Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Пойтахтимиздаги “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари темир йўл контейнерларидан бирини ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Божхона кўриги давомида маълум бўлишича, контейнерлардан бирининг ичидаги 20 тоннадан ортиқ юклар Латвиядан пойтахтимизда фаолият юритувчи маъсулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган бўлиб, улар орасидаги салкам 5 тоннаю 800 кг шоколад ва сақичлар бўлган. Маҳсулотларнинг истеъмол муддати деярли 3 йил аввал ўтиб бўлган. 830 килограмдан ортиқ картошка чипсларининг истеъмол муддатига эса атиги 1 ой қолгани аниқланган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 127-сонли қарорига мувофиқ республикага олиб кириладиган озиқ-овқат товарларини белгиланган тартибда давлат тилида маркировка қилишга доир талабларга ҳам умуман риоя қилинмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган салкам 2800 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 6,4 млрд сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.