2018 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эдик. Бош прокуратура Каратэ Миллий федерациясининг қатор мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан расмий ахборот берди. Унда Бош прокуратура бугун, 23 январь кунм Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган "Нурхон Нафасовнинг кирдикорлари фош бўлди" номли хабарна эътироз билдиради. “Мазкур хабар бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати шуни қатъиян маълум қиладики, қўзғатилган жиноят ишлари ва олиб борилаётган тергов ҳаракатлари юзасидан расмий маълумотлар фақатгина бу борада мутасадди тергов ва назорат қилувчи органлар томонидан берилади Шунингдек, таъкидлаш зарурки, дастлабки терговнинг ҳолатлари ва унга жалб қилинган шахслар ҳақида кенг жамоатчиликка турли талқиндаги хабарларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси қоидаларига зид ва бундай ҳолатлар ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши мумкин”, дейилади хабарда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган ҳолат бўйича Бош прокуратура Матбуот хизмати қуйидагиларни расман маълум қилади. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон каратэ миллий Федерациясининг қатор мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан аниқланган ҳолатлар бўйича бирор-бир шахс, хусусан Н.Нафасов гумонланувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган. Баъзан Миллий олимпия қўмитаси томонидан тарқатилаётган хабарларни ўқиб туриб, қўмита ўз ҳузуридаги ва ҳамкор ташкилотларнинг билан доимий ёмон муносабатда деган хулосага келамиз. Бир вақтлар Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиевга ҳам шундай "ахборот уруши" очилган эди. Навбат Нафасовга етди чоғи.