Ўтказилган тадбир давомдиа бўлиб-бўлиб яширилган йирик миқдордаги пуллар аниқланган.
Машина кўздан кечирилганда, унинг иситиш мосламаси ичида 23 та ўрамда АҚШ доллари борлиги аниқланган. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида эфирга узатилган лавҳада таъкидланган.
Маълум бўлишича, ушбу пуллар мазкур машинада кетаётган А.М.га тегишли бўлган. Nexia автомашинаси эгаси, Водил қишлоғида яшовчи А.Д.нинг айтишича, у 50 доллар эвазига А.М.ни Қўқон шаҳрига олиб бориб, ушбу валюталарни олиб келган.
Тезкор суриштирув давомида А.Д.нинг яшаш хонадонидан ҳам 24 та ўрамда бўлган АҚШ долларлари олинган. Шунингдек, А.М. ушбу валюталарни Қўқон шаҳрида Ў.Х.дан олганлиги аниқланди ва у ҳам ушланган.
Лавҳада айтилишича, ноқонуний пулларнинг умумий миқдори 1 млн 763 минг долларни ташкил қилган.
Яна бир ҳолат. Қирғизистонда туғилиб ўсган ва ҳозирда Фарғона вилояти Фарғона туманида истиқомат қилувчи 56 ёшли А.Ё.нинг автомашинаси ҳам кўздан кечирилганда, 35 дона ўрам топилган. Улар очиб текширилганда 1 млн 771 минг 650 АҚШ доллари борлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, Бувайда туманида яшовчи Н.Ж. ушбу пулларни Тошкентдан Фарғонага келтириб берган. А.Ё. эса уларни ноқонуний йўллар орқали Қирғизистон Республикасига ўтказиб бериши керак бўлган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида қонунбузарлардан жами 3 млн 534 минг 650 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ЖКнинг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу пулларнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўриляпти.