Ўзбекистон Республикаси Президенти олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритди.
13 ноябрдан 19 ноябргача бўлган вақт оралиғида Ўзбекистонда ҳам дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларнинг қисқача тафсилотини эътиборингизга ҳавола этамиз.
13 ноябрь, душанба
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Сочида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўртасида муҳокамалар ўтказилди. Давлат раҳбарлари 4 соатдан ортиқ вақт давомида музокаралар олиб боришган.Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик борасида фикр алмашилди.
Тошкентда “UNA records” бош директори, продюсер, бастакор ҳамда “Садо” ва “Наво” ансамблларининг асосчиси Владимир Валентинович Барамиков 69 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, бастакор узоқ давом этган хасталик сабаб вафот этган.
14 ноябрь, сешанба
Мадриднинг “Реал” жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду “Goal” интернет нашри ўтказган сўровномага кўра, “2017 йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилди. “Goal” ўқувчиларининг кўпчилиги “Йил футболчиси” номига “Ювентус” ва Италия терма жамоаси дарвозабони Жанлуижи Буффон, Лионель Месси ҳамда Лука Модрични лойиқ кўришган.
15 ноябрь, чоршанба
Жорий ҳафтанинг шов-шувли хабарига айланган воқеа айнан 15 ноябрда содир бўлди. 15 ноябрдан АИ-80 ва АИ-91 ёқилғи турларининг нархи ошди. АИ-80 бензин турининг бир литри 3800 сўм, АИ-91 бензин нархи 4300 сўм қилиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов илк бора Германия ишбилармонлар доираси олдида нутқ сўзлади. Абдулла Арипов Германия пойтахтида немис-ўзбек бизнес форумини очиб берди.
Тошкент шаҳрининг қоқ маркази, Чорсу бозори атрофидаги собиқ “ГУМ” биносида иш бошлаган собиқ “Turkuaz” — Тошкент савдо маркази сифатида янгидан иш бошлади. Очилиш маросими муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
16 ноябрь, пайшанба
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасининг марказида жойлашган Уганда ва Кения мамлакатларида хавфли касаллик тарқалганини эълон қилинди. “Марбург эпидемияси” деб номланган вирусли касалликнинг тарқалиш ҳудуди кенгаймоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Тошкент бозорларида 1–30 ноябрь кунлари учун маҳсулотларнинг алоҳида турларига энг юқори чекланган нархлар белгилади. Уларнинг рўйхатини мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Ўтган ҳафта сўнггида ижтимоий тармоқлар орқали 4 ёшли қизча калтакланган ва хўрлангани тасвирланган видео тарқалиб, катта шов-шувларга айланганди. Қизалоқни калтаклаган ота қамоққа олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорга асосан Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасигаёқ эълон қилиниши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитурентлар тест синовлари топширмайди. Улар фақат ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинади.
17 ноябрь, жума
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сергели туманида қурилган янги уйларни бориб кўрди.
18 ноябрь, шанба
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Тошкент осмони узра давлат байроғини ҳилпиратиб учириб юрган AS-350 русумидаги иккита вертолёт пойтахтнинг Махтумқули кўчаси устидан учиб бориб Амир Темур майдони устидан айланиб ўтди ва парвозни Юнусобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманларининг қолган айрим қисмида давом эттирди.
19 ноябрь, якшанба
Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўзининг Instagram’даги саҳифаси орқали Ўзбекистонга ташрифи ва Шавкат Мирзиёевнинг “жамоаси” ҳақида ўз фикрларини битган постни жойлаштирди. Рамзан Қодиров Шавкат Мирзиёевни сараланган ва ҳамфикрли ёшлардан иборат жамоага эга, дея фикр билдирган.
П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежида май ойида юз берган воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан жиноят иши очилиб, айбдор жазога тортилди. Июнь ойида пойтахтдаги истироҳат боғларида намойишлар ўтказилган эди. Жасур Иброҳимовнинг вафотидан сўнг жиноятчилар жазоланиши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали одамларни намойишгага чақирган Ирина Шоҳназарова 15 суткага ҳибсга олинди. Унга энг кам иш ҳақининг 50 баробари (қарийб 7 ярим миллион сўм) миқдорида жарима солинган.