...
МЕНЮ
ONLINE TV

Осиёнинг 8 давлати темир йўл раҳбарлари Тошкентда йиғилди


17:52, 19.09.2018 Жамият
 2 355

Мажлисда ташкилотга аъзо саккиз давлат ва кузатувчи давлат вакиллари қатнашди.

Аввалроқ, тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг темир йўллари идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.
 
Бугун, 19 сентябрь куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
 
Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар  вакиллари – Ҳиндистон Республикаси Темир йўллар вазирлигининг Темир йўллар кенгаши аъзоси Гириш Пиллай, Қозоғистон Республикаси “Темир йўллар” Миллий компанияси бошқаруви раиси Канат Алписбаев, Қирғизистон Республикаси “Темир йўллари” Миллий компанияси давлат корхонаси бош директори ўринбосари Руслан Бектемиров, Хитой Халқ Республикаси темир йўллари давлат бошқаруви бошлиғининг ўринбосари Лю Кэцян, Покистон Ислом Республикаси “Покистон темир йўллари” раиси Муҳаммад Жавад Анвар, Россия Федерацияси темир йўллари очиқ акциядорлик жамияти бош директори – бошқарув раиси Олег Белозеров, Тожикистон Республикаси “Тожикистон темир йўллари” давлат унитар корхонаси бошлиғи Комил Мирзоали иштирок этди.
 
Ушбу учрашувда транспорт хизматлари бозорини кенгайтириш, темир йўл соҳаси имкониятларини шакллантириш, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, тариф сиёсати бўйича музокалар олиб борилди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудида янги иқтисодий халқаро коридорларни яратиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари хусусида ҳам сўз юритилди.
 
Логистик марказлар тизимини яратиш ва ундан кенг фойдаланиш, ШҲТга аъзо давлатлар экспорт ва импорт юкларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш жараёнида кўрсатилаётган хизматларни яхшилаш масалалари кўриб чиқилди. Тадбирда темир йўл транспорти инфратузилмасида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия тизимлари иштирокида янги темир йўл транспорт коридорларини яратиш, юк ташиш имкониятларини оширадиган, муҳими, денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги лойиҳаларни ишга тушириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
 
ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши транспорт-коммуникация комплексининг тараққиётига боғлиқ. Хусусан, темир йўл транспорти давлатлараро товар айрибошлаш, импорт-экспорт ташувлар, айниқса, денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқолмаган ва асосан юкларни қуруқликда ташишга ихтисослашган мамлакатлар учун муҳим ўрин тутади.
 
Шунингдек, мажлисда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон темир йўллари раҳбар ва мутасаддилари, ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори Озарбайжон Республикаси темир йўллари раиси, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Се Сяоюн қатнашди.
 
Мажлис давоми 20-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Халқаро конференция якунида соҳага оид ҳужжатлар имзоланади. Мазкур ҳужжатлар транспорт инфраструктурасининг ривожланишини ижобий шаклланишига, йўл қурилиши ва транспорт-логистик марказлар яратилишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Темир йўл ШҲТ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар