Камералар қоидабузарликларни қайд этишни бошлаган иккинчи кунданоқ ижтимоий тармоқларда ушбу тизим бекор қилингани ҳақида турли маълумотлар тарқалиб кетди.
Биз ушбу миш-мишларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ЙҲХБ Компьютерлаштирилган бошқарув тизими бошлиғи, подполковник Шуҳрат Муродов билан боғландик.
— Камералар фаолияти тўхтатилди, деган гап-сўзларни тасдиқлай оласизми?
— Камералар фаолияти тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар бизгача етиб келди, лекин бу ҳеч қандай асосга эга эмас. Тошкент шаҳрига ўрнатилган камералар узлуксиз ишлаб турибди, қоидабузарликларни аниқлаяпти.
— Камералар ўрнатилгач, бир суткада 10 мингга яқин қоидабузарликлар қайд этилди. Ҳозиргача яна нечта қоидабузарлик аниқланди?
— 2017 йил 17 март соат 23:59га қадар олинган маълумотларга кўра, яна 4000 дан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
— Камераларнинг қолган қисмини ишга тушириш бўйича қандай маълумот бера оласиз?
— Камералар 2015 йилда олиб келинган эди, шу кунгача синов тарзида фойдаланиб кўрдик. Бу биринчи лойиҳа бўлгани учун 2017 йил 15 мартдан 120та камера ўрнатилди ва шундан 115 таси тўлиқ ишлаяпти. Биринчи босқичда шу ишлар амалга оширилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичи, яъни қолган камераларни ўрнатиш муддати ҳозирча аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги 120 та чорраҳага ўрнатилган кузатув камераларидан 115 таси жорий йилнинг 15 мартдан ишга туширилган эди. 16 март куни соат 23:59га қадар барча кузатув камералари томонидан жами 10.000дан зиёд қоидабузарликлар қайд этилган эди.