Учрашувда Мирзиёев ташкилот доирасида ишга солинмаган улкан ҳамкорлик салоҳияти мавжудлигига эътибор қаратди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси вакили ШҲТ Бош котиби лавозимига муносиб кўрилишини тарихий воқеа деб айтган. Ўзбекистон фуқароси илк бор халқаро ташкилот раҳбари бўлди.
Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев очиқ ва конструктив мулоқот майдонига, кўп томонлама ҳамкорликнинг таъсирчан механизми ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг муҳим омилига айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига юқори баҳо берди.
Ўтган даврда кўп томонлама алоқаларнинг ишончли ҳуқуқий-базаси шакллангани ва ШҲТнинг 30 га яқин ишчи органлари муваффақиятли фаолият олиб борётгани қайд этилди.
Хорижий давлатлар ва халқаро тузилмаларнинг мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга бўлган қизиқишлари ўсиб бораётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти ташкилот доирасида ишга солинмаган улкан ҳамкорлик салоҳияти мавжудлигига эътибор қаратди.
Хавфсизликни таъминлаш, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт коммуникацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги ва минтақалараро ҳамкорлик кабилар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.
Мамлакатда ташкилот доирасида ҳамкорликни кенгайтириш учун изчил ўзгаришлар амалга оширилаётгани, хусусан, Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ташкил этилгани ва Самарқандда “Ипак йўли” туризм университети очилиши таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари Владимир Норовга ШҲТ бош котиби лавозимидаги фаолиятида муваффақият тилади.