8 май куни Шаҳзода Муҳаммедовага тегишли аёллар либослари дўкони ва тикув цехининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шаҳзода Муҳаммедовани кўпчилик кино ихлосмандлари нафақат актриса, балки қўли гул тикувчи, дизайнер сифатида яхши билади. Қўлига тушган бир парча қоғозга дунё гўзаллигини тасвирлай оладиган актриса тиккан либослар ўтган йилларда тилга тушиб, ўзбек қизлари эгнида ял-ял товланди.
Бундан бироз аввал, актриса Шаҳзода Муҳаммедова бугун ёшларга қаратилган юксак эътибордан фойдаланган ҳолда ўзи тиккан аёллар либослари дўкони ва тикувчилик цехини ташкил қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 8 май куни мазкур либослар дўкони ва тикув цехининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳрида жойлашган дўкон атрофи соат 18:00 да меҳмонлар билан гавжум эди. Дўконни актрисанинг яқин дўсти ва ижодий ҳамкорларидан бири “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошева очиб бериб, актриса Шаҳзода Муҳаммедованинг қобилияти, тиниб-тинчимаслиги ва ушлаган ерини кесиши, ўзбек қизлари бугун ҳар соҳада дунё ёшларини лол қолдираётганини алоҳида эътироф этди.
Маросимга Шаҳзодани қутлаш мақсадида актёрлар Алишер Узоқов, Дилшодбек Каттабеков, Ҳалима Ибрагимова, Муқаддас Саъдуллаева, хонандалар Умар Шамсиев, Ойбек ва Нигора, Умидахон, Ирода Иралиева, шоир Аҳад Қаюм ташриф буюрди. Улар орасида айни кунларда Шаҳзоданинг атрофида кўп кўринаётган ва куёвликка даъвогарлик қилаётган Азамат Аҳроровга ҳам кўзимиз тушди.
Бугунгача кўплаб танлов ва фестивалларда ўзи тиккан либослар билан иштирок этган Шаҳзода Муҳаммедова энди миллий матолардан фойдаланган ҳолда аёллар пойафзалларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганини маълум қилди.
Ёш актриса-тадбиркор Шаҳзода Муҳаммедова янги дўкон ва тикув цехида йигирмага яқин хотин-қизларни иш билан таъминлади.
"Ko'zgu" студияси.