...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга оид фармонни имзолади


09:48, 06.02.2019 Жамият
 4 381

Президент алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда узумчилик ва виночилик соҳасига оид фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 5 февраль куни “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда алкогольни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”​ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни қуйида тўлалилигича келтирилмоқда.
 
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
фармони
 
Узумчилик ва виночиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш тизимини такомиллаштириш, уларнинг ишлаб чиқарилиши ва айланмасини самарали мониторинг қилиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва мамлакатнинг инвестицион мафтункорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг:
 
а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил қилиш;
 
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясини (кейинги ўринларда – Инспекция) ташкил қилиш;
 
в) “Ўзшаробсаноат” АЖнинг бошқарув органлари йиғилишларида жамиятнинг ташкилотлар устав капиталларидаги улушини 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш билан жамиятни тугатиш масаласини кўриб чиқишни илгари суриш;
 
г) қуйидагиларнинг устав капиталидаги улушини:
 
“Ўзшаробсаноат” АЖ “Зомин узумчилик ўқув маркази” МЧЖни келгусида уни Агентлик қошидаги “Узумчилик ўқув маркази” ДУКга айлантирган ҳолда;
 
“Ўзшаробсаноат” АЖнинг “Марказий синов лабораторияси” МЧЖни келгусида уни Агентлик ҳузуридаги “Энология лабораторияси” ДУКга айлантирган ҳолда Агентликка бериш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.
 
2. Қуйидагилар белгилансин:
 
а) Агентликнинг асосий вазифалари этиб:
 
узумчилик ва виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек, узумчилик ва виночиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
 
узум, асосан унинг техник навлари плантацияларини кенгайтиришга, ва виночиликни ривожлантиришга, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга, виночилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш;
 
рақобатбардош виночилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишда узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорлар конъюнктурасини чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, маҳаллий виночилик маҳсулотларини республикада, жумладан, хорижда ҳам оммалаштириш;
 
хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик ва виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
 
узум кўчатлари етиштирувчилар фаолиятини тартибга солиш, узум, мева ва резаворлардан тайёрланган алкоголь маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан Инспекция билан ҳамкорлик қилиш;
 
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш;
 
б) Инспекциянинг асосий вазифалари этиб:
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаштириш;
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;
 
алкоголь ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун корхоналар ўртасида истеъмолэтил спиртини белгиланган тартибда тақсимлаш;
 
давлат стандартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга мувофиқлигини назорат қилиш;
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сақланиш сифати ва айланмасини, шу жумладан, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланадиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш;
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан лицензион талабларга амал қилинишини назорат қилиш;
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар айланмасининг ҳақиқий ҳажмларини мониторинг қилиш, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш;
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ туширилишини таъминлаш бўйича давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
 
узум, мева ва резаворлардан тайёрланган алкоголь маҳсулотлари сифатини аниқлаш юзасидан Агентлик билан ҳамкорлик қилиш.
 
3. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:
 
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси Инспекция томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади;
 
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар маҳсулотни фақат улгуржи ташкилотларга реализация қилади, пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно;
 
барча юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланишга ҳақли;
 
маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш барча савдо корхоналари, шунингдек, меҳмонхоналар хизматларини ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқини берувчи рухсат этиш гувоҳномаси бўлмасдан туриб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин;
 
Инспекция ҳузуридаги этил спирти сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар, уларнинг тегишли тарзда ишлаши учун зарур техник шароитларни таъминлайдиган истеъмолэтил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда жойлашади;
 
ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолэтил спиртини реализация қилиш 100 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилади;
 
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар олдиндан тўловни амалга оширмасдан алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқига эга;
 
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмолэтил спиртини Инспекция томонидан тақсимланган ҳажмлардан ортиқча ҳажмда харид қилиш Инспекцияни белгиланган тартибда хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади;
 
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини режалаштириш ишлаб чиқарувчилар томонидан бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
 
4. 2020 йил 1 январдан бошлаб ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни амалга оширишга қуйидаги қўшимча лицензион талаблар жорий этилсин:
 
уч йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратиш ва келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги уч йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизига мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;
 
ароқ ҳамда истеъмолэтил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;
 
ароқ ишлаб чиқармайдиган корхоналарда истеъмолэтил спиртидан ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш;
 
бунда узум, мевалар ва резавордан тайёрланган алкоголь маҳсулотларига минимал ишлаб чиқариш ҳажми бўйича лицензион талаб ўрнатилмайди.
 
5. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишга илгари берилган лицензиялар, амал қилиш муддатидан қатъи назар, 2019 йил 1 июлгача ҳақиқий ҳисобланади ва янги лицензия талабларини ҳисобга олган ҳолда қайта расмийлаштирилиши шарт.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги:
 
Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 6-уй манзили бўйича жойлашган тугатилаётган “Ўзшаробсаноат” АЖнинг бино ва иншоотларини жиҳозлари ва ташкилий техникаси билан бирга Агентлик ва Инспекциянинг оператив бошқарувига бериш, шунингдек, тугатиш жараёни якунланганидан кейин жамиятнинг қолган пул маблағлари ва асосий воситаларини Агентлик ва Инспекцияга тенг улушларда тақсимлаш;
 
бир ой муддатда “Ўзстандарт” агентлиги балансидаги этил спиртнинг сифатини аниқлаш бўйича лабораториялар мулкини Инспекциянинг оператив бошқарувига бериш;
 
2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда алкоголь, ликёр-ароқ ва вино маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардаги давлат улушларини сотиш учун, жумладан, техник навли токзорларни яратиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашни кўзда тутган ҳолда инвестициявий талабларни тайёрлаш;
 
2019 йилнинг охиригача “Ўзшаробсаноат” АЖнинг мазкур Фармонга 1-иловада кўзда тутилган агрофирмалар, улгуржи базалар ва бошқа ташкилотлар устав жамғармаларидаги давлат улушларини белгиланган тартибда савдога қўйишни таъминласин.
 
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги салоҳиятли, жумладан, хорижий инвесторларни мазкур Фармонга мувофиқ реализация қилинадиган объектлар ҳақида кенг хабардор қилиш ва уларни харид қилишга жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирларни қабул қилсин.
 
7. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда, технологик ва иқтисодий мақсадга мувофиқлигини инобатга олган ҳолда, истеъмолэтил спиртини ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз буғдойзорларини ташкил қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
 
алкоголь маҳсулотлари айланмасини ҳисобга олиш ахборот тизимига уланишни асосий лицензия талаби сифатида белгилаган ҳолда алкоголь маҳсулотининг улгуржи савдосини амалга ошириш бўйича лицензия фаолиятининг янги турини жорий этиш;
 
алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таълим, спорт ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйича икки юз метрдан ортиқ радиусда жойлашган савдо объектларида, шунингдек, умумий савдо майдони минг квадратметрдан ортиқ бўлган савдо мажмуалари (бозорлар) ва ярмарка павильонларида реализация қилиш;
 
республика ҳудудига алкоголь маҳсулотларини полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материаллардан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб киришга тақиқ ва жавобгарликни ўрнатиш, пиво ва вино маҳсулотлари бундан мустасно.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилсин.
 
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти                                      
Ш.МИРЗИЁЕВ
 
Тошкент шаҳри,
2019 йил 5 февраль 

Теглар:Фармон вино узум алкоголь 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар