Доим жонли ижрони тарғиб қиладиган хонанда бу сафар Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни ҳам аяб ўтирмади.
“‘Концертларда жонли куйлаш қаҳрамонлик эмас’, деган фикрлар кўп бўляпти. Албатта, ўзини ва халқни ҳурмат қилган санъаткор жонли куйлаши шарт”, деб ёзади Эрқулова. Хонанданинг бу мулоҳазалари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг айни дилидаги гап бўлди чоғи кўпчилик уни қўллаб-қувватлади. Бироқ улар орасида Эрқуловага қарши чиқиб, Назарбековнинг тарафини олганлар ҳам топилди.
Гулбаҳор Эрқулова санъаткорларнинг халқни менсимай кетиши ва концертларда жонли ижрода куйламаслигида томошабинларни ҳам айблади. Жонли ижрода бўлсин деб муҳокама қилингани билан фонограммадаги концерт дастурларида зал бўш қолмаётгандан кейин, санъаткорлар ҳам шунга яраша йўл тутишини куюнчаклик билан гапирган Эрқулова кунига икки сеанс қўйилаётган концертларда ҳам одамлар фонограммани эшитиб кетаётганини, буларга фақат қонун йўли билан чек қўйилмаса, шу алфозда қолаверишини айтди.
Бир қарашда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг сўзларида жон бордек. Санъаткорларнинг жонли ижрода куйлаши кўп жиҳатдан мухлисларга боғлиқ. Агар фалон сўмга чипта харид қилаётган тингловчи санъаткордан жонли ижрони талаб қилса ёки фонограмма деб эълон қилинган концертларга бормаса, жонли ижро ўз-ўзидан кучаяди. Бу ўринда Гулбаҳор Эрқулованинг танқидига нисбатан фикр билдирган мухлиснинг мулоҳазалари эътиборимизни тортди.
“Жонли ижрода бўлади дейишганига ишониб борган эдик. Концертга кирган одамларнинг 70 фоизини кўнгли совиб кетди. Икки сеанс концерт бераман, деб яхши тайёгарлик кўришмаган. Биринчи қўшиқ тугамай, иккинчисига уланиб кетяпти. Ўртада қарсак чалиш деган нарсалар ҳам йўқ”.
Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков мазмунли қўшиқлари билан халқ орасида обрў-эътиборга эга суюкли санъаткорлардан бири. Биз юқоридаги фикрлар билан хонандани қоралаш фикридан йироқмиз. Тажрибали санъаткорлар ва журналистлар, хусусан, томошабинларнинг фикр ва мулоҳазаларидан Озодбек Назарбеков ва концерт ташкилотчилари тўғри хулоса чиқаришса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Маълумот учун, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков жорий йилнинг 10-20 апрель кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Меҳринг сабаб” номли концерт дастурини тақдим этган эди.