Ҳозиргина Фарангизнинг қабри бошидан келдим. Буваси ва бобосининг ёнига қўйишибди.
Фарзанд доғидан оғир дард, мусибат борми? Буни бошига шу дард тушганлардан сўранг. Ўтган ҳафта Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова тўнғич фарзанди – қизи Фарангиз Режаметовадан айрилди. Ёш журналист, актриса Фарангиз Режаметованинг ЙТҲ сабаб бевақт оламдан кўз юмгани ҳақидаги шумхабар бутун республика бўйлаб тарқалди. Режаметовлар оиласи бошига тушган бу мусибат ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Ёшгина Фарангиз ортидан минглаб ўзбек оналари аза тутди, десак муболаға бўлмайди.
Фарангиз вафот этган кечанинг ўзидаёқ мудҳиш ЙТҲ ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳатто, ўша куни Фарангизнинг туғилган куни эди, деганлар ҳам топилди. Йўқ, Фарангиз баҳорда, 7 апрель куни таваллуд топган эди.
Фарангиз шу куни тўрт нафар дугонаси билан Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғида сайр қилиб, тамадди қилиш учун Абдулла Қодирий кўчасидаги пиёдалар йўлидан йўлнинг нариги тарафига ўтмоқчи бўлган. “У олдинда ўтиб борарди, биз эса унинг ортида кетаётгандик”, деб хотирлайди Фарангизнинг яқин дугоналаридан бири, айни дамда мудҳиш ЙТҲга гувоҳ бўлган Дилноза Бобомирзаева.
— Шу куни дугоналар Мирзо Улуғбек боғидан чиқиб, кечки овқат қилиш учун йўлнинг нариги тарафига ўтмоқчи бўлдик. Сариқ рангда янги пиёдалар йўли чизиб қўйилган экан. Эътиборимизни тортди, шу ҳақда бироз гаплашдик. Кечаси ҳам кўринаркан, яхши қилишибди, дедик. Абдулла Қодирий кўчасида Олой бозори тарафдан келаверишда кўприк бор. Кўприк усти Ҳамид Олимжон кўчаси. Остидан Шимолий вокзалга томонга ҳаракатланса бўлади. Биз ўша кўприк остидан чиқишдаги пиёдалар йўлагидан ўтмоқчи бўлдик.
Чап тарафда автомобиллар оқими деярли йўқ эди, осон ўтдик. Ўнг тарафда эса автомобиллар уч паласага бўлиниб тўхтади, пиёдаларга йўл берди. Қарши тарафда болалари билан сайрга чиққан оилалар, аравача етаклаган аёллар биз томонга қараб ҳаракатланди. Биз эса уларга қараб қадам ташладик. Фарангиз энг олдинда борарди, автомобиллар эса йўлни бўшатишимизни кутиб турганди. Шу вақт қайсидир бўшлиқдан жуда катта тезликда бир автомобиль чиқиб, пиёдалардан бирини уриб юборди. Бу воқеа жуда қисқа сониялар ичида рўй бердики, нима бўлаётганини фаҳмламай қолдим. Атрофдан фақат ўзимизникиларни қидирардим.
Соат 21:00 атрофида эди. Одатда йўл-транспорт ҳодисалари рўй берса, жабрланувчи бир неча метр узоққа бориб тушади ёки ўнг-чапга... Ўша куни Mercedes benz уриб юборган пиёда фақат турган жойидан бир неча метр тепага кўтарилди, холос. Кейин жуда катта куч билан ерга тушди. У йиқилгач, автомобиль уриб юборган йўловчи дугонам Фарангиз эканини тушундим.
Ҳавдовчи тормоз бермади, бир неча метр нарига бориб тўхтади. Мен ҳам ҳайдовчиликка ўқиганман, тахминимча, тезлик соатига 150 км атрофида эди.
Фарангиз боши билан асфальтга зарб билан тушди, тинимсиз қон оқарди. Атрофини одамлар ўраб олди, ҳайдовчи ҳам машинасидан тушиб, ёнимизга келди. Ўша ерда йўл патруль хизмати ходимлари ҳам бор эди. Улар ҳам биз томонга яқинлашишди.
— Биринчи ёрдам кўрсатилдими?
— Ҳаммаси 5-6 дақиқа ичида содир бўлди. Фарангиз қилт этмади, бошидан эса қон кетаётганди. Томирини текширдик, пульс бор эди. Шу қадар карахт аҳволда қолдикки, нима қилишга бошимиз қотиб қолди. Тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилдик. Гўшакни бир неча бор ҳеч ким кўтармади. Ёнимиздаги бир рус йигити боғлана олди, тез тиббий ёрдамнинг гўшак ортидаги ходимаси уни узоқ саволга тутди. Йигит бақирди: “Мен оддий гувоҳман, қиз ўляпти, тушуняпсизми?”
Йўл патруль хизмати ходими ҳайдовчига машинангда шифохонага олиб бор, деб бақирди. Фарангизни ўша машинанинг орқа ўриндиғига ётқиздик. Мен оёқ остига ўтариб, қўлим билан бошини тутиб кетишга, қонни тўхтатишга ҳаракат қилардим. Яна бир дугонамиз олд ўриндиққа жойлашди.
Автомобилнинг олд ойнаси чил-чил бўлганди. Йўлни кўриб бўлмади чоғи, йигит уни яна муштлади. Ойнани суғуриб олиб ташламоқчи бўлди. Йўл патруль хизмати ходими ўлим билан олишаётган пиёдани шифохонага олиб боришни яна ўша ҳайдовчининг ўзига топширганига ҳайрон бўлдик. Ҳатто, ортимиздан назорат қилиб ҳам боришмади. Биз энг яқин шифохона – Тошкент тиббиёт академиясига йўл олдик. Йўлда кетаётганда шифохонага хабар беришга, оғир аҳволдаги бемор билан келаётганимизни айтишга улгурдик. Ташқарида шифокорлар кутиб олишди. Зудлик билан Фарангизни олиб кириб кетишди. Ўша маҳал ҳам Фарангиз на овоз берди, на кўзларини қимирлатди.
10 дақиқадан сўнг шифокорлар қайтиб чиқишди, ҳеч қандай умид йўқлигини айтишди. Қаттиқ зарбдан мия фаолияти тўхтаб бўлган экан.
ЙТҲ сониялар ичида рўй берди. Устига-устак қизлар эсанкираб қолдик. Қўлимизда воқеа жойидан олинган сурат ҳам, видео ҳам йўқ. Шу боис патруль хизмати ходимларини ҳам топа олмаяпмиз. Фақат битта видео бор. Дугоналаримдан бир шифохонада ҳайдовчи ва автомобилни тасвирга олган экан. Шундан суриштириб ҳайдовчи асли Фарғонадан эканини, Лондонда ўқишини, таътилда Ўзбекистонга келганини аниқладик.
— Фарангизнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бормиди? Йўл қоидаларини билармиди?
— Албатта! Яқиндагина автомактабда ўқиганди. Эртага, 27 июль куни ойисининг туғилган кунида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш керак эди. Ўша куни ҳам бу ҳақда гаплашгандик. Пиёдалар йўлагида одам кўп эди. Бошқа автомобиллар тўхтаб, пиёдаларга йўл берганди.
— Воқеа содир бўлган вақтда ўша ерда бўлган йўл патруль хизмати ходимини топишга ҳаракат қилдингизми?
— Қўлимизда на видео бор, на сурат. Ўша йўл патруль хизмати ходимини топа олмаяпмиз. Ҳатто, ижтимоий тармоқлар орқали эълон ҳам бердик, терговда ҳам айтдик. Агар ЙТҲга гувоҳ бўлган ҳайдовчилар бўлса, уларнинг автомобилидаги камераларга тасвирлар сақланиб қолган бўлса, бизга ёки ИИББга мурожаат қилишларини илтимос қиламиз.
Тушунаман, ҳайдовчи айбдор деб топилиб, қамоққа ташланса ҳам Фарангиз қайтиб келмайди. Лекин бу бошқаларга дарс бўлиши керак. Автомобилда тезликни ошириб, одамлар ҳаётини хавфга қўяётганлар камми!? Улар шу воқеадан хулоса чиқарсин.
— Фарангиз яқинда дадасини йўқотган эди. Буни билармидингиз.
— Ҳа, у дадасидан кейин қаттиқ тушкунликка тушиб қолганди. Дадаси билан бирга яшашмаса-да, уни жуда яхши кўрарди, бувасига ҳам жуда меҳрибон эди. Фотима опа билан уларникига бориб туришарди. Дўстона эди муносабатлар. Дадам учун кўп нарса қилолмадим, дер эди.
Фарангиз билан курсдош бўлганмиз. Университетни тамомлагач ҳам узилиб кетмадик, аксинча, ҳар куни кўришиб турардик. Шу воқеа бўлишидан бир неча кун аввал мен уларникида қолгандим. Фарангиз кўп сирларини мен билан бўлишарди. Минг афсуски, вафотига ҳам гувоҳ бўлдим.
Фарангиз ўта сокин қиз эди. Ҳеч қачон гап қайтарганини, ҳатто, тенгқурларига оғир гапирганини эслолмайман. Жониворлар, қурт-қумурсқаларга ҳам озор бермасди. Одамларни эса борича қабул қиларди, улардан хафа бўлмасди. Ҳар қандай вазиятда табассум қилиши билан ёдимизда қолди. Ҳаммамиз турмуш қуриб, чиройли оила бекаси бўлишни, ўшанда ҳам дугона бўлиб қолишни ният қилардик. Ҳалигача ишонгим келмайди... Фарангизнинг ҳаётимиздаги ўрни буткул бошқа эди.
— Ҳайдовчи жанозага келдими?
— Мен кўрмадим. Аммо йигитнинг буваси келганини айтишди.
Ҳозиргина Фарангизнинг қабри бошидан келдим. Буваси ва бобосининг ёнига қўйишибди. Фарангизнинг кулиб турган сийрати кўз олдимдан кетмаяпти.