Браконьерлар балиқ овлашда Ўзбекистоннинг табиатни асраш қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган электр қармоқдан фойдаланишган.
Хусусан, Cирдарё ва Амударё вилоятларидаги тақиқ муддати 10 мартдан 31 майга қадар деб белгиланганди.
Бироқ тақиққа қарамай, қонунбузарликлар аниқланмоқда.
14 март куни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат биологик назорати инспекцияси ва "Балиқчи" ОАЖ хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда рейд ўтказишди.
Текширувлар чоғида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани ҳудудида балиқ овланиши ҳолати аниқланди.
Браконьерлар балиқ овлашда Ўзбекистоннинг табиатни асраш қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган электр қармоқдан фойдаланишган. Ушбу қармоқ балиқ овлашнинг энг зарарли ва хавфли усулларидан бири саналади.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат биологик назорати инспекторлари берган маълумотларга кўра, браконьерлар шу қонунбузарликлари билан давлатга 42 миллион сўмлик зарар етказишган. Улар тутган оқ амур, зоғорабалиқ, товонбалиқ, дўнгпешана каби балиқ турларидан иборат 90 кг. балиқ мусодара қилинган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тақиқни бузган фуқароларга нисбатан чора кўриш, уларни жавобгарликка тортиш ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддасига асосан улар томондан етказилган зарарни ундириш бўйича прокуратурага топшириш учун материаллар тайёрланмоқда.
Браконьерлар томонидан ноқонуний равишда овланган балиқлар мутасадди ташкилотларнинг қарорига биноан 15 март куни Тошкентдаги Хлебушкина номидаги 22-сонли болалар уйига топширилди.
Эслатиб зтамиз, тақиқ 2017 йилнинг 1 июнига қадар давом этади.