Икки йўлакли тизимдан барча жисмоний шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Унга кўра 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинмоқда.
Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати хабарига кўра, Икки йўлакли тизимдан барча жисмоний шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, Ушбу йўлакларнинг бир-биридан фарқи бу, олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш туридадир.
Яъни, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки декларациялайди, “қизил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи эса товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялайди.
Бундан ташқари “Яшил” йўлак орқали жисмоний шахслар нотижорат мақсадда фақатгина Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги товар ва валюта бойликларини олиб ўтишлари мумкин:
– олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар;
– қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган товарлар;
– ёзма декларациялаш талаб этмайдиган ҳамда олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ҳамда хорижий валютасининг чекланган нормалари миқдоридаги маблағлар.
Жисмоний шахслар “қизил йўлак” орқали ҳаракатланишида қуйидаги товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялашлари лозим:
– олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланган товарлар;
– қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошадиган товарлар (Мисол учун, ҳозирда амалда бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига кўра 2 литрдан ортиқ алкогол маҳсулотлари; 10 қутидан ортиқ тамаки маҳсулоти; 30 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини олиб ўтаётган шахслар қизил йўлак орқали ҳаракатланиш чоғида божсиз олиб ўтиш нормасидан ошадиган товар-моддий бойликларни декларацияда қайд этадилар)
– ёзма декларациялаш талаб этиладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд хорижий валюталар.
“Қизил йўлак” орқали ўтадиган жисмоний шахсда йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган, ёзма равишда декларацияланиши шарт бўлган товарлар борлиги аниқланган ҳолатларда, бундай шахс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.