп этилаётган бадиий асарлар билан 31 миллионлик халқ ўқимишли ва китобхон бўлиб қолмайди. Лекин ёшлар бизларга ҳар доим уқтириб келишган: сизга ўхшаб қоғоз китоб ўқимаймиз, биз электрон асарларни мутолаа қиламиз!
Бу танловдан англаган ҳақиқатим шу бўлдики, нафақат менинг болаларим, балки барча ёшлар барча ота-онани “интернатдан ўқияпман”, деб алдаб юрибди. Агар шу ёшлар интернатдан асар ўқишни билганида, у ердаги замонавий ижодкорлар ҳақидаги маълумотларни, жилла қурса, танловга тайёрланиш жараёнида бир қўр кўздан кечирган бўларди. Улар шуниям ўқимаган.
Агар танловнинг туман ва вилоят босқичлари, ўзимизга хос ҳайбаракаллачилик билан, юзаки ўтказилмаган бўлса, биз билимдон, ўқимишли деб юрган ёшларнинг китобхонлик даражаси ўта ачинарли ҳолатда экан. Бу миллат сифатида бизни ташвишга солиши лозим:
- миллат ва миллатнинг бугунги кун адабиёти бир-биридан ажралиб қолган;
- биз аслида китобхонликнинг ўзи нималигини ҳам унутиб қўйибмиз (иштирокчиларнинг аксарияти “бу дарсликларда йўқ эди”, деб эътироз билдирди, ҳолбуки танлов адабиёт бўйича фан олимпиадаси эмас, китобхонлик бўйича);
- биз ёшларга билим беришдан кўра кўпроқ гап гапиришни ўргатяпмиз, чамаси (ҳа, “иш билганга бир танга, гап билганга минг танга”, деган матал илгариям бўлган, барибир уларнинг камерага, демакки миллионлаб томошабинга боқиб, ёлғонни бу даражада гапириши барибир кишини ўйлантиради);
- ёшларимиз ўзига ишончни дўндириб қўяркан, ҳатто бу манманлик даражасигача кўтарилиб кетибди (дастлабки босқичда иштирокчилар анчайин катта гапиришувди. Танлов якунида, анчайин босилиб қолишди, дунё билимлари ўзлари ўқиган китоблардан иборат эмаслигини тушунишди, чамаси).
Йиғилганларнинг айримлари ёлғон, умумий гаплар билан вазиятдан чиқиб кетишга уринди. Кимдир Махтумқулини билмади (!). Ўлжас Сулаймон олдинига қорақалпоқ халқ шоири бўлди, сўнг мустақиллик даври ижод қилган ўзбек шоирига айланди. Исажон Султон эса шоир бўп чиқди. Эшқобил Шукурни умуман танишмагани ҳолда, камтарона қилиб, “халқ ёзувчиси”, деб қўя қолишди. Ёш китобхонларга учраган ёзувчи, шоир борки, ҳаммаси “намоянда” бўлаверди. Зиёлиларимиз сиғиниб юрган Кафка билан Жойсни ҳам танишмади. Майли, буларни кечириш мумкин, лекин Шукур Холмирзаевни билмаслик – бу энди уят…
Ёшлар бизда расман тан олинган ёзувчи, адибларни танимаяпти. Шубҳам борки, Аҳад Қаюм ҳақида савол бўлса шариллатиб айтиб беришарди. Демак, расмий адабиёт ўта расмийлашиб кетган ва у бу билан ёшларни бой бериб қўймоқда.
Албатта, қатнашчилар ёшлар, уларга кўп нарсалар кечирилиши мумкин-ку, лекин булар ўртага бутун бошли вилоят номидан гапириш учун чиқишган. Демак, шунга муносиб бўлишни талаб этишга ҳақлимиз.
Улар-ку майли, лекин айрим ҳолларда танлов ҳайъати аъзолари ҳам тўлақонли китобхон эмасликларини билдириб қўйишди:
- Исажон Султон кечагина қайсидир давлатдан, қайсидир асари учун мукофот олди!
Ҳайъат аъзоси ушбу ёзувчини билмаган китобхонни шундай гаплар билан уялтирди. У киши бу билан яна бир бор ўша ҳақиқатни исботлади – биз замонавий ёзувчиларимизни умуман билмаймиз, билишниям истамаймиз.
“Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, дейишади. Асл иситма мана шу бўлса керак-да. Буниям тушунган тушунади, тушунмаган, “иссиқлаб кетяпман”, деб устидан совуқ сув қуйиб юраверади.
Хўш, бу даражага қандай тушиб қолдик? Сабаблари нимада?
Назаримда, биз адабиётни анча жиддийлаштириб, расмийлаштириб юбордик. “Театр – тарбия маскани”, деган гапни байроқ қилиб, театрлардан томошабинни қочирганимиз каби (тарбия маскани бўлса, унга тарбия олиш учун тарбиясизлар бориши лозим бўлади-да), адабиётдан ҳам тарбия қидиравериб, ёшларни ундан бездирдик. Тушунадиган тан оладиган ва тарғиб этадиган вақт келди – адабиёт тарбия учун эмас, авваламбор эстетик завқ олиш учун, ҳордиқ чиқариш учун, кўнгил эҳтирослари, туйғуларини бир изга солиш учун мутолаа қилинади.
Иккинчидан, реклама охир оқибатда адабиётимизни хароб қилади. Ёшлар нега замонавий ёзувчиларни билмайди? (Ҳолбуки, улардан замонавий қўшиқчиларни сўраб кўринг, кийган кийимидан тортиб, кеча тушликка нима овқат еганигача айтиб бермаса, мен кафил.) Чунки реклама деган бало чиққанки, ҳеч ким ҳеч кимни текинга тарғиб қилиб қўйишни истамайди. Телевидениедагиларнинг ҳар қандай ҳолатдаги биринчи саволи шу бўлади – реклама бўлиб қолмайдими? Китоблар, ёзувчилар ҳақида гапириб, уларни тарғиб қилиб қўйишдан телевизорчилар чўчийди. Ёзувчиларнинг эса реклама учун пули йўқ (бечора ёзувчи ҳам вақти кетиб, асар ёзиб, ҳам уни ўз пулига чоп қилиб, реклама ҳам қилсинми? Ва буларнинг барчасидан мақсад – одамларнинг “нимага бунча кўп ёзасан, уялмайсанми?” деган маломатини эшитиш учунми? Ҳар нимадаям мантиқ бўлса маъқул!). Нашриётлар эса реклама учун пул сарфламайди, унинг ўрнига ё торт пишириш ҳақидаги китобларни ёки “Жаҳон адабиёти дурдонаси”, “Йигирманча аср асарлари”, деб совет тарғибот машинаси реклама қилиб берган адибларни чоп этишни маъқул кўради.
Учинчидан, бугун ўзбек адабиёти иккига бўлиниб қолди. Расман тан олинадиган ва кўп ўқилмайдиган адабиёт (Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон тимсолида); расмий доиралар тан олмайдиган, кўп ўқиладиган адабиёт (Нуриддин Исмоилов, Азамат Қоржововлар тимсолида). Албатта, адабиёт ранг-баранг бўлгани маъқул. Бироқ, айтилаётган ҳолат, адабиётнинг рангинлигини кўрсатмайди.
Тўртинчидан, ҳаммамиз ўзимизни ақлли санаб қолдик. Бошқани менсимаймиз. Гапимга ишонмасангиз, ҳамроҳингизнинг қилиқларига эътибор беринг! Унинг одатлари ё кулгингизни қистатади ёки асабингизга тегади. Тўғри-да, эркак кишиям йиллаб сериал томоша қилиши мумкинми? Бир тийинга қиммат сариқ матбуотни нега бунча берилиб ўқийди? Футбол томоша қилишга бало борми? Ундан кўра ўзинг чиқиб тўп тепганинг маъқул эмасми? – ҳар биримизнинг кўнглимиздан шунга ўхшаш гаплар ўтгани аниқ. Буларни нега айтяпман? Ўзимизни ақлли санаганимиз ҳолда, китоб ўқийдиганларни масхара қиладиган одат чиқардик-ку! Оғзимиз кўпириб, “китоб ўқигандан ёмонлик чиқмайди”, деймиз, лекин кўплаб китобларни “ёвузликни тарғиб қиляпти”, “халқнинг дидини ўтмаслаштириб юборяпти”, деб танқид, йўқ, маломат қиламиз. Уларни ўқиётганларни одам ўрнида кўрмаймиз. “Олди-қочди ўқиркан”, деб жамият нописандлик билан қараётган китобхонларга ёшларнинг ҳаваси келишига ишониш оғир.
Шундай экан, нима қилмоқ керак? Назаримда:
- адабиётга нисбатан сал эркинроқ муносабатда бўлаверайлик. Бундан ҳеч ким зарар кўрмайди. Детектив ўқиган ҳам, модернчи ҳам бир китобхон, уларнинг бирини оқил, иккинчисини нодонга чиқариш мақбул иш эмас;
- тан олишимизга тўғри келади, адабиётнинг ёмони бўлмайди. Ҳатто, жойи келганда “Декамерон”дан ҳам тарбия олиш мумкин;
- беғараз адабий танқидни ривожлантирмай, унинг оёқ-қўлини ечиб юбормай, тўлиқ эркинлик бермай адабиётни ривожлантириб бўлмайди. Белинскийсиз ҳеч қачон Гогол ҳам, Достоевский ҳам пайдо бўлмайди;
- компьютер орқали мутолаа ҳақидаги гапларга алданмайлик, унда энциклопедияни ўқиш мумкин, реферат ёзиш мумкин, лекин бадиий асарни электрон тарзда завқ-шавқ билан мутолаа қилиб бўлмайди. Бу противогаз орқали гул ҳидлаш билан баробар;
- адабиётни фақат тарбия ўчоғи, деб тарғиб этишни тўхтатиб, унинг эстетик завқ бериш вазифасини тан олишимизга ва унга шунга мос равишда муносабатда бўлишимизга тўғри керади.
Ёшлардан нолиш шарт эмас, дейишади. Кўп ёзишадики, қадимий Миср эҳромларида ҳам “ёшларимиз айниб кетяпти”, деган ёзувлар битилган экан… Ўйланиб қоламан, нега ўша мисрликларнинг жасадлари гўрда ётиш ўрнига, дунё музейларига тарқалиб кетган?!
Аслида, миллат китоб ўқимасаям бир нима бўп қолмайди. Ёшлигимизда “китоб ўқиб, қайси давлатни олиб берасан?” деб кўп айтишган. Тўғри айтишган, ҳеч қандай давлатни олиб беролмадик, лекин тан олайлик, қандай амалда бўлишимиздан қатъи назар ўқимишли кишининг олдида ҳар доим ўзимизни бир поғона пастга тушиб қолгандай ҳис этамиз. Хоҳлайсизми, йўқми, барибир кўп китоб ўқиган инсонни ғайриихтиёрий тарзда ҳурмат қилишга мажбурсиз. Чунки у ҳаётнинг илмларини биздан кўра кўпроқ билади.
Чунки у адабиёт ўқиган!
Умид қиламизки, танловнинг кейинги босқичида 20 ёшлилар ўқимишли миллат эканимизни исботлаб беради ва келажакка ишонч-у умидимизни оширади!