...
МЕНЮ
ONLINE TV

Парламент депутатларининг эътирозига сабаб бўлган қонун қабул қилинди


19:27, 11.12.2018 Жамият
 9 893

Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб ундаги ўзгартиришлр билан танишиб чиқди.

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, танқидий кўриб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Муҳокамалар якунига кўра, ушбу лойиҳа бўйича масъул бўлган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига Ҳукумат вакиллари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб этиб, депутатлар кўтарган масалаларнинг ечимини топиш топширилган эди.
 
Бугун, 11 декабрь куни эса парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди.
 
Таъкидланишича, энг аввало, Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасининг номи унинг мазмунига мослаштирилган, яъни “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб ўзгартирилди.
 
Қонун лойиҳасида Солиқ кодексининг 22-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги ихтиёрида қоладиган даромадларидан олинадиган дивидендлардан солиқ ушлашни бекор қилиш таклиф этилганди.
 
Муҳокамалардан сўнг кўрсатиб ўтилган субъектларнинг дивидендига солиқ солишни назарда тутувчи норма олиб ташланди.
 
Мазкур кодекснинг 681-моддаси — “Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш” бўйича депутатлар ва мутахасисларнинг узоқ муҳокамаларидан сўнг, солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, мазкур модда соддалаштирилди. Паспортлаштириш жараёнининг даврийлиги белгилаб қўйилди, яъни, уни ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказиш белгиланди.
 
Шунингдек, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир норма, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид норма чиқариб ташланди. Муҳокамаларда ишчи гуруҳ томонидан алоҳида таъкидландики, паспортлаштириш жараёни тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларни назарда тутмайди.
 
Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тугатиш билан боғлиқ якуний текширув фақат ягона солиқ тўлови тўловчиси – якка тартибдаги тадбиркорга татбиқ этилиши аниқ кўрсатиб ўтилди. Бу эса, ўз навбатида, солиқ органлари олдида турган вазифа – солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлашга қаратилади.
 
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини ҳудудлар бюджетлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилган эди. Лекин оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият” ўлароқ, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларга боғланиб қолмаслиги ҳамда юз бераётган жараёнларга холисона муносабат билдириши заруратини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини амалдаги республика бюджетларидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинди.
 
Таъкидланишича, муҳокамалар давомида бошқа бир қатор нормалар ҳам солиқ тўловчилар манфаатидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилган. Мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет-2019 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар