Айтинг, бу адолатданми? Нафақат Астрономия кўчасида яшаётганлар, республиканинг турли ҳудудларида уйлари бузилиш режасига тушган одамлар ана шу ижтимоий адолатни талаб қилмоқда.
Ислоҳотлар одамларни қанчалик рози қилаётганини ўрганиш мақсадида Qalampir.uz’га келиб тушган мурожаат ортидан тушдик. Куни кеча Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Астрономия кўчасида бўлдик. Бу ерда “Аргонавтика” боғи қурилиши режалаштирилган экан. Ҳудудда ишчилар ишлаяпти. Аммо ҳозирча ҳеч қандай бино қурилмаяпти, аксинча, бузиляпти.
Истироҳат боғи қурилиши керак бўлган жой Астрономия институти ҳудуди ҳисобланиб, бу ерда 20 дан ортиқ хонадон мавжуд. Унда 32 та оила истиқомат қилади. Гап шундаки, ҳозирда 20 та хонадонда истиқомат қилувчи одамлар нима қиларини билмай аросатда қолган. Уларга 2017 йил март ойида Юнусобод туман ҳокимиятидан огоҳлантириш хати келган.
Туман ҳокимияти томонидан қўлланган “қора хат”да Астрономия институти ҳудудидаги уйларнинг бузилиши айтилган. Шундан сўнг, на биров келиб одамларнинг фикрини ўрганган ва на мана бу жойга кўчасизлар деган. Аммо ҳудуддаги қурилишга тайёргарлик ишлари сабаб йўллар бузилиб, ҳамма жой чангда қолган. Биласиз, қиш эшик қоқиб турибди. Буёғи ёғингарчилик дегандек...
Одамлар яшайдиган ҳудуд Астрономия институти ерлари ҳисобланади. Бир вақтлар бу институт Собиқ Иттифоқ давридаги энг нуфузли астрономия институти бўлган. Осмонни кузатиш ишлари тунда олиб борилгни сабабли ходимларга институт ҳудудидан ер ажратилган. У вақтлар қуруқ ердан бошқа ҳеч нима бўлмаган. На канализация, на электр таъминоти... Астроном олимлар, фан докторлари, академиклар ўз меҳнати эвазига бу ерларда уй қурган, канализация ўтказган, электр таъминотига уланган. Хуллас, бу ерларни одам яшаши мумкин бўлган турар жойга, мўжаз маҳаллага айлантирган. Олимларнинг кўплари оламдан ўтди, бугун эса бу уйларда уларнинг фарзандлари яшамоқда.
Бу маҳаллада яшайдиганларни уйларнинг қачон бузилиши ва уларга қаердан бошпана берилиши билан боғлиқ саволлар қийнаб келяпти.
Одамлар ўз уйида Тошкентнинг “Жангоҳ” маҳалласида бўлганидек самосваллар тунда уйларимизни бузишни бошласа, нима қиламиз деган хавотирда яшаяпти. Тўй бошлаганлар баҳордан бери нима қиларини билмайди. Уйини таъмирлатмоқчи бўлганлар ишни ортга суриб турибди. Негаки, март ойида келган “қора хат”дан бошқа айтарлик маълумот берилмаган. Атрофдаги бузиш ишлари эса жадал давом этмоқда.
Шу ерда яшайдиган аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик. Улардан бири журналист Шоира Рауфбаева.
Шоира Рауфбоева, журналист:
– Астрономия институтида аввал тадқиқотлар олиб борилган. Аммо бугунги кунда Тошкент шаҳри экологияси ёмонлашиб, автомобиллардан чиқаётган газлар ҳисобига бу ердан осмон жисмларини кузатишнинг имкони йўқ. Аммо йўллар бузиб ташланди. Халқнинг ўз пулига текислатган йўллари вайрон қилинди. Бу ерда бир вақтлар отхоналар бўлиб, олимлар шу ерда яшаб, тунда кузатув ишларини олиб борган. Шу сабабдан ўша вақтда институт директори бўлган В.П.Шеглов институт ходимларига шу ерларни ўзлари учун яшаш жойи қилиб олишга рухсат берган. Бу ерда жуда кўп фан докторлари, академиклар яшаган, ҳозир уларнинг фарзандлари истиқомат қилмоқда. Биргина академигимиз ҳозир ҳам ҳаёт.
Шоира Рауфбоеванинг айтганларида жон бор. Уйларга олиб борадиган йўлларнинг аҳволи жуда ёмон. Энг қизиғи бу маҳаллада тунда адашиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Бор чироқлар ҳам уста бузармонларнинг қўлига тушиб, соғ қолмаган.
Бу ерда йўқ саналаётган одамлар додини кимга айтсин? Вазият ҳақида билиш учун туман ҳокимиятига борган баъзи фуқаролар ҳоким олдига кириш учун швейцар банкларида бўладиган кодли эшиклардан ўтиб, ҳоким қаршисига чиққишганини айтишди. Аммо бу ҳам натижа бермаган, ҳеч қандай маълумот ололмай, ортларига қайтишган.
Маҳаллада яшовчи ёши улуғ олимлардан бирининг келини билан суҳбат қурдик.
Ольга Латипова, олим Абдусалом Латиповнинг келини:
– 2017 йил март ойида бизга огоҳлантириш келгандан кейин ҳаловатимиз йўқолди. Нарсаларимизни йиғиб қўйганмиз. Кўчишимизни ҳам, кўчмаслигимизни ҳам билмаймиз. Биров бизга бирон нарса демайди. Олдимизга қамоқхона маҳбусларини олиб келиб жойлаштиришди. Улардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланаётганлар аҳоли хавфсизлигини ўйлаганмикан? Тўғри, ҳозиргача маҳбусларнинг бирор зарари тегмади. Аммо кўза кунда эмас, кунида синади. Йўлларни вайрон қилишди. Ҳамма жой тупроққа ботди. Бошқа жойдан кириб-чиқиш учун йўл очиб беринг десак, унга ҳам унашмайди. Ахир биз ҳам яшашимиз керак-ку.
Институт ҳудуди девор билан ўраб олинган. У ерга борсангиз ташқаридан кўзни қувнатувчи баннерларни кўрасиз. Ҳа, бу ерда чиройли Аргонавтика боғи қурилар эканда дейсиз. Аммо ичкарига кирсангиз, ўша чиройли боғ Ўзбекистонда астрономия соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган олимлар, уларнинг авлодлари, яқинларининг қийинчиликда қолиши эвазига қурилаётганини биласиз.
Астрономия кўчасидаги одамлар кўчмаймиз, нега уйимизни бузишаркан деётгани йўқ. Улар шунчаки аниқ жавоб исташяпти. Одамлар ислоҳотлар инсон манфаатлари учун деган сўзларнинг амалдаги исботини кутиб яшамоқда. Хўш, улар қаерга борсин? Уйи қачон бузилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Тошкент шаҳри марказидаги қурилиш ишлари кўплаб аҳолининг уйлари бузилиши эвазига амалга оширилмоқда. Пана-пастқам бинолар ўрнида янги мажмуалар қурилаётгани кишини қувонтиради. Бироқ, ўша нураган уйларда ҳам одамлар яшаяпти. Уларнинг ҳам орзу-умидлари, мақсадлари бор. Бу ерларда боғ, давлат ва жамоат ташкилотлари бинолари қурилса, майлига. Аммо қайсидир тадбиркорга тортиқ этилса, бу ерларда фаллон минг долларлик уйлар қурилсаю бузилган уйлар эгаларига шаҳар четидан катаклар берилса... Айтинг, бу адолатданми? Нафақат Астрономия кўчасида яшаётганлар, республиканинг турли ҳудудларида уйлари бузилиш режасига тушган одамлар ана шу ижтимоий адолатни талаб қилмоқда.