...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Мирзо Улуғбек”: Боши бору охири йўқ навбатдаги спектакль


02:19, 09.05.2016 Театр
 6 762

Мирзо Улуғбек даврида А4 ўлчамидаги оппоқ қоғозлар бўлмагани аниқ, бироқ бу спектаклда айнан шундай қоғоздан фойдаланилганига гувоҳ бўлдик.

Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
                                                 Алишер Навоий
 
Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актёрлари ва Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов иштирокидаги “Мирзо Улуғбек” спектаклининг премьераси бўлиб ўтди.
 
Истиқлол йилларида халқимизнинг тарихини тиклаш, маданий бойликларимизни бус-бутунлигича келажак авлод етказиш, шу диёрда етишган улуғ авлиёлар ва даҳоларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини ёшларга танитиш асосий вазифа сифатида белгилаб олинди. Бугунгача мамлакатимизда фаолият юритаётган театрларда “Алишер Навоий”, “Лайли ва Мажнун”, “Нодирабегим”, “Соҳибқирон” каби тарихий шахслар образи гавдалантирилган йирик саҳна асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ўзбек миллий академик драма театри актёри Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ва Ҳамид Олижон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актёрларининг ҳамкорликдаги “Мирзо Улуғбек” спектакли ҳам шулар жумласидандир.
 


Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган мазкур асар томошабинни илк дақиқаларданоқ ўз оламига торта олади. Тўғри танлаган актёрлар гуруҳи, пухта сценарий асарнинг бадиий юкини ошириб турибди. Айниқса, ёш актёрларнинг ижроси профессионал, анча йиллик тажрибага эга актёрларникидан деярли фарқ қилмаяпти. Бунда устоз-шогирд анъаналари саҳнада ўз аксини топаётганини кўриш мумкин.
 
Навбатдаги спектаклни хато ва камчиликлардан ҳоли деб айтиш, бироз қийин. Ҳар ҳолда режиссёр ва рассом айрим деталларга эътибор қаратмагани шундоқ кўриниб турибди. Мирзо Улуғбек даврида А4 ўлчамидаги оппоқ қоғозлар бўлмагани аниқ, бироқ бу спектаклда айнан шундай қоғоздан фойдаланилганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари спектаклда театрнинг техник имкониятларидан тўла фойдаланилмаган. Саҳнанинг айланиши, декорациялар ўзгариши, парда очилиб ёпилишини томошабинлар анча кутди. Бироқ ҳамма воқеа бир декорацияда – Мирзо Улуғбек тахти атрофида содир бўлаверди. Балки бунда ҳам мажозий маъно бордир. Режиссёр асосий урғуни Мирзо Улуғбек тахти атрофидаги бошбошдоқликларга бермоқчи бўлгандир.



Қолаверса, спектакл туйқусдан якун топиши, Мирзо Улуғбек фожиасининг саҳнага олиб чиқилмагани томошабинларда қатор саволларни уйғотди. Гўё асарнинг боши бору охири йўқ. 
 
Умуман олганда, навбатдаги саҳна асарини ўзбек театр санъатидаги катта бурилиш, муваффақиятли қадам, деб аташ мумкин.
 
Дарвоқе, шу ўринда кичик бир мулоҳаза: Тўй-ҳашам, чарларию базмлардан ортмайдиган, театрда ишлашдан мақсади – ижод қилиб, халқнинг маънавий онгини юксалтириш эмас, ўз рекламасини бир маромда ушлаб туриш бўлган : Ўзбек миллий академик драма театрининг баъзи актёрлари Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театри актёрларидан ўрнак олишса, ёмон бўлмасди. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Мирзо Улуғбек Эркин Комилов Ўзбек миллий академик драма театри Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!