Диний мазмундаги материалларни экспертиза қилиш гурухи мутахассисларнинг хулоса қилишича, ушбу материаллар “Ўзбекистон исломий ҳаракати” экстремистик гуруҳига қарашли “Жундуллоҳ” жиҳодий студияси томонидан тайёрланган.
Фуқаро А.Аминова (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) Россияда юрган кезлари ён атрофидагиларнинг қўл телефонларидаги диний маърузаларни тинглаб, дарров ўзиникига кўчириб олади. Гўёки, эзгуликка чорлаётган бу маърузалар аслида шунчаки ниқоб бўлиб, улар бошлаётган йўл “жиҳод”га элтишини бу аёл фаҳмламаган эди.
Ўзбекистонга кириб келар экан, божхона постида амалдаги тартибларга мувофиқ унинг қўл телефони кўздан кечирилганда, телефон хотирасида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмунданги материаллар борлиги аниқланди.
Диний мазмундаги материалларни экспертиза қилиш гурухи мутахассисларнинг хулоса қилишича, ушбу материаллар “Ўзбекистон исломий ҳаракати” экстремистик гуруҳига қарашли “Жундуллоҳ” жиҳодий студияси томонидан тайёрланган.
Фуқаро Аминова мазкур қилмиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, фуқаролар Г.Саидхонов Россиядан ёнида 6 дона диний адабиётлар ва 1 дона араб алифбосида тўлдирилган ёзув дафтари билан, Х.Холбоев эса ноутбуки хотирасида диний мазмундаги 6 дона видеолавҳа ва 5 дона маърузалар билан қайтадилар. Ваҳоланки, ушбу материалларни ҳам экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, диний адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсати билан амалга оширилади.