...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


22:49, 08.05.2016 Олам
 9 848

Мянмада жойлашган муҳожирлар лагерида ёнғин келиб чиқди, “Динамо” клуби футболчиси ўйин майдонида жон берди, Президент Ислом Каримов Хотира майдонига ташриф буюрди...

Сониялар кетидан сониялар, дақиқалар кетидан дақиқалар шундай шитоб билан ўтиб кетмоқдаки, бир ҳафтанинг кўз очиб юмгунча ўтиб қолганига ҳайрон бўласан киши. Ўтган ҳафта ҳам кўплаб воқеаларга бой бўлди. Қуйида ҳафта воқеаларини суратларда томоша қилинг.

1 май куни Wizz Air авикомпаниясининг самолёти ҳаво шоуси давомида Венгрия пойтахти Будапештдан оқиб ўтувчи Дунай дарёси кўприги устидан жуда паст масофада учиб ўтди.



Кубаликлар сўнгги эллик йилда биринчи марта Гавана портига келган АҚШ круизига қўл силкитишмоқда. АҚШга тегишли Adonia круизи 1959 йилдан буён биринчи марта Кубага келган криуз ҳисобланади. 2016 йил 2 май.



Мянманинг Ракҳайн штати пойтахти Ситуэ шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган муҳожирлар лагерида келиб чиққан ёнғин натижасида кўплаб бошпаналар вайрон бўлди. Суратда вайроналар оралаб кетаётган аёл. 2016 йил 3 май.



Иерусалимда жойлашган Яд Вашем Холокост тарихи музейидаги Холокост қурбонларининг оёқ кийимларини кўриш учун кўплаб одамлар ташриф буюрди. Исроилда чоршанба куни Иккинчи жаҳон урушида фашистлар томонидан ўлдирилган олти миллион яҳудийни ёд олиш маросими – Холокост қурбонлари хотираси куни нишонланди. 2016 йил 4 май.



Канаданинг Алберта провинциясида жойлашган Анзак шаҳрига қараб келаётган ёнғин катта талофатларга сабаб бўлди. Албертадаги қуруқ об-ҳаво ва шамол сабаб ўрмонда ёнғин келиб чиқди. Ёнғин туфайли провинцияда чоршанба куни фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 2016 йил 4 май.



4 май куни соат тахминан 14:00 да Наманган вилояти Поп тумани Қамчиқ довони ҳудудида кўчки содир бўлди. А-373 М-39 автомагистралида содир бўлган кўчки остида иккита автомобиль қолиб кетди. Фалокат туфайли беш киши ҳаётдан кўз юмди.



Кения пойтахти Найроби шаҳридаги Ҳурума ҳудудида қулаб тушган бино остида олти кун қолиб кетган аёл қутқариб олинди. Аёлнинг вайроналар остида қолишига қарамасдан, тирик эканлиги аниқлангач қутқарувчилар бир неча соат давомида тер тўкиб уни қутқариб олдилар. Суратда олти кун давомида ҳаёт учун курашган аёл тасвирланган. 2016 йил 5 май.



5 май куни Ўзбекистон Республикасида Фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига старт берилди. Май-июнь ойларида бутун республика бўйлаб ўтказиладиган сайловларда 9.764 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланади.



Бухарестнинг “Динамо” клуби ярим ҳимоячиси Патрик Экенг Руминия чемпионатининг навбатдаги туридан ўрин олган “Вииторул”га қарши ўйинда захирадан тушганига 7 дақиқа бўлганда ҳушидан кетди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмади. Марҳум футболчи 26 ёшда эди. Суратда Патрикнинг майдонда йиқилб тушган ҳолат тасвирланган. 2016 йил 6 май.



Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хотира майдонига ташриф буюриб, ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага 71 йил тўлиши муносабати билан Президент Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан 9 май – Хотира ва қадрлаш кунининг ўзбек халқи тарихи ва бугунида тутган ўрни ҳақида мулоқот қилди. 2016 йил 8 май.

Руслан Сулаймонов

Теглар:Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!