...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафта сарҳисоби: иш ҳақи ошади, Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифи, 3 опа-сингилнинг ўлими сабаби аниқланди, Шуҳрат Нуралиев вафот этди


18:30, 26.11.2017 Жамият
 6 121

Ҳар бир меҳмонхонада диний китоблар, жумладан, Библия, Қуръони карим ва ибодат қилиш учун жойнамоз ва Макка йўналишини кўрсатувчи белги бўлиши шарт этиб белгиланди.

Куз фаслининг сўнгги тўлиқ ҳафтаси ўз якунига етмоқда. Ўтаётган ҳафта бир қатор яхши хабарларга бой бўлди. Энг аввало иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар миқдорининг ошганлиги ҳақидаги хабар бир зумда тарқалишга улгурди. Шунингдек, бу ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташриф уюштирди.
 
20 ноябрь, душанба
Ўзбекистон аҳли учун энг муҳим ва ёқимли хушхабар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 20 ноябрь куни “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. 1 декабрдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 15% га оширилди.
 

“Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилди.
 
Ўзбекистондаги бир қатор муассасаларининг ахборот ресурсларига кибер ҳужумлар амалга оширилди. Жумладан, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Тошкент ҳокимияти, Давлат тест маркази сайтларига кун давомида киришнинг имкони бўлмади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бозорларни қиш-баҳор мавсумида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш кўламини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳўл мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилиш бўйича 2018 йилга мўлжалланган давлат буюртмасини шакллантириш вазифалари ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб 50 минг нусхада чоп этилди.
 

21 ноябрь, сешанба
Тошкент–Чирчиқ, яъни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги “Буюк ипак йўли” метро бекати ҳамда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган Жисмоний тарбия институти бекатини боғловчи 199-автобусининг қатновини йўлга қўйилди. Юнусобод тумани, аниқроғи “Универсам” бозори бекатидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрига 198-автобус қатнови йўл қўйилди.


21 ноябрь куни соат тахминан 22:23 лар атрофида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасига жўнаб кетди.
 
22 ноябрь, чоршанба
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига етиб борди. Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олишди.
 
Зимбабве давлати парламенти спикери Жейкоб Муденда Мугабе президентликдан истеъфо бергани ҳақида депутатларга билдирганини маълум қилди. Мугабенинг ўрнига вице-президент Эммерсон Мнангагва тайинланган.
 
Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида жойлашган “Gachon University Gil” деб номланган тиббиёт марказида Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутассадди ходимлари иштирокида келишувлар имзоланди.
 
Таниқли актёр Шуҳрат Нуралиев Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг жонлантириш бўлимида қандли диабет касаллиги асоратлари билан оламдан кўз юмди. 1980 йилда тавуллуд топган Шуҳрат Нуралиев оилали эди. У икки нафар қиз ва бир ўғилнинг меҳрибон отаси эди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари Агентлиги ҳамда Корея персонални ривожлантириш институти билан Кадрларни тайёрлаш ва бандлик даражасини қўллаб-қувватлаш дастури иловаси билан ўзаро Англашув тўғрисидаги меморандуми имзоланди.
 

Шайхонтоҳур туманида диний ақидапарастлик оқимнинг таъсирига тушган аёл — У. Узоқова қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 
 
23 ноябрь, пайшанба
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Миллий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Давлат раҳбари ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.
 
Пойтахтдаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига Япониянинг “Сока Гаккай” ташкилоти вице-президенти Кендзи Йосиго бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюришди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова ҳам иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Спорт паспорти тўғрисидаги низоми давлат рўйхатидан ўтказилди. Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублигини ва унинг спорт малакасини тасдиқлайди.
 
8 ноябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида кутилмаганда кетма-кет вафот этган 3 нафар вояга етмаган опа-сингиллар вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. 3 опа-сингил ўлимининг дастлабки сабаблари маълум бўлди. Суд тиббий экспертиза натижасига кўра, бир кун олдин дори воситаларини нотўғри истеъмол қилганликларидан вафот этишган. Батафсил мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
 
Наманган шаҳрининг “Янги аср” маҳалла фуқаролар йиғини, Марғилон кўчаси 218-уйда жойлашган “Неat Source Industry” хусусий корхонасига қарашли кўпикланган полиэтилен ишлаб чиқариш цехида йирик ёнғин юз берди. Оқибатда 2000 кв. метрдан ортиқ майдон олов ичида қолди. Корхонанинг 1 нафар ишчиси ҳалок бўлди.
 
24 ноябрь, жума
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашди.
 
Сооронбай Жээнбеков расман Қирғизистон президенти сифатида ўз фаолиятини бошлади. Жорий президент мамлакатнинг бешинчи президенти ҳисобланади.
 
Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси пойтахти мэриясига ташриф буюрди.  Давлат раҳбарини Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун кутиб олди. Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси пойтахти мэриясида фахрий меҳмонлар китобига ўзининг тилакларини ёзиб қолдирди. Шавкат Мирзиёевга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвони тантанали равишда топширилди.
 
Мисрнинг Синай ҳудудида жойлашган масжидда жума намози ўқилаётган пайтда портлаш юз берди. Полиция террорчилар айнан жума намози ўқилаётган пайтда портловчи ускунани ишга туширгани ҳақида маълумот берган. Теракт натижасида қурбонлар сони 235 нафарга етди. 120 га яқин одам яраланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи якунланди. Ушбу ташриф сиёсий, иқтисодий натижалари билан икки мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тарихидан муҳим ўрин эгаллаши ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар.
 
25 ноябрь, шанба
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан сайёҳлик хизматларини кўрсатиш бўйича янги давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Ўрнатилган янги қоидаларга кўра ҳар бир меҳмонхонада диний китоблар, жумладан, христианлар учун Библия, мусулмонлар учун Қуръони карим ва ибодат қилиш учун жойнамоз ва Макка йўналишини кўрсатувчи белги бўлиши шарт этиб белгиланган.
Дурдона Расулова 

Теглар:Ҳафта сарҳисоби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар