...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафта сарҳисоби: муҳокама майдонида Рамзан Қодиров, Ксения Собчак, Гулнора Каримова бўлди


20:07, 22.10.2017 Жамият
 6 664

Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артистлар, хонандалар, актёрлар ва қизиқчилар тўпланиб, пахта даласига бориб, пахта теришди.

Куз фаслининг ярим қисми ҳам ортда қолди. Якунига етиб бораётган ҳафта муҳим воқеаларга бой бўлди. Улар билан қисқа таништирамиз.
 
16 октябрь, душанба
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистонга келди. Қодиров Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидига келиб, устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига сайлангани муносабати билан табриклади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди.
 
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ташкилотга аъзо терма жамоаларнинг янгиланган рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 470 очко билан 76-поғонага жойлашди.
 
17 октябрь, сешанба
 
Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқандга ташриф уюштирди. Чеченистон раҳбари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва мақбарада тиловат қилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Жавад Зариф билан учрашди. Музокаралар якунида вазирлар томонидан Ўзбекистон ва Эрон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018–2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоланди.
 
18 октябрь, чоршанба
 
Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий қутлови ва ҳурматини Эрон президенти ва халқига етказган.
 
19 октябрь, пайшанба
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
 
Россиялик телебошловчи Ксения Собчак 2018 йилги президент сайловида иштирок этиши ҳақида эълон қилди. “Менинг исмим Ксения Собчак. Мен Россия президенти лавозимига даъвогарлик қиламан”, дейилади хабарда.
 
10-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брэкон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида бўлиб ўтган “Кембрия патрули” халқаро танловида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди. Мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашди. Унда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари илк бор қатнашди ва иккинчи ўринни қўлга киритди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” халқаро конференциясининг Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги иштирокчилар делегациясини қабул қилди.
 
Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агрепина Васильевна Шин янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигининг раҳбари этиб тайинланди.
 
20 октябрь, жума
 
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари — Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон адлия вазирлари, Хитой адлия вазири ўринбосари иштирок этди.
 
Бернда шу ҳафтада Гулнора Каримованинг жиноий иши билан шуғулланаётган Бош прокуратура иштирокида яширин муҳокамалар бошланди. АҚШ ва Нидерландия Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатилган 784 миллион доллари, яъни 800 миллион Швейцария франкининг катта қисмига эгалик қилиши мумкин.  
 
21 октябрь, шанба
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 октябрдаги қарорига мувофиқ Қаҳрамон Турсунович Арипов ҳамда Гулчеҳра Жўраевна Юлдашева Мактабгача таълим вазирининг ўринбосарлари этиб тайинлангани маълум қилинди.
 
Айни вақтда пахтакорлар тиним билмай ҳосилни ўз вақтида йиғиш учун ҳаракат қилишмоқда. Уларга бироз “дам” бериш мақсадида санъаткорлар иштирокида оммавий пахта йиғим-терим тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артистлар, хонандалар, актёрлар ва қизиқчилар тўпланиб, пахта даласига отланишди. Улар далада концерт тақдим этиш учун эмас, балки росманасига пахта териш учун боришди.
 
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги “Ўзбекконцерт” давлат муассаси раҳбари Азамат Ҳайдаров лавозимидан озод этилди. “Ўзбекконцерт” давлат муассаси бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида Одилбек Абдуқаҳҳоров иш бошлади
Дурдона Расулова 

Теглар:Ҳафта сарҳисоби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар