Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ўтказилган назорат тадбирларида кўплаб сохта тадбиркорлар қўлбола алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқараётгани маълум бўлди.
Нукус шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида сохта тадбиркор Х.Тимуров (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўлбола тарзда тайёрланган “Қаратаў” номли 60 шиша ароқни 360.000 сўмга сотаётган пайтда қўлга олинган.
Шунингдек, Қўнғирот тумани савдо комплексида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Г.Жолдасован бир хил сериядаги 10 дона янги акциз маркалар, 10 дона қопқоқ ва шунча миқдорда қопқоқ устига ёпиштириладиган плёнкаларни сотаётган вақтда тўхтатиб қолинган. Бу аёлнинг қўл сумкаси кўздан кечирилганда, унда контрафакт усулда ароқ тайёрлашга хизмат қиладиган 65 дона бир хил серияли янги акциз маркалар, 91 дона қопқоқлар, 74 дона қопқоқ устига ёпиштириладиган плёнкалар ва 6 литр этил спирти борлиги аниқланган.
Яна бир “тадбиркор” А.Толибаев ва унинг шериклари ҳам қўлбола усулда ишлаб чиқарилган “Қаратаў” маркали 60 шиша қўлбола ароқни 360.000 сўм эвазига сотаётган пайтида тўхтатиб қолинди.
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Ф.Бахитовнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида эса бу ердаги яширин “цеҳ”да иш айни қизиган палла экан. Хонадон эгаси 2 нафар шериги билан навбатдаги харидор учун қўлбола усулда спиртли ичимликлар тайёрлаш билан банд эди. Бошқалардан фарли ўлароқ, бу “уддабурон”лар арзон нархдаги ароқларнинг ёрлиқларини олиб ташлаб, ўрнига “Қаратаў” ёрлиқларини ёпиштириш орқали қимматроқ пуллашни кўзлашган экан.
Яширин “цех” фаолиятини йўлга қўйган бу шоввозлардан 1535 дона “Қаратаў” номли ҳар хил этикеткалар, 454 шишада 3 турдаги 227 литр ароқлар, 213 та бўш шишалар, 401 дона қопқоқлар, 211 дона плёнкалар, яроқлилиқ муддатини босиш учун кўзланган муҳр, ароқларни қадоқлашда ишлатиладиган сиёҳ, елим ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Маълумот учун, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қиймати салкам 191 млн сўмлик 8,3 минг литрдан ортиқ сифатсиз алкоголь маҳсулотлари ҳуқуқбузарлардан далилий ашё тариқасида олиб қуйилган.
Хабарда таъкидланишича, юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.