...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг эътирозига, жиддий танқидига сабаб бўлди


10:34, 11.12.2018 Жамият
 4 101

Бу каби ўрганишларнинг жорий қилиниши тадбиркорларнинг вақтини олиб, иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, холос.

Кеча, 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибига мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари киритилган бўлса-да, лекин йиғилиш аввалида асосий баҳс-мунозаралар 2019 йилга мўлжалланган бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси устида кечган.
 
Таркиб топган анъанага кўра, мажлис арафасида кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинганда ҳам депутатлар “2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси хусусида қатор ўринли эътирозларини билдирган.
 
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа 2019 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Бюджет кодекси, Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади. Қонун лойиҳаси 2019 режа йилига бюджет сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йиллар прогноз мўлжалларини амалга ошириш мақсадида қонунчиликдаги айрим нормаларнинг аниқ қўлланилиши, бюджетлараро муносабатлар ва солиққа тортиш соҳасидаги алоҳида масалаларини тартибга солишнинг зарур ҳуқуқий шароитларини яратиши лозим эди.
 
Бироқ ушбу қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг қўмиталари, фракцияларида бўлиб ўтган муҳокамаларда депутатларнинг бир қатор савол ва эътирозларини келтириб чиқарди, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати.
 
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Регламентига кўра, Бюджетнома тасдиқлангандан кейин у билан боғлиқ бўлган бюджет-солиқ сиёсати ҳақидаги қонун лойиҳаси Ҳукумат томонидан парламент қуйи палатасига киритилиши, палата қўмиталари ҳамда фракцияларида кенг муҳокама этилиши ва қабул қилингач, 10 кун ичида Сенатга юборилиши керак. Депутатлар мажлисда, аввало, Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур ўта мураккаб ва муҳим қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига жуда кечиктириб киритилганига эътироз билдирдилар.
 
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилинаётган қонунлар тўғридан-тўғри амал қилиши, унда ҳаволаки нормалар мутлақо бўлмаслиги лозимлиги ҳақида бот-бот такрорлаб келаётган бир пайтда мазкур қонун лойиҳасида кўплаб ҳаволаки норманинг мавжудлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.
 
Шунингдек, парламент вакилларининг таъкидлашича, лойиҳанинг 71-моддасида хронометраж ўрганиш, яъни, тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми, ишлаб чиқариш ҳажми, товар (иш, хизмат) реализацияси хронометражи ўтказилаётган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида товар (иш, хизмат)ларни ҳақиқий реализация ҳажмларини аниқлашга доир солиқ текшируви солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўлиши қонунан белгиланаётгани амалиётда бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Сабаби, аксарият ишлаб чиқариш ҳажми, товар (иш, хизмат) реализациясида мавсумий ҳолатлар мавжуд бўлиб, хронометраж ўрганиш кўп ҳолларда тушум кўпайган — мавсум айни қизиган пайтларда ўтказилади. Масалан, салқин ичимликлар билан савдо қиладиган тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқаришлар — ёз жазирамасида, фармацевтика фирмалари — қиш чилласида хронометраж қилиниши тадбиркорлик субъекти эгасига нисбатан адолатдан бўладими? Ҳолбуки, табиий шароит, яъни, “ўлик” мавсумларда тадбиркорлик субъектларининг тушуми камаяди. Мазкур қонун лойиҳасида эса солиқ тўловчида товар (иш хизмат)лар реализациясидан фойда камайиши юзага келган ҳолларда бу ҳаракат солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланиши белгиланаётгани депутатларда эътироз уйғотди. Ваҳоланки, бунга бошқа қатор объектив ва субъектив омиллар ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
 
Шунингдек, парламент вакиллари мазкур қонун лойиҳаси билан солиқ тўловчиларни мавзули ва экспресс-ўрганишлар тартиби ўрнатилаётгани ҳақида ҳам шундай мулоҳаза билдирдилар. Уларнинг фикрича, мамлакатимизда қонунчиликни босқичма-босқич либераллаштириб, тадбиркорга кенгроқ имконият ва эркинлик яратилаётган бир пайтда мазмун-моҳияти текширувдан бошқа нарса бўлмаяпти, лекин янгича номланган нормаларнинг “кашф” қилинишидан ким наф топади? Бу каби ўрганишларнинг жорий қилиниши тадбиркорларнинг вақтини олиб, иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, холос.
 
Муҳокамаларда қонун лойиҳасида белгиланган яна бир норма — ҳисобга олиш, мавжуд маълумотлар қонунийлик даражасини ошириш ва ўрганиш орқали маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар ҳақидаги ишончли маълумотларни тўплаш мақсадида ўтказиладиган солиқ тўловчиларни паспортлаштириш — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг ҳудудини, бино ва иншоотларини, мол-мулкини ўрганиш ҳамда бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жалб этилиши мумкинлиги ҳам кескин баҳс-мунозарани келтириб чиқарди.
 
Депутатлар эътироз билдирганидек, ахир бу оддий, кундалик жараён бўлиши керак эмасми? Шунчаки рўйхатга олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили нега керак бўлиб қолди? Биз фуқаролик жамияти қуришни тарғиб қилаётган бир пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи — маҳалла бош-қош бўлиши керак бўлган маҳалла ҳудудида ҳам фаолларнинг ўзи рўйхатни тузмаса тўғри бўлармикан? Бу юртимиз учун ноёб бўлган маҳалла институти нуфузини тушириб юбормайдими?
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 декабрдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида маҳаллий бюджетларнинг даромадини кўпайтириш, орттирилган қўшимча даромадларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини кучайтириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга йўналтириш кўзда тутилган эди. Қонун лойиҳасида эса, маҳаллий бюджетларнинг даромадини ҳудудларнинг ўзида қолдириш масаласи бирмунча мавҳум қолдирилгани ҳам депутатлар эътиборини тортди.
 
Умуман, йиғилишда Ҳукумат томонидан киритилган ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга, эътирозларга олиб келди. Кескин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар бўлиб ўтди.
 
Муҳокамалар якунига кўра, депутатлар томонидан қонун лойиҳаси муҳокамасини кечиктириш, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига эса, ушбу лойиҳа бўйича масъул бўлган Ҳукумат аъзоларини, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб этиб, лойиҳа устида жиддий ишлашни давом эттириш, барча депутатларнинг таклиф ва танқидларини эътиборга олган ҳолда, келгуси ялпи мажлис муҳокамасига киритиш таклиф қилинди.
 
Ушбу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Теглар:Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар