
Маҳсулотлар Фарғона вилояти чегарасидан олиб кетилаётган вақтида қўлга олинди.
Таъкидланишича, фуқаро Б.В. бошқарувидаги “ISUZU” русумли юк автомашинаси кўрикдан ўтказилганида автобус салони ва юкхонасида 2 хил турдаги хорижда ишлаб чиқарилган жами 184 500 қути “Business Royal” ва “Milano”номли тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг олиб борилган қўшимча тезкор-қидирув тадбирлари давомида Фарғона вилояти Данғара тумани Катта Равон кўчасида яшовчи фуқаро М.Б.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, қиймати 105 000 000 сўмлик 15 000 қути “Milano” номли тамаки маҳсулотлари ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди.
Ўтказилган тадбир давомида умумий қиймати 1 млрд. 509 млн. сўмлик жами 199 500 қути хорижда ишлаб чиқарилган, акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.