...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда Президентликка номзодларнинг ташвиқотига старт берилди


12:43, 29.10.2016 Жамият
 3 312

Ўзбекистон Республикасида жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади.

Аввалроқ, Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг ҳужжатлари расман тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.
 
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун онлайн режимида брифинг ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида хабардор қилди.
 
Сайлов кампанияси мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилаётгани таъкидланди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади.
 
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади. 

Жумладан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.
 
“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурлы жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.
 
Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситаси – махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланади. Мамлакатимизнинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликларини бепул жойлаштириш имконияти яратилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, услублари ва мазмунини мустақил белгилайди.
 
Таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.
 
Брифингда сайловга тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9 минг 378, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилган. 

Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари таркиблари шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Комиссия аъзоларининг 69 фоизи илгари сайлов комиссияларининг фаолиятида бевосита иштирок этган ва муайян тажрибага эга фуқаролардир. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир. 

Брифингда сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш масалаларига, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ахборотдан фойдаланишлари учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500 дан ортиқ вакили, округ сайлов комиссиялари томонидан қарийб 560 нафар маҳаллий журналист аккредитациядан ўтказилди.

Теглар:Президент сайлови Сайлов ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар