...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркия бошига келиши мумкин бўлган Президентлар ким? Сайловга 13 кун қолди


12:26, 11.06.2018 Олам
 4 954

Ушбу сайловда қуйидаги 6 та сиёсий партия ўз номзоди билан қатнашмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида Президент сайлови бўлиб ўтади. Айни дамда мамлакатда бу тарихий воқеликка катта ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур сайлов жараёнлари бутун дунё экспертлари диққат марказида турибди.
 
Ушбу сайловда қуйидаги 6 та сиёсий партия ўз номзоди билан қатнашмоқда:
 
  • Жумҳурият халқ партияси – Муҳаррам Инже;
  • Адолат ва тараққиёт партияси – Ражаб Тойиб Эрдўған;
  • Халқларнинг демократик партияси – Салоҳиддин Демирташ;
  • Ийи партия – Мерал Акшенер;
  • Саодат партияси – Темел Карамоллаўғли;
  • Ватан партияси – Дўғу Перинжек.
 
Шу ўринда ушбу партияларнинг сиёсий мақсадлари тўғрисида маълумот бериб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
 
Жумҳурият халқ партияси Мустафо Камол Отатурк ва унинг сафдошлари томонидан 1923 йил 9 сентябрда ташкил этилган энг кекса партиялардан бири саналади. Партия дастурига назар ташлаганда ижтимоий, жинсий, ирқий тенглик ва кўпмаданиятлиликдан ташқари, барча либерал демократик қадриятларни устувор йўналиш сифатида белгиланганлигини кўришимиз мумкин. Ушбу партиядан номзод сифатида Муҳаррам Инже кўрсатилган бўлиб, у ижтимоий медиа юлдузларидан бири саналади.
 

 
Депутатлик фаолияти давомида, хусусан, Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари ва ҳукумати билан кўп бора мунозарага киришгани ва ўжар  характери билан омма эътиборини торган. Айниқса, 2009 йил 25 декабрда Туркия парламентида ҳукумрон партияни қаттиқ танқидга олиб сўзлаган 10 дақиқалик нутқи интернет, кўплаб газета ва журналларни ларзага солган эди. Муҳаррам Инже экспертлар томонидан Эрдўғандан сўнг энг кучли номзод сифатида кўрилмоқда.
 
Aдолат ва тараққиёт партияси (AТП): Ражаб Эрдўғаннинг катта сиёсатга кириб келиши бевосита Туркияда АK Parti номи билан машҳур Адолат ва тараққиёт партияси билан боғлиқдир. Ушбу партия 2001 йилда Эрдўған томонидан ташкил этилган. Шу билан бирга Туркиянинг 58 ва 59-ҳукуматини тузган партия ҳисобланади.
 

 
Эътиборли жиҳати шундаки, Адолат ва тараққиёт партияси ташкил топганидан буён иштирок этган барча сайловларда биринчи партия бўлиб келмоқда. Мазкур партия дастуридаги асосий ва таянч тушунчалар таҳлил этилганда, демократик қадриятларга катта аҳамият берилганига гувоҳ бўламиз. Партия дастурида иқтисодий либерализмнинг таянч тушунчалари бўлган хусусий мулк, савдо ва сармоя кабиларга муҳим аҳамият қаратилган. АТП демократия иқтисодий тамойиллар масаласида либерал ёндашгани унинг партия дастуридан маълум бўлади. Ушбу партия ҳокимият тепасига келганидан буён олиб борган ижобий ўзгаришлар баъзи хорижий кузатувчилар ва Ғарб раҳбарлари томонидан “сокин инқилоб” деб аталди.
 
Амалдаги Президент ва АТП етакчиси бўлмиш Эрдўған энг узоқ муддат лидерлик вазифасини бажарган сиёсатчи сифатида Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркдан ҳам ўзиб кетди. Шу жиҳатдан ҳам Эрдўған Туркиянинг қиёфасини ўзгартирган “Миллат ўғлони” ва ҳатто “Аср лидери” сифатида ном қозонган. Муҳолифат томонидан эса 1996 йилда “Демократия ҳудди трамвай кабидир. Манзилимизга етиб олгач, ундан тушамиз... Демократия мақсадимиз эмас, балки воситамиздир” дея асл мақсадини айтган ва Туркияни демократиядан кундан-кунга узоқлаштираётган босқинчи авторитар лидер, керак бўлса, диктатор сифатида кўрилмоқда.
 
Ийи партия Мерал Акшенер томонидан 2017 йил 25 октябрда тузилган энг ёш партиялардан бири бўлиб, Анқарада жойлашган Нозим Ҳикмат Маданият Марказида ўтказилган конгрессда партия номи, логотипи ва шиори тасдиқланган. Унинг логотипи бир қатор тортишув ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Партия дастурида қуйидагилар алоҳида ажратиб кўрсатилган:
 

 
  • Туркия дунёнинг энг тараққий топган 10 мамлакати орасидан жой олиши;
  • Миллий иқтисодиётни киши бошига 14 500 долларга етказиш;
  • Аёллар саводхонлигини кескин ошириш;
  • Илк бир йил мобайнида янги конституция орқали парламентар тизимга қайтиш;
  • Ишсизлик даражасини 8 фоизга тушириш ва бошқалар.
 
Халқларнинг демократик партияси 2013 йил 27 октябрда тузилган бўлиб, Туркиядаги миллий озчилик манфаатлари ҳимоячиси сифатида намоён бўлмоқда. Партия дастурида ҳам миллий озчилик манфаатлари, жумладан, курд муаммосининг ижобий ҳал қилинишига, инсон ҳуқуқларининг мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратилган.
 

 
Партия номзоди Салоҳиддин Демиртош Туркия тарихидаги илк ҳибсдан чиққан номзод сифатида барчанинг ҳайратига сазовор бўлмоқда.
 
Саодат партияси номзоди Темел Карамоллаўғлу катта сиёсий тажрибага эга шахс, сиёсий исломнинг омма олдидаги маънавий қиёфаси сифатида Эрдўған ва Муҳаррам Инжеларнинг энг асосий рақибларидан бири сифатида кўрилмоқда.
 

 
Ушбу партия 2001 йил 20 июль санасида ташкил топган. Партиянинг вужудга келиши бевосита Фазилат партиясининг тугатилиши билан боғлиқ. Партия асосий ғоясининг туб моҳиятида миллатпарварлик, исломпарварлик ва динпарварлик тушунчалари ётади.
 
Ватан партияси 2015 йил 15 февралда миллатпарварлар ва социалистларни бир маконда жамлаш мақсадида тузилган. Мазкур партия рус миллатпарвари Александр Дугиннинг ва Нео-Евросиёчилик ғояларини қўллаб-қувватлайди.
 

 
Партиядан кўрсатилган номзод – Дўғу Перинжек ўз чиқишларида давлатнинг мустақиллиги ва бирлиги, миллий анъаналарга содиқ қолишни, жамиятда инсонларнинг тенглиги, турли ижтимоий гуруҳлар ва мазҳабларни тараққиёт йўлида бирлаштириш, миллий давлат ва халқ бошқарувини янгидан ташкил қилиш, империализмга қарши чиқиш каби масалаларни олға сурмоқда.
 
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бир неча кундан кейин Туркияда бўлиб ўтадиган Президент сайлови нима билан якун топиши ҳақида ҳозирдан тахмин қилиш қийин. Аммо шуниси аниқки, амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳар томонлама устунлиги рад этиб бўлмас ҳақиқатга айланиб бормоқда. Ражаб Тойиб Эрдўған замонавий Туркиянинг шаклланишида, демократлашувида, мамлакат тараққиётига катта тўсиқ бўлиб келган ички ва ташқи муаммоларни бартараф этилишида катта сиёсий куч сифатида номоён бўлди. У мамлакатни ҳар томонлама ривожланиш сари етаклаган қатъий ва узоқни кўра олувчи лидер сифатида Туркия тарихида муҳим ўрин тутди. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётини эркинлаштириш, фан-таълим, спорт, соғлиқни-сақлаш ва бошқа ижтимоий соҳаларда туб бурилиш ясай олди. Дунёвий-демократик, ижтимой ва мустаҳкам қонунчилик асосларига эга бир давлат ташкил этди. Мамлакатнинг ҳарбий қудрати ошди ва НАТО доирасида АҚШдан кейинги ўринга кўтарилди. Унинг бошқаруви остида Туркия ўртамеёна давлатдан кучли иқтисодиётга эга Европанинг 6, дунёнинг 17-давлатига айланди.
Ғаниев Абдуллажон Зафар ўғли

Теглар:Туркия Президент сайлови Ражаб Тойиб Эрдўған 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!