Ёнғин хавфсизлиги ходимларининг мусобақа эстафетасида Ўзбекистон терма жамоаси миллий рекордни ўрнатди.
Ушбу чемпионатда Россия, Беларусь Республикаси, Чехия, Украина, Мўғулистон, Озарбайжон, Словакия, Болгария, Туркия, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этган. Бу ҳақда ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Беларусь Республикаси, 2-ўринни Россия Федерацияси ва 3-ўринни Украина Республикаси ўт ўчирувчилари эгаллади.
Мусобақа ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш, ёнғин ўчирувчилар эстафетаси ҳамда ёнғин ўчириш мотопомпасидан жанговар ёйилиш турлари бўйича ўтказилди.
Ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш турида Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси олтинчи, 100 метрга тўсиқлар оша югуриш турида олтинчи, ёнғин ўчирувчилар эстафетаси турида тўртинчи ҳамда ёнғин ўчириш мотопомпасидан жанговар ёйилиш турида тўққизинчи ўринларни эгалладилар.
Шунингдек, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасининг 4-қаватига кўтарилиш турида бир нафар ҳамда 100 метрга тўсиқлар оша югуриш турида тўрт нафар терма жамоа спортчилари “Спорт устаси” меъёрларини бажарган.
Ёнғин ўчирувчилар эстафетаси турида Ўзбекистон терма жамоа аъзолари 55,77 сония натижани қайд этиб, янги миллий рекордни ўрнатди. Умумжамоа ҳисобида эса Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси бешинчи ўринни эгаллади.