“Тадбиркор” на муаллифга қалам ҳақи тўлаган, на таҳририят ҳаражатларини сарфлаган ва на тегишли солиқларни тўлаган бўлади. Натижада ношир умид билан қадаган “уруғ” бошқа бировнинг “тупроғида” унади...
Китоб — аждодларнинг авлодларга буюк меъроси, маънавий-маърифий бойликлар манбаи. Китоб — тафаккур қанотидир, деган эди Ойбек домла.
Демакки, қаноти қайрилган тафаккур парвоз қила олмаслиги аён. Хўш, одамзоднинг интеллектуал салоҳиятини ақлнинг чексизлик осмонида учишга ундайдиган китобга қандай талаблар қўйилади. Бугунги мавзу мана шу ҳақда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида нашриёт-матбаа ҳамда китобсавдо тизимида бир қанча янгиликлар жорий этилди. Буларнинг барчаси китобхонлик маданиятини юксалтириш учун қилинган саъй-ҳаракатлардир.
Китобга ақлий меҳнатимизнинг меваси сифатида эҳтиром кўрсатишимиз — маданий белгининг нишонаси. Шундай бўлсада, аввало, у ишлаб чиқаришнинг маҳсули, яъни истеъмол маҳсулоти. Истеъмол бозорининг, айниқса бозор иқтисодиёти шароитидаги истеъмол бозорининг ўз қонунлари бор, у талаб ва таклиф мувозанати атрофида ҳаракат қилади.
Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, китоб айрим “ишбилармонлар” учун мўмай даромад воситаси бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ўз-ўзидан маълумки, “мўмай даромад” сўзининг ортида айрим ноқонуний ишларга ундовчи хатти-ҳаракатлар ҳам бўлиши мумкин.
Худога шукурки, китоб деб аталмиш зиё чашмасига ҳалқимиз ҳар доим зарурий эҳтиёж сифатида қараб келган. Бундан минг йиллар олдин, ҳали босмахоналар, нашриётлар бўлмаган пайтда ҳам китоблар ёзилган ва ўқилган, кундалик жиҳозларнинг аксарияти электрон шаклга ўтган ҳозирги кунда ҳам китоб мавжуд (“тирик”) ва худо хоҳласа, бундан кейин ҳам бўлади.
Демакки, китоб бозорида доимий талаб бор. Талаб эса таклифнинг пайдо бўлишига туртки! Ношир ўз маҳсулоти билан бу бозорга кириб боришни, унда муваффақитларга эришишни исташи табиий. Нашр этилган маҳсулот нафақат маънавий дунё мунчоғига яна бир марварид тизади, балки шу соҳа вакилларининг даромади, эртанги кунга ишончига, фаолиятидаги равнақ босқичларига айланади.
Тасаввур қилинг: адиб бадиий асар қоралади; таржимон ўзга халқнинг тилида ёзилган асарни бошқа тилга ўгириш учун ўша тил эгаси бўлган халқни бутун турмуш тарзини ўз онгу шуурига сингдириб, ажралиб чиққан дурдоналарини иккинчи тилда баён этди; шоирнинг кўнгил мулкини ажиб лутф ила сатрлар териб назмий асар яратди; минглаб ғунча лабини ўпган асаларилардек тўпловчи-ю тузувчилар ҳам интернет ҳамда кутубхона-ю архивлардан керакли маълумотларни моҳирлик билан жамлаб нашрга тайёрлади...
Китоб саҳифаланди, муҳаррир таҳрири-ю мусаҳҳиҳ имлоси, рассомлар безагидан чиқди, муқоваси ишланди. Дастлабки тираж белгиланиб оригинал макет босмахонага топширилди. Эндиги навбат — тайёр бўлган маҳсулотни истеъмол бозорига чиқариш. Бироқ...
Маҳсулотнинг биринчи заводи (партияси) сотилмасданоқ ноширни боши берк кўчага киритиб қўядиган “ишкал” содир бўлишига нима дейсиз?!
Китоб дўконлари расталарида паст сифатли, босмахонаси-ю “ношири” номаълум бўлган паст баҳоли “кўчирма маҳсулот” пайдо бўлади!
Китоб бозорида уни “ксерокопия” ёки “клон” дейишади. Бундан ҳолатлар аввал чоп этилиб, харидоргир бўлган, кейинроқ эса маълум сабабларга кўра қайта чоп этилмаган ёки нашр этилиши маълум муддатга чўзилиб қолган китоблар билан содир бўлади.
Ноқонуний маҳсулотнинг баҳоси арзонлиги кундай равшан. Уни ишлаб чиқарган “тадбиркор” на муаллифга қалам ҳақи тўлаган, на таҳририят ҳаражатларини сарфлаган ва на тегишли солиқларни тўлаган бўлади. Сифатсиз қоғоздан мавжуд стандартларга мутлақо зид бўлган маҳсулот тезда бозорни тўлдиради. Табиийки, истеъмолчилар ҳам маҳсулотни баҳосига қараб харид қиладилар. Натижада ношир умид билан қадаган “уруғ” бошқа бировнинг “тупроғида” унади...
Давлат Солиқ қўмитаси, Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг саъи-ҳаракатлари билан бундай “ксерокопия” маҳсулотлар савдосининг олди олиниб, белгиланган тартиб-қоидалар ўрнатилди ва ўрнатилмоқда, олди олинмоқда. Бироқ бу ноширлар учун катта муаммога айланган масалани таг-томири билан йўқотишга ожиз. Негаки, бозор қонуни мавжуд: талаб бор жойда таклиф пайдо бўлаверади...
Китобсавдосида юз бераётган бундай жиноятнинг ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишига ягона йўл бордек назаримда. Бу — китобхоннинг дидини ошириш!
Истеъмолчи китобга вақтинчалик эҳтиёж буюми сифатида қарар экан, юқорида тилга олинган уддабуронларнинг ошиғи олчи бўлиб қолаверади. Китоб — бир неча кишига бир неча йиллар мобайнида хизмат қилувчи маҳсулот.
Зеро, марҳум адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов айтганидек, яхши асар — йиллар, авлодлар синовидан ўтган асардир. Демакки, китоб ҳам худди шундай. Яхши китобнинг қадрини вақт аталмиш унсур тушира олмайди.
Қиссадан ҳисса шуки, китобхонларнинг дидини ошириш, уларни яхши, нодир адабиётларни танлай олишида кўмак берувчи айрим тавсиялар бериб ўтиш бугунги кун талаби.
Масалан:
- Аввало китобнинг муқовасига эътибор беринг, қаттиқ муқовали китобга ишлатилган картон қайрилган бўлмаслиги, ихчам, ички варақлари тикилган, ёнлари тўғри кесилган бўлиши даркор. Унда клей доғлари, муқовалаш воситалари қолдиқлари бўлмаслиги керак;
- Юмшоқ муқовали китобнинг клей қопламаси ёки симли чоклари китоб варақларини яхши тутган бўлиши лозим;
- Одатда 45–48 гр/м2 зичликка эга газет қоғози (сариқ қоғоз) вақтли нашрлар учун ишлатилади. Айрим китоб маҳсулотлари, асосан таркиби насрий мантдан иборат, суратсиз, безаксиз китобларга ҳам бундай қоғоз тури ишлатилади;
- Аксарият китобларнинг ички блоги 65–80 гр/м2 офсет қоғоздан (оқ қоғоз) тайёрланади ва шу оқ қоғозда қора рангли матн ва бошқа рангли сурат ҳамда безаклар аниқ-тиниқ бўлиши лозим;
- Китобнинг биринчи, иккинчи ва охирги бетларига (бундай варақларга тартиб рақами қўйилмайди) китобнинг “чиқиш ҳужжатлари” деб аталади. Биринчи титул вароғида китоб муаллифининг исм-шарифи, нашрнинг номи, остида тури (туркуми), қуйи қисмида эса нашриётнинг номи бўлмоғи лозим;
- Иккинчи варақда китобнинг қисқача мазмуни — аннотация, кутубхона қайдлари, тақризчилар, ишлаб чиқарувчи нашриёт-матбаа корхоналари ҳамда буюртмачилар ҳақида маълумотлар бўлади;
- Қуйи қисмида муаллифлик ҳуқуқини билдирувчи “©” белгиси бўлиши лозим;
- Китобнинг сўнгги вароғида эса муаллифларнинг исми шарифи, адабиётнинг номи, нашриёт ходимларининг мансаби ва исм-шарифлари, шунингдек, нашриёт ва босмахона манзили, унинг лицензия рақами, чоп этишга рухсат этилган сана, буюртма рақами, адади ва бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим.
- Китоб муқовасининг охирги бетида (орқа томонида) халқаро штрих — ISBN рақами ёзилган бўлади ва бу ҳар бир китоб учун алоҳида бўлиши шарт. Ушбу штрих кодни замонавий дўконларга ўрнатилган тўлов амалиёт мосламалари “ўқий” олади ва унда нашриёт ҳамда миллий кутубхона қайдномалари киритилган бўлади.
Эслатма: “қароқчилик” маҳсулотлари ношир маҳсулоти таннархидан паст баҳо бўлиши учун мавжуд талаб ва стандартларни четлаб ўтади ва натижада сифатсиз маҳсулот пайдо бўлади.
Азиз китобсевар дўстлар, асл моллар бироз қимматроқ бўлиши мумкин, унда пешона тер тўккан мутахассисларнинг ҳаққи бор. Китоб сотиб олаётганингизда мана шу гапларни ёдга олсангиз бас, қандай маҳсулот харид қилишингизни дидингиз белгилайди...