...
МЕНЮ
ONLINE TV

2016 йилнинг биринчи чорагида ДБҚ томонидан 17,8 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди


17:49, 12.05.2016 Жамият
 2 549

Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5,1 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида йирик миқдордаги товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қуйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида фуқаро Б.Наримоновнинг (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида 1236 тўп газламалар ҳеч қандай ҳужжатларсиз яширин равишда сақланаётганлиги фош қилинди. Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қиймати 335 млн. сўмдан ортиқ бўлган салкам 40 минг метр ўлчамдаги мазкур матолар хоразмлик Ж.Бобоевга тегишли экан.
 
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” чегара божхона пости ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда хориждан Фарғона вилоятида фаолият юритувчи корхоналар номига келтирилган темир йўл контейнерларидаги юклар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, мазкур контейнерларда тегишли йўл ҳужжатларида кўрсатилмаган ортиқча 54 турдаги халқ истеъмоли товарлари борлиги аниқланди. Дастлабки маълумотларга асосан ушбу товар моддий бойликларнинг умумий нархи салкам 1,7 млрд сўмни ташкил қилар экан.
 
Саноатда муҳим аҳамият касб этувчи қора ва рангли металлга эҳтиёж ҳамиша баланд бўлиб келган. Шу сабабли, қора ва рангли металлнинг парчалари ва чиқиндилари ҳам ўз қийматини йўқотмайди. Божхона органлари ўз ваколати доирасида бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда, ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб ўтилиши ва айланмасининг олдини олиш, республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек қимматли хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
 
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида республикамиздан олиб чиқиш учун тўплаб қўйилган рангли металл парчаларининг яширин омборини фош қилишди.
 
Шайхонтохур туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Иззатовага тегишли гараж белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, рангли металларни сақлашга ва қабул қилиб олиш учун белгиланган тартибда давлат корхоналари рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий оғирлиги 2 тонна 200 кг.дан зиёд бўлган ҳар хил турдаги - мис, алюминий, қўрғошин ва латунь металлари ва уларнинг чиқиндилари борлиги аниқланди.
 
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
 
Таъкидлаш жоизки, 2016 йил дастлабки чорагида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 5,1 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 17,8 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида ушлаб қолинди.

Теглар:Давлат божхона қўмитаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар