Ўзбекистон делегацияси ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари минтақа ва жаҳондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашишади.
Шунигндек, ШҲТ доирасида иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламдаги масалалари, ташкилотга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг бажариш бўйича тадбирлар режасининг амалга ошириш жараёни ва кўп қиррали кун тартибининг бошқа масалалари муҳокама қилинади.
Йиғилишда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон вакиллари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Ижроия қўмитаси, Ишбилармонлар кенгаши ва ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси Котибият раҳбарлари ҳамда қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги Ҳукумат делегацияси 14–17 ноябрь кунлари Германия Федератив Республикасига ташриф буюрган эди.