...
МЕНЮ
ONLINE TV

Беҳаё фильмлар ишқибозлари қўлга тушди


11:32, 14.10.2016 Жамият
 7 319

Ўзбекистон ҳудудига божхона постлари орқали олиб ўтилаётган телефон, ноутбук ва бошқа техник буюмларида порнографик суратлар ва видеолар бўлган шахслар жавбгарликка тортилди.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деб бежиз айтишмаган. Республикамиз божхоначилари томонидан доимий равишда Ўзбекистон ҳудудига жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёликни тарғиб этувчи материалларни олиб кириш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилади.
 
Самарқанд халқаро аэропортида Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро О.Тиллаев (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) беҳаё томошаларнинг “ишқибоз”ларидан бири бўлиб чиқди. Гап шундаки, божхона назоратидан ўтиш вақтида, унга тегишли қўл телефони кўздан кечирилганда, 72 дона беҳаё мазмундаги фото ва видео материаллар борлиги аниқланган.
 
Шаҳвоний саҳналар акс этган 200 дан ортиқ видеолавҳаларга телефонидан жой ажратган жиззахлик К.Таджиев ҳам Внуководан қайтар экан, Самарқанд аэропортида божхоначилар қаршисида ер чизиб қолди.
 
Хориждан янгийўллик В.Ольга номига юборилган почта жўнатмаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур жўнатмада беҳаёликни тарғиб этувчи 3 дона китоблар юборилганлиги аниқланди.
 
“Челябинск-Тошкент” рейси бўйича поездда кириб келган йўловчи, фарғоналик Б.Аҳроров ноутбукига 370 донадан ортиқ беҳаё фотосуратларни жамлаган, аммо, божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида, уларни ўчириб ташлашни “унутиб” қўйибди. Натижада, “Келес” темир йўл чегара божхона постида бироз “ушланиб” қолишига тўғри келди.
 
Қўл телефони воситасида беҳаёликни ўзига доимий “ҳамроҳ” қилганлардан яна бири хазорасплик Б.Кенжаев экан. “Москва-Урганч” рейси бўйича парвозини якунлаган ушбу шахснинг қўл телефони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, унинг хотирасида 94 дона беҳаёликни тарғиб этувчи фото ва видео материаллар борлиги фош бўлди.
 
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларнинг республикамизга олиб кирилишига қарши чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
 
Жумладан, “Ғишткўприк” божхона комплекси орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро О.Турсунов уяли алоқа воситаси хотирасида 104 дона беҳаё мазмундаги видео файлларни олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
 
Шунингдек, мазкур комплексда божхоначилар пойтахтлик Р.Тургуновнинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйишди. У божхона назоратидан яширинча телефон хотира картасида 277 дона видео ва фото материалларни олиб киришга урингани аниқланди.
 
Бухоро аэропортида Москвадан учиб келган А.Жумаевнинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, унга тегишли қўл телефони хотирасига 173 дона беҳаё мазмундаги виделавҳалар жойлаштирганлиги аниқланди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган хабарда.
 
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 2200 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 67,8 минг донадан ортиқ турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилган
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-1871 сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт махсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио махсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисимизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 
Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Теглар:Давлат божхона қўмитаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар