50 ёшни қаршилаган Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Раҳимов гиёҳвандлик воситасини сотишда ўзига хос йўлдан фойдаланган.
Аниқланишича, 50 ёшни қаршилаган Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.Раҳимов (ҳуқуқбузарларнинг исми ва шарифи ўзгартирилган) гиёҳвандлик воситасини сотишда ўзига хос йўлдан фойдаланган. У қарши шаҳридаги йўналишдаги автобуслардан бирини бошқариш билан бирга, иш жараёнида йўл-йўлакай “мижоз”ларига гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан ҳам шуғулланиб, гуёки “бир ўқ билан икки қўённи урди” қабилида иш юритган.
Олиб борилган тезкор тадбир давомида Қ.Раҳимовнинг яшаш хонадонидан ҳаммом томи ва девор устига хуфёна тарзда қоғозларга ўралган ҳолдаги ҳамда ўн икки дона гугурт қутиларига солинган, шунингдек ҳовлидаги иситиш тизими хонасининг яширин жойларига икки газетага ўралган ҳолда хуфёна жойлаштирилган 153,2 граммдан иборат бўлган гиёҳванд модда топилган.
Бундан ташқари, тадбирда унинг доимий мижози бўлган фуқаро С.Қўлдошевнинг эгнидаги кийимининг чўнтакларидан уч дона гугурт қутиларига жойлаштирилган ва бир дона минг сўмлик купюрага ўралган ҳамда унинг яшаш хонадонидан икки дона қоғоз бўлакларига ўралган оғирлиги 9 граммдан иборат гиёҳванд моддалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Вилоят ИИБ ЭКБнинг эксперт хулосаларига кўра, фуқаролар Қ.Раҳимов ҳамда С.Қўлдошевлардан ашёвий далил сифатида олинган гиёҳванд моддалар марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.