...
МЕНЮ
ONLINE TV

Уч маротаба ўлимдан омон қолган 106 ёшли ўзбекистонлик уруш фахрийси ҳаж қилди


16:51, 02.09.2017 Жамият
 3 504

106 ёшли Иброҳим Убайдулло ҳақида Саудия Арабистони нашрларида мақолалар чоп этилмоқда.

Айни кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори ўзбекистонлик ҳожилар ҳам ҳаж ибодатини адо этмоқда. Юртдошларимиз сафида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг борлиги барчанинг эътиборини тортмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу йил 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси имтиёзли равишда ҳаж сафарига юборилди. Тўқсондан ошиб, юз билан юзлашган нуронийларнинг ҳар бирига алоҳида шифокор ва оила аъзоларидан бир киши ҳамроҳ қилиб бириктирилди.
 
Бу Саудия Арабистони жамоатчилигида, ҳажга келган бошқа давлатлар вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистонда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида маҳаллий матбуот нашрларида қатор мақолалар чоп этилди.
 
Масалан, “Уккоз” газетасида “Уруш қаҳрамонлари”, “Макка” газетасида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳожилар” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.
 
“Уруш қаҳрамонлари” мақоласида бундай дейилади:
 
“Уруш қаҳрамонлари”. Уларни ўз юртида шундай аташади. Уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни улар учун байрамлар ташкил этилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатиб, бепул даволаниш, барча қулайликларга эга бўлган уй-жойлар бериш, томорқа ажратиш ва автомобиллар ҳадя этиш каби хайрли ишлар қилмоқда”.
 
“Уккоз” газетасининг махсус мухбири Намим Ҳаким “Ўзбеклар фахри” Гитлерга қарши фронт жабҳаларидан Арофат майдонига етиб келди” сарлавҳаси остида бир неча нуронийлар ҳаётини ҳикоя қилди.
 
“Бундан 26 йил аввал мустақилликка эришган Ўзбекистонда бугунги кунда 1 минг 300 га яқин уруш фахрийси яшайди. Уларнинг ёши 90-108 атрофида. Одамлар уруш қатнашчиларини “Ўзбеклар фахри” деб эъзозлайди. Зеро, улар фашистлар армиясини тор-мор этишга улкан ҳисса қўшган. Берлингача бориб, душман устидан ғалаба қозонишда ўрнак кўрсатган ва ғалаба кунига етиб келган.
 
72 йил аввал тугаган бу урушда қатнашган кўпчилик вафот этди. Улардан жуда озчилиги ҳозир ҳаёт. Биз уларнинг тарихий ҳикояларини баён қиламиз”, дейилади мақолада.
 
“Уруш фахрийси ҳаж қилиш учун уч маротаба ўлимдан омон қолди”
 
“106 ёшли Иброҳим Убайдулло уч маротаба ўлимдан омон қолган. Урушда махфий операцияни амалга ошириш учун кетаётганда душман самолёти уларни ўққа тутади. Шунда жангчилардан фақат ўзи омон қолганини билиб Оллоҳга ҳамдлар айтади.
 
Навбатдаги муҳим топшириқдан жамоаси олдига қайтганида фақат унинг тирик қолганини кўриб командир ундан шубҳаланади. Уни сўроқ қилиб турганида душман яна ўққа тутади. Немис мергани командирни ярадор қилади. Иброҳим Убайдулло иккинчи маротаба ўлимдан қутулиб қолади.
 
“Оллоҳ таоло менга узоқ умр бериб, муқаддас жойларни зиёрат қилиш ҳамда Арофатда туришни насиб қилди”, дейди Иброҳим ота.
 
Ёши улуғ уруш фахрийси ўзбекистонлик ҳожилар билан Маккага келди. Ўзига, кексаларга кўрсатилган ғамхўрлик учун Президентини, давлатини дуо қилмоқда”, дейилади газетада.
 
Бундай мақолалар кўп. Уларда Ўзбекистонда ислом дини ривожига катта эътибор қаратилаётгани, бу соҳада илмий-тадқиқот марказлари бунёд этилаётгани, мусулмонларга барча шароит яратилаётгани таъкидланган. 

Теглар:Иброҳим Убайдулло Ҳаж 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар