Ҳафтанинг иккинчи ярмида миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни – Ганя Усмонованинг тўйи шов-шувларга айланиб кетди.
Ноябрнинг сўнгги кунларини кузатган жорий ҳафта қатор муҳим ва долзарб воқеаларга бой бўлди. Улар билан қисқача таништирамиз.
27 ноябрь, душанба
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 28 ноябрь санасидан амалда қўлланиладиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсини эълон қилди.
Унга кўра, 1 АҚШ доллари 8095 сўм 88 тийин, 1 евро эса 9653 сўм 53 тийин этиб белгиланди.
Жорий йилнинг 20 ноябрь кунидан 25 декабригача кенг қамровли “Тозалаш-Антитеррор” комплекс умумпрофилактик ва тезкор тадбирлари ўтказилади. Пойтахтда жойлашган 960 та кафе-бар ва ресторанларнинг барчасида белгиланган муддатгача жиноятни олдини олишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, 2018 йил январь ойида Самарқандда Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуаси очилади.
Россия президенти Владимир Путин жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон “Меҳржон” хайрия фонди Васийлик кенгашининг аъзоси Галина Мельниковани халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларни мустаҳкамлаш, миллатлар ва ҳалқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ўзаро бойитиш борасидаги самарали фаолияти учун “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.
28 ноябрь, сешанба
Тошкент вилоятида фирибгарлик билан шуғулланувчи гуруҳ фош этилди. Гуруҳ асосчиси Янгийўл туманида истиқомат қилувчи 1979 йилда туғилган фуқаро Нуриддин Абулғозиев бўлиб, у уч нафар шериклари билан “Dilshod Avto Savdo” МЧЖни ташкил этган. Янги “Аҳмадбой” номи билан қўлга олинган фуқаронинг жиноят иши ҳақида батафсил мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Кирсан Илюмжинов Ўзбекистонга келди. Кирсан Илюмжинов Тошкентдаги болалар шахмат фестивалининг тантанали очилиш маросимида қатнашди.
2012 йил 13 январдан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келаётган Элёр Мажидович Ғаниев, бугун лавозимидан озод этилди.
Иқтисод фанлари доктори Галина Каримовна Саидова Ўзбекистон Республикаси Иқтисод вазири лавозимини собиқ Молия вазири Ботир Хўжаевга топширди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
29 ноябрь, чоршанба
Афғонистоннинг Kam Air хусусий авиакомпанияси Қобул-Тошкент йўналиши бўйича илк парвозни амалга оширди. Энди Афғонистон фуқаролари 90 дақиқа вақт оралиғида Ўзбекистонга учиб келиш имкониятига эга бўлишди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз ёшларидан бир гуруҳи “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланишди. Уларнинг рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири лавозимидан озод
этилган Элёр Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Сектор мудири лавозимида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.
Ноябрь ойи бошида Саудия Арабистонида коррупцияда айбланиб, қўлга олинган 11 нафар шаҳзода, 4 нафар вазирлар ва 38 нафар собиқ вазирлар, уларнинг ўринбосари ва бизнесменлар “қамоқ” сифатида беш юлдузли меҳмонхоналарда сақланаётган эди. Хориж манбаларидан бири “Ritz Carlton” меҳмонхонасига бориб, шаҳзодаларнинг ҳаёт тарзи акс этган фотосуратларни чоп этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигига вазир этиб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг собиқ вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов тайинланди.
“Afrosiyob” тезюрар поездида Самарқанддан келган бир гуруҳ туркиялик журналистларни “Бухоро” темир йўл вокзалида Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров ва бошқалар кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 29 ноябрь куни “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорни имзолади. Қарорга кўра, Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқаролар билан белгиланган тартибда ички ишлар органлари тизимида, шунингдек бошқа давлат органларида 5 йил давомида узлуксиз мажбурий хизмат ўтаб бериш ҳақида шартнома тузилади.
30 ноябрь, пайшанба
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура ва қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари юзасидан Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Давлат ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитасининг “Компьютерлаштириш ва геоинформацион технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш маркази” ДУК директори бўлиб ишлаган Фарҳод Ибрагимов “Mirzo Ulugbek Innovation Center” ахборот технологиялари ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ва жорий этиш Инновацион марказига раҳбар бўлди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси лицензия талабларини бузган яна бир хонандани лицензиясини олиб қўйди. Хонанда Хадича Қурбонова билан тузилган лицензия битимини бузгани учун унинг лицензияси тугатилган.
Алишер Усмоновнинг акаси Баҳодир Усмоновнинг қизи Ганя Усмонова турмушга чиқди. Маълумотларга қараганда, Усмонова теннисчи Важа Узоқовга турмушга чиққан. Батафсил мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
1 декабрь, жума
“Трансперенси интернешнл” коррупцияга қарши курашиш ташкилоти катта Александр Масляковни бюджет маблағлари билан боғлиқ коррупцияда гумонлаб, “Москва ёшлар маркази”, “Планета КВН” давлат унитар корхонаси раҳбари лавозимидан озод қилди.
1 декабрь – Қозоғистонда Биринчи Президент, яъни Нурсултон Назарбоев куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни табриклади.
Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди. Ушбу маросим АҚШнинг бош қароргоҳи Оқ уйда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили Давлат Дастури доирасида ҳамда 3 декабрь “Халқаро Ногиронлар куни” муносабати билан Тошкент шаҳрида байрам тадбири ташкил қилинди. Тошкент шаҳрида яшовчи 800 нафардан ортиқ имконияти чекланган фуқароларнинг иштирок этди.
2 декабрь, шанба
Сочи шаҳрида бўлиб ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши якунланди. Мазкур йиғилиш якунида ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумати раҳбарлари томонидан якуний ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди. Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган янги тиббиёт марказига ҳам борди. Шавкат Мирзиёев мамлакатида Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Президент матбуот хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, Комил Алламжонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби лавозимига тайинланди.
Шавкат Мирзиёв Тошкент иссиқлик электр станциясига борди. Ташриф чоғида давлат раҳбари иштирокида станциянинг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.
Аргентина полицияси “Барселона” клуби ҳужумчиси Лионель Мессининг акаси Матиас Мессини ноқонуний қурол олиб юрганлик ва одам ўлдирганликда гумон қилинаётгани сабабли қамаш учун ордер олди.