2016 йилнинг биринчи чорагида Тошкент халқаро аэропорти орқали 58 та божхона қоидабузарлик ҳолатларида 212 млн сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилди
Жорий йилнинг дастлабки чорагида Тошкент халқаро аэропорти орқали божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 58 та божхона қоидабузарлик ҳолатларида 212 млн сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, Олма-ота шаҳрига парвози олдидан қўшни давлат фуқароси А.Сергеева (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) божхона назорати вақтида шахсий кўрикдан ўтказилганда, чўнтагида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2100 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга урингани фош бўлди.
“Тошкент-Минск” рейси бўйича сафарга отланган пойтахтлик О.Назарова эса божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, ички кийимлари орасига яширилган 2200 АҚШ долларини олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Омади чопмаганлар қаторида навоийлик Т.Зафарова хам бор. Пойтахтдан Екатеринбургга учиш олдидан божхона кўриги давомида ушбу аёл сумкасидаги 2400 АҚШ долларини йўловчи божхона баённомасидан атайлаб “тушириб” қолдиргани аниқланди.
“Тошкент-Франкфурт” йўналиши бўйича учиб кетишга шайланар экан наманганлик К.Кодиров белгиланган меъёрдан ортиқча валютани чўнтагига солиб, бамайлихотир ўтиб кета оламан деб ўйлаган эди. Аммо, унинг безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Натижада у 2900 АҚШ доллари билан “хайрлашиши”га тўғри келди.
Россиялик Н.Иванова ҳам таваккалнинг “каттаси”га қўл урди. Новосибирскка парвози аввалида ушбу аёлга тегишли сумка божхона кўригидан ўтказилганда, у ноқонуний тарзда олиб чиқиш мақсадида йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 4200 АҚШ долларини яширгани маълум бўлди.
Бангкокка отланган бухоролик Ж.Олимова эса божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди. Қаранг-ки, бу аёл 4910 АҚШ долларини йўловчи божхона декларациясида қайд қилишни “унутиб” қўйибди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат берилган.
Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.