2000 АҚШ доллари нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.
Сеулга парвози олдидан хоразмлик В.Ким (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида 2 минг АҚШ долларини олиб чиқаётганлигини қайд қилди, аммо божхона кўриги давомида унинг сумкасидан яна шунча миқдорда нақд хорижий валюталар яширилгани божхона ходимлари томонидан аниқланган.
Пойтахтлик А.Чўпонованинг эса Римга парвози бироз кечикди. Боиси у ёнидаги ортиқча 1750 евро ҳақида йўловчи божхона декларациясида кўрсатмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўрови пайтида лом-мим демаган.
Истамбулга йўл олар экан, тошкентлик С.Каюмова божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш режасини тузди ва сумкасининг гўёки кўз илғамас бўшлиқларига 1800 еврони яшириб қўйган. Аммо, назорат-рентген аппарати бу ҳийлани бир зумда фош қилган.
Айни шу рейс бўйича сафарга отланган фуқаро М.Адиловга ҳам “омад” кулиб боқмади. Божхоначиларда шубҳа уйғотган ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ички кийимлари орасига 2470 АҚШ долларини яширганлиги маълум бўлди.
“Тошкент-Москва” рейси бўйича парвозга шайланган В.Цойнинг қинғир режалари чиппакка чиқди. У 3200 АҚШ долларини божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Истамбулга парвози олдидан самарқандлик Х.Равшанованинг нақд хорижий валюталарини яширинча олиб ўтишни кўзлаган “ширин” хаёллари бир зумда саробга айланди. Йўловчи яширинча чет элга олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган 5 минг АҚШ доллари билан хайрлашишига тўғри келди.
Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
Чет эл фуқароси томонидан йўловчи божхона декларациясида (олиб кириш пайтида тўлдирилган ва божхона органининг ходими томонидан тасдиқланган) кўрсатилган суммадан ортиқча нақд чет эл валютасини олиб чиқиш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банклар томонидан бериладиган рухсатнома асос бўлиб ҳисобланади.
Аммо, мазкур тартибларга риоя қилмай, республикамиздан нақд хорижий валюталарни яширин йўллар билан олиб чиқишга уринаётган чет элликлар ҳам учраб турибди.
Пекинга йўл олган хитойлик У.Чан парвоздан олдин божхона назоратидан ўтиш вақтида ёнидаги нақд ҳорижий валюталар ҳақида ёлғон кўрсатмалар бера бошлайди. Унинг безовталанишини пайқаган божхоначилар кўрик давомида 1800 АҚШ долларини яширинча олиб чиқишга уринганини фош этишди.
Украиналик Б.Валентина ҳам сафарга отланар экан, ёнидаги нақд хорижий валюталарни маҳкам қилиб белига боғлади. Гўёки, шу йўл билан ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осонгина кечади деб ўйлади. Ўзини хотиржам тутишга уриниб, божхоначиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва йўловчи божхона декларациясини тақдим қилади. Декларацияда 500 евро олиб чиқиб кетаётганлигини қайд қилган аёлнинг оғзаки сўровлар пайтида безовталаниши бир зумда барчасини фош қилди. Холислар иштирокида ушбу аёл шахсий кўрикдан ўтказилганда, 1900 евро нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлиги аниқланди.
Россия Федерацияси фуқароси А.Викторовга республикамиздан нақд хорижий валюталарни олиб чиқишнинг амалдаги тартибларини бузганлиги қимматга тушди. Москвага парвози олдидан ушбу шахс кўл сумкасига 1000 АҚШ долларини яширганча олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, божхоначилар ушбу шаҳарга отланган россиялик йўловчилар Н.Эгамова томонидан 2700 АҚШ доллари, О.Владимиров томонидан эса 300 евро ва 4525 АҚШ долларини яширинча олиб чиқилишига чек қўйишди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 182 та божхона қоидабузарликлари натижасида салкам 194 минг АҚШ доллари, 16,4 минг евро, 2 млн.дандан ортиқ Россия рубли ва бошқа нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.