...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Отангга бор, онангга бор”, аммо вокзалга борма!


18:28, 01.12.2018 Таҳлил
 16 937

Эсиз шунча вақт! Шунча маблағ! Бир қарашда анчагина кўркамлашган, жаҳон андозасига мос қилиб жиҳозланган темирйўл кассаларида ҳолат ҳамон ўша-ўша. Узундан-узун навбатлар!

Ҳар йили қишги таътил яқинлашиши билан талабалар ўз уйларига кетиш тараддудига тушиб қолишади. Кимлардир самолётга, кимлардир поездга чипта олса, яна кимлардир таниш “таксист”ларга мурожаат қилади. Менда эса асосий илинж – бу поезд. Тўғрида, янги йил олди енгил машинада кетишнинг ўзи бўладими? Ҳаво қандай бўлишини билиб бўлмагани етмагандек, “отнинг калласидек” нарх қўйишади. Эсимда, бундан бир, икки йил аввал поездга чипта ололмаган танишларим ноиложликдан Тошкентдан Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманигача 200-250 минг сўм пул тўлаб етиб олишган эди. Нақадар инсофсизлик! Шундай эмасми? Мендек талаба учун бу нарх анчагина “иссиқ”лик қилади. Шунинг учун доим олдиндан пул жамғариб, етмаганига дарслардан зўрға рухсат олиб темирйўл кассасига отланаман. Лекин...
 
Бу сафар ҳам доимгидек ишни темирйўл кассасининг чап томонидаги операторни саволга тутиш билан бошладим. “Тошкент-Сариосиё” йўналишидаги поездлар қачон юради? Қайси кунларга билет бор? Нархлари қандай? Оператор қиз эринибгина жавоб қайтарди. Бошида хафа бўлмадим. Мендан олдингилар ҳам шу каби бир хил саволларни берган бўлса, жонига теккандирда дедим, ичимда. Лекин у шу иши учун маош олади-ку.



Шу пайт бошқа бир йўловчи ҳам оператор қизни саволга тутди. “1005” га қўнғироқ қилсангиз батафсил айтиб беришади, деди бошқа бир оператор йигит. Бу гап менга маъқул келди. Ҳар ҳолда тўлиқ жавоб беришар деган умидда телефонимни қўлимга олиб 1005га қўнғироқ қилдим. Тўртинчи уринишда уландим. Ўшанда ҳам оператор билан боғланиш учун икки дақиқа куттиришди. Қўшимчасига ҳисобимдан маблағ ҳам ечиб олинди. Балки операторлар келишиб олишгандир деган хаёллар мени қийнай бошлади.
 
Ҳаммасини бир чеккага суриб одамлар камроқ кўринган кассага навбатга турдим. Мендан олдинда энг камида 15 та киши бор эди. Демак, яқин бир соатларда билет олишим мушкул. Шу пайт ёши каттароқ аёл келиб “болаларим, сизлар ёш экансизлар, мен биринчи олсам бўладими? Шошиб тургандим”, дея навбатда турганларга илтимос қилди. Бир гала кўнгли бўш талабалар йиғилган эканмизми, аёлни кассага  ўтказиб юбордик. Сал ўтмай яна бошқаси келиб худди шу илтимосни такрорлади. Ҳаммамизнинг онамиз, бувимиз кўз ўнгимизга келиб навбатимизни қўш-қўллаб топширдик. Бу орада ярим соат ўтиб кетди.
 
Энди ўйлаб кўринг! Йўловчилар фақат ёшлардан ташкил топмаган-ку! Бунақада чипта олиб бўладими? Шаҳарлараро алоҳида, ҳарбийлар учун, электрон банд қилганлар учун, қайта расмийлаштириш учун алоҳида кассалар қилинган жойда кексалар учун ҳам алоҳида касса қилишса бўлмайдими? Навбатда туриб шуни ўйлар эканман “юқорида ишлайдиган “каттакон”лар ҳам ниманидир билишадики, шунақа йўл тутишган”, дея ғалатидан ғалати хулосалар чиқараман.



Тик оёқда турганимга 3 соат бўлган бўлса ҳам навбат келмади. Ўрнимга дугонамни “михлаб”, яна оператор ёнига ошиқдим. Балки журналистлигим тутиб қолгандир. Оператор қиз эса бир отахонга ниманидир тушунтириш билан овора. Ўша юз ифодаси, эриниб жавоб қайтариш, уйилган қовоқ. Жаҳлим чиқиб кетди. Сал табассум билан муомала қилса бўлмайдими? Шу иши учун давлат унга маош тўлаяпти-ку! Ёки хўмрайиб гапирса, қўшимча пул бериладими?
 
Оператор қиздан ҳафсалам пир бўлиб, унинг ёнидаги оператор йигитга юзланаман. — 29 декабрь кунига киритиладиган қўшимча вагонлар учун чипта олиш қачондан бошланади? — Оператор йигит худди мен ундан жонини сўраётгандек, “билмайман” деб қисқа жавоб қайтариш билан чекланди. Қизиқ! Оператор билмаса, кассадагилар билмаса, қоровул билмаса, унда ким билади? Яна 1005ми? Ёки бу ҳам уларнинг “ички сири”ми?
 
Ноябрьнинг охирги куни шошилиб чипта олишга борган бўлсам-да, аллақачон керакли кунларга бўш жой қолмаганлигини эшитиб бошимга оғриқ кирди. Сал кам бир ой аввалги рейсларни ким, қачон, қандай қилиб банд қилишга улгурди экан-а? Поезд фақат бир йўналишда ҳаракатланмайди-ку ахир.
 
Жой йўқлигини айтиб ота-онамга қўнғироқ қилдим. Қандай вазиятда эканлигимни йиғлагудек бўлиб гапиришимдан ҳис қилган уйдагилар “Қўй қизим, машинада келақол. Навбатда туриб вақтингни бекорга сарфлама дейишдию лекин уйга қайтадиган куним қор ёғиб, йўллар музлаб қолса, 12 соатлик йўлда қандай қайтишимни, мободо ҳайдовчининг кўзи илингудек бўлса, нима бўлишини хаёлларига келтиришдан чўчиб “яна вазиятингга қарагин, поезд барибир хавфсиз-да”, деб хавотирларини яширишга ҳаракат қилишди.
 
Ота-онамни хавотирга қўймаслик учун ҳам умумий вагондан жой банд қилишга қилдим-у 14-15 соат битта жойда ўтириб кетишни ўйлаб яна асабим таранглашди. Ундан ҳам ёмони қанчадан-қанча талабаларнинг турнақатор навбатда туриб ҳам чиптасиз қолиб кетгани бўлди.
 
Эсиз шунча вақт! Шунча маблағ! Бир қарашда анчагина кўркамлашган, жаҳон андозасига мос қилиб жиҳозланган темирйўл кассаларида ҳолат ҳамон ўша-ўша. Узундан-узун навбатлар! Кутиш ўриндиқларида ухлаб қолган болалар, кимдир навбатини берармикин дея интизор боқиб турган отахон-онахонлар, ишқилиб бўш жой қолган бўлсин-да деб юрак ҳовучлаб турган ёшлар... Шунча камчиликларни неча йилдан бера такрорланишини кўриб турган оддий талаба-журналист сифатида жуда кўп ислоҳотлар фақатгина қоғозда қолиб кетаётганига, инсонлар манфаати ҳамон иккинчи даражада эканлигига шубҳа қилмай қўйдим!



Бу ҳолат биргина менга эмас, темирйўл кассаларида соатлаб навбатда турган барча фуқароларга таниш ҳолат. Лекин улар юрак ютиб бу ҳақиқатларни ошкор этишга андиша қилаётган  бўлса не ажаб!
 
Янги йилни эсон-омон кутиб олайлик. Ота-онам бағрига бориб-қайтай. Бу мавзуга жиддий киришаман. 
Манзура Сайфиддинова

Теглар:Темирйўл Тошкент вокзали 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!