Жаҳон бозорида товарларга нарх белгилашда нефть омили катта аҳамиятга эга. Логистика, ишлаб чиқариш ва саноатнинг турли илғор қисмларида кенг фойдаланиладиган нефть нега арзонламоқда?
Нефть нарх сиёсати, аввало, унга бўлган жаҳон бозоридаги талаб ва таклиф билан ҳаракатга келтирилади. Нефть ишлаб чиқарувчи давлат ва компаниялар истеъмол учун таклифни кўпайтириб юбориши, унинг қийматини табиий пасайишига сабаб бўлади.
Шунга қарамай, уч мезон борки, булар нефтнинг бозордаги нархига кучли таъсир ўтказа олади.
Биринчидан, бу нефтнинг саноат ҳаётида тутган ўрни, десак адашмаймиз. Озиқ-овқат, энергия, пластик, кимё саноатида муҳим ўрин тутувчи хом ашё, 2012 йилда транспортация сохасида 96 фоиз ишлатилган бўлса, бу кўрсаткич 2040 йилга бориб 88 фоиз бўлиши тахмин қилинмоқда. Рақамлар нефтга бўлган талабнинг пасайиши демак. Талаб камайганда, нарх тушиш керак эмасми? Қуйида, бошқа икки сабаб саволга жавоб беради.
Иккинчидан, қора олтин қийматига субъектив таъсир ўтказа оладиган капиталист, монархия шаклидаги давлат раҳбарлари ва транс-миллий корхоналар алоҳида нарх назоратига эга. Бу бозор механизмини бошқаришга имкон беради. Улар сунъий нарх-навони кўтариши ёки тушириши мумкин.
Учинчидан, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун тузиб чиқилган геосиёсий тўқнашувлар иқтисодиётдаги нефть нархига таъсир ўтказади. Масалан, 1951 йил Эронда ҳукумат тепасига келган Моссадиқ мамлакат нефть захираларини миллийлаштиради. Бу эса арзон ва қулай шароитда нефтни ишлаб чиқариб, ундан даромад қилаётган Буюк Британия, хусусан, АҚШ компанияларига хуш келмади. Оқибатда, Моссадиқ шахсини йўқ қилиш учун икки мамлакат разведка бошқармалари тезкор операцияларни уюштирди.
Келтирилган учта омил ХХ аср сўнггида яна биттага кўпайди. ХХI аср бошида, ривожланган мамлакатлар тажрибасида муқобил энергия манбаларини қидириш муҳим ўрин эгаллай бошлади. Бунга асосий сабаблари қора олтин истеъмоли натижасида Ер заминига етказилаётган зарарларни камайтириш ва иқтисодий манфаатларда ютиб чиқишдир. Биргина Германияда сарфланган бирламчи энергия турларининг 12,6 фоиз миқдоридаги улуши муқобил энергия ҳиссасига тўғри келмоқда.
Агар мантиқан ўйлаб қарасак, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишимиз манфаатлидек туюлади, фақат нефть ундан қиммат бўлсагина. Аммо қора олтин нархи бу турдаги энергияда анча арзон. Хўш, нега? Бунга геосиёсий ўйинлар ва нефть нархини назорат қилувчи якка шахс ҳамда компаниялар тутаётган стратегия сабаб бўлмоқда.
Ана шу бот-бот такрорлаганим, бошқарувчилар ким ўзи? “BP” ва “Shell” компанияларими? Асло! Бозорда ҳиссадор сотувчилар бундан кўп.
1960 йилда Бағдодда бешта давлат ташаббуси билан ташкил этилган “OPEC”га эндиликда 13 та давлат аъзо ҳисобланади. Улар дунё нефть бозорининг 42 фоиз қисмини етказиб беради, аниқланган манбаларнинг 73 фоиз эгалик қилади. 1970 йил ташкилотга аъзо давлатларнинг стратегияси, нефтнинг ишлаб чиқариш ҳажимини кескин тушириб юбориши эвазига унга бўлган талаб ортиб кетган. Лекин бугунги кунда “OPEC” ташкилотига аъзо бўлмаган АҚШ, Россия, Мексика, Канада, Хитой ҳам ўз бошқарувидаги компаниялар орқали нефть нархига таъсир ўтказмоқда. “OPEC” қанчалик ишлаб чиқаришни камайтириб, нарх мувозанатига эришмоқчи бўлса, Россия ва АҚШ нефтни қайта ишлаш ҳамда экспорт қилишни кучайтирмоқда.
Хитойнинг стратегияси бошқалардан сал фарқланади. У Африканинг айрим давлатларига сармоя киритиб, инфраструктурани ривожлантирмоқда, эвазига хом ашё, хусусан нефтни ҳам тўғридан-тўғри импорт қилишни йўлга қўйиб олди. Якунда биз нималарни кутишимиз мумкин? Натижалар турли кўринишда пайдо бўлмоқда ва уларнинг ҳаммаси геосиёсий ўйинларда ким ғолиб бўлишига боғлиқ