...
МЕНЮ
ONLINE TV

Самарқандлик йўловчи беҳаё мазмундаги видеофайлларни ҳам “сотмоқчи” эдими?


12:50, 11.11.2017 Жамият
 6 948

Фуқаро Самарқанд аэропортидан тақиқланган 60 литр дори ва 5 дона тиббий техника воситасини ноқонуний олиб ўтиб, сотмоқчи бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бироқ...

Ўзбекистонга ташқаридан товар-моддий бойликларни олиб кириш бўйича аниқ тартиблар ишлаб чиқилган, бу меъёрларнинг асосий мақсади, энг аввало, аҳоли саломатлиги, шунингдек, ички ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги барчамизга маълум.
 
Аммо, минг афсуски, айрим шахслар томонидан амалдаги тартибларга риоя қилмаган ҳолда ўз манфаатини юқори қўйиш ҳолатлари аниқланмоқда.
 
Ана шундай ҳолат яқинда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тақиқланган материаллар ҳамда махсус рухсатномалар талаб этувчи товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган йўловчи юкида фош этилди.
 
Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати таҳририятимизга юборилган маълумотлари орқали хабар бермоқда.
 
Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилишлари шарт.
 
Бу талабни “Домодедово–Самарқанд” йўналиши билан ҳаракатланган фуқаро Н. Исмаилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) четлаб ўтмоқчи бўлди. У божхона ходими билан ўтказилган оғзаки сўровида ўзи билан олиб кирилиши тақиқланган аудио ва видео ёзувлар ҳамда йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган товарлар йўқлигини маълум қилган.
 
Шундан сўнг, унга тегишли бўлган багаж ва сумкалар божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 60 дона, ҳар бири 1 литр ўлчамли идишларга қадоқланган “Акарицид” номли қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши ишлатиладиган дори воситаси, 4 дона “Эдам SE-3” маркали “Эликтрокардиограф” номли ва 1 дона “DUS-60” маркали “EDAN” номли тиббиёт мосламаси борлиги аниқланган.


 
Шу билан бирга, фуқаро Н.Исмаиловга тегишли бўлган уяли телефон текширилганда, ушбу телефон хотирасида 100 дона беҳаё мазмундаги видеофайллар борлиги маълум бўлган.
 
Фуқаро Самарқанд аэропортидан тақиқланган 60 литр дори ва 5 дона тиббий техника воситасини ноқонуний олиб ўтиб, сотмоқчи бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бироқ...
 
Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Самарқандлик йўловчи беҳаё мазмундаги видеофайлларни ҳам “сотмоқчи” эдими? Тиббиёт техникаси ва ветеринарияда қўлланиладиган, айни пайтда тақиқланган воситалар сотилиши мумкин. Бироқ беҳаё мазмундаги видеофайллар-чи? Улар тарқаб кетгудек бўлса, жамиятга етказиладиган зарар-чи?!
 
Экспертиза хулосаларига кўра, уяли телефонда мавжуд файлдаги видеотасвирлар порнографик мазмунга эга эканлиги, “Акарицид” номли дори воситаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида рухсат этилган ҳимоя воситалари рўйхатига киритилмаганлиги, олинган 2 турдаги тиббиёт буюмларини сотиш ва тиббиёт амалиётида қўлланиши тақиқланганлиги қайд этилган.
 
Ҳуқуқбузарлик содир этган фуқародан олинган товарларнинг қиймати салкам 90 млн. сўмни ташкил этади.
 
Шундай қилиб, фуқаро Н.Исмаилов декларациясиз товар ёки бошқа қимматликларни жуда кўп миқдорда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказишда ифодаланган хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, унга нисбатан мазкур модда билан жиноят иши қўзғатилди.
 
Хабарда айтилишича, 2017 йил ўтган даври давомида “Самарқанд аэропорт” божхона пости ходимлари томонидан аниқланган 242 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 594 млн сўмлик товар-моддий бойлик маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Теглар:Давлат божхона қўмитаси Самарқанд аэропорти Порнографик тасвирлар Тиббий техника 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар