...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фарангиз Режаметова – Ҳур қизга мактуб


19:25, 30.07.2018 Шоу-бизнес
 38 324

Тележурналист Шоира Рауфбоев Фарангиз билан вафотидан бир ҳафта аввал кўришганини эслаб, қуйидагиларни ёзади.

Вақт жуда тез ўтяпти. Бундан роппа-роса 10 кун аввал, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметованинг тўнғич фарзанди – қизи Фарангиз Режаметова (Жамолхонова) ЙТҲ қурбони бўлган эди. Дугоналари билан Тошкентнинг марказий кўчаларидан биридаги пиёдалар ўтиш йўлидан ўтаётган маҳали Mercedes benz русумидаги автомобиль уриб юборади. Ҳалокат натижасида Фарангиз Режаметова оламдан кўз юмади.
 
Фарангиз Режаметовани кўпчилик болалик йилларидаги “Ойижон” фильмида роли орқали яхши танир эди.
 
Фарангиз Режаметованинг таниган-билганлар унинг вафотидан чуқур қайғуга тушди. Актрисанинг фожиали вафоти кўпларни шошириб қўйди. Тележурналист Шоира Рауфбоев Фарангиз билан вафотидан бир ҳафта аввал кўришганини эслаб, қуйидагиларни ёзади. 
 
 
Фарангиз Режаметова – Ҳур қизга мактуб
 
Фарангиз, сўнгги бор  учрашганимиздан бир ҳафта ўтиб, сен ҳақингда хотира ёзаман, деб ҳеч ўйламаган эдим. Кўз ўнгимда қоп-қора қуюқ сочли, кўзлари бошқача чақнаб турган, жуда гўзал бир қизлигингча қолдинг. “Бу қизнинг кинодаги даври мана энди келди, тарихий фильмлар олина бошланди, лекин ўтмишдаги маликалар Фарангизчалик чиройли бўлишганмикан”, деган хаёл ўтгани рост  ўшанда кўнглимдан.  Тошкентдан Самарқандгача битта машинада кетибмизу, сенга қанча гапларимни айтолмаганим мана энди алам. Ҳозир хаёлан сенинг руҳинг билан гаплаша туриб, ўша дилимда қолганларини айтмоқчиман.
 
Биласанми, сенга тенгдош актрисаларнинг барчаси билан муносабатларим яхши. Лекин, нимагадир жуда кам кўришсак-да, фақат сенгагина “Сен” деб мурожаат қилардим. Гап орамиздаги ёшнинг фарқида эмас, сени ўзимга яқин олганимда.  Қизимнинг исмини ҳам сенга ҳавас қилиб Фарангиз деб қўйганимни ҳам билмасдинг. Миллий театр билан бирга Москвага борганимиз эсингдами? Сен жажжигина, ширин қизча эдинг. Лекин, ҳалитдан худди “қовуриб олгандек” жуда пишиқ, мустақил эдинг. Катта-катта актёрлар билан ойингсиз, бувингсиз, бир ўзинг борган эдинг сафарга. Сени саҳнада ҳам, катталар орасида ҳам кўп кузатдим ва сенга ҳавас қилдим. “Қизим сендек ёқимтой, сендек истеъдодли, сендек мустақил бўлсин”, дедим.
 
“Ойижон” фильми орқали сени таниган борки,  шу кинони қанчалик яхши кўрса, сени ундан кам яхши кўрмасди. Фақат сенга муносиб роллар бўлмади. Кеча сен ҳақингда бир режиссёр билан гаплашиб қолдим. Биласанми, у нима деди? “Фарангизни нима учун сезмадим экан, усиз олган фильмларим учун ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман”. Фарангиз, иш юзасидан бўладими, ҳаётдами, энди сени деб сўнгги пушаймонда ўртанаётганлар кам дейсанми?!
 
Лекин буни қараки, сен бизга ҳавас қилган экансан, яъни, журналистларга! Дипломинг бўйича ҳалқаро тоифадаги журналист эканингни энди билдим. Лекин мен учун сен ўзбек киносининг келажаги эдинг. Бошқа кўпчилик ҳам  айнан шундай уйлаганига шубҳам йўқ! Лекин нимагадир фильмларда кам кўринардинг. Тўғри-да, Зулфиқор Мусоқовдек кинорежиссёрнинг фильмида кинони таниган, санъаткорлик қон-қонига сингган қизалоқ учун тасодиф фильмларда роль ўйнашни тасаввур қилиш ҳам қийин. Чунки, аввалми, ҳозирми, бундан кейинми – сен ҳақингда қачон эслашмасин, гапни бобонг Тўғон акадан, бувинг Ширин опадан, тоғаларинг, онанг Фотимадан бошлаб келишади. Ҳатто, тақдирингни бобонг билан солиштиришяпти. Сенга кино оламида қанчалик қийин бўлганини энди ҳис қилаяпман. Сени, сен ўйнаган роллардан изламоқчи бўлганимда буни сездим. Бошқача бўлганида , бугунги нархи, асл баҳоси пасту баланд бўлган ҳар тўртта фильмнинг 3 тасида сен ўйнамасмидинг?! Йўқ, сен кинода ўз  ролингни, ўз сўзингни айтар кунни кутаётгандек эдинг. Лекин тақдир бунга фурсат бермади, афсус. “Сеҳрли қалпоқча”даги ролинг, телесериалдаги чиқишларинг бир олам, лекин мен биламан, сен бундан кўпроғига қодир эдинг. Табиий эдинг, самимий эдинг.
 
Мен ҳамма вақт ўзбек киносини яхши кўрганман. Киночи бўлмасам ҳам, ундаги барча икир-чикирларни, пасту баландликларни тўла тушуниб етмасам ҳам, уни борича қабул қилганман. Мен бутун онгли ҳаётимни  тарғиботига бағишлаган кино санъатига бўлган муҳаббатимга сабабчи бўлганлар орасида сен ҳам борсан Фарангиз. Мен унинг келажагига, ундаги сенинг келажагингга ишонардим. Энди эса сенинг келажагингга завол бўлганларнинг устидан чиқариладиган ҳукмнинг ҳақиқат тарафида бўлишига ишонгим келаяпти.
 
Буни қара, сен ҳатто ўз фожианг билан ҳам одамларни хушёрроқ бўлишга, яхшироқ бўлишга, бировнинг тақдири билан ўйнашиб бўлмасликка, дунёда фарзанд доғидек тузалмас оғир дард борлигига, бевақт ҳазон бўлган умрлар, ушалмай қолган орзуларнинг заволи тутишига, кейинги пушаймондан фойда йўқлигига, ўлим навбат кутмаслигига, кутилмаган фожиадан ҳеч ким кафолатланмаганига ва яна кў-ў-ўпгина, одам фақат ўзи учун чиқариши мумкин бўлган  хулосаларга ишонтириб кетдинг, қизим.
 
Сени сўнгги манзилга кузатар куни, уйингга бордим. Боргунча ҳам ишонмадим. Очиғи, бунга кўпчиликнинг  ишонгиси келмади.
 
Фарангиз, бугун онажонингни нима деб овутишни, унга қандай таскин беришни билмаймиз. Тил бойлигимизда бундай сўз йўқ, Фарангиз. Биз ҳатто ўзимиз учун ҳам таскин бўлар сўзни топмадик. Одам дардини бировга айтса, ё тўйиб йиғласа, енгиллашади дейишади. Онанг дардини ичга ютди, у чексиз изтироблар, оғриқлар исканжасида. Лекин биз гапириб, эслаб,  мана бу каби хотираларни ёзиб, енгиллашиш умидидамиз. Ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз, ундай қиз эди, бундай қиз эди, деймиз гап-сўзда. Ҳақиқатпарварга айланамиз... Лекин нимадир ўзгарармикан? Машинасига қанот боғлаб учмоқчи бўлаётганлар, қонун мендан бошқа ҳамма учун деганлар, уни кўрмасликка, сезмасликка олиб кетишга ҳаракат қиладиганлар, тақдирларни тўзғитиб юборишаётганини ҳис қилармикан?!
 
Фарангиз! Тақдирга битилганидан қочиб қутулиб бўлмайди, дейишади. Сен кетгач, энг яхшилар, беғубор ҳамда соф инсонлар Яратганга ҳам эртароқ керак бўлар экан, деган фикрга келдим. Унинг ҳукмига бўйсунмасдан иложимиз йўқ. Яратган сенга ўзи ваъда қилган аршнинг энг тўрини раво кўрди, дея умид қиламан.  Сен одамлар бири -бирини қадрлайдиган, фақат яхшиликлар, оқибатлар, яхши амаллар ҳукмрон бўлган чин дунёга кетдинг.
 
Оз яшадинг, лекин гўзал яшадинг. Рост яшадинг! Сендан қайта-қайта кўрсак ҳам зерикмайдиган яхши асарлар қолди, сен ижро этишга муносибу, сенгача етиб кела олмаган роллар қолди. Сен учун айтилмаган ёр-ёрлар қолди, онангни, яқинларингнинг қалбида бир умрга тузалмас бир дард қолди. Сенга аталгану, чалинмаган қарсаклар, олқишлар қолди. Балки, сени асролмаган, сенга яшаш учун имкон бермаган тақдирнинг ўзи ҳам бизга қўшилиб йиғлаётгандир. Бизни кечир! Биз сендан розимиз, Фарангиз. Сен ҳам биздан рози бўл, Ҳур қиз!

Теглар:Фарангиз Режаметова Шоира Рауфбоева 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!