...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда


17:26, 11.09.2016 Олам
 18 229

Ислом Каримовнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирган Путин, Рио Паралимпиясидаги ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақиятли юриши, Суриядаги қонли уруш оқибатлари, Испаниядаги ёнғин, Қирғизистонда Халқаро кўчманчилар ўйинлари мусобақаси...

Вақт-оқар дарё.   Ўтган ҳафта давомида юртимизда ва жаҳонда кўплаб муҳим воқеалар рўй берди.  Уларнинг бири бизни қувнатса,  бошқаси йиғлатади,  яна бири фикр қилишга,   бошқаси эса шукур қилишга ундайди.  Ҳафта давомида бўлган муҳим воқеаларни сайтимиз орқали ёритиб боришга ҳаракат қилдик,  лекин уларнинг аксарияти эътиборимиздан четда қолган бўлиши мумкин.  Қуйида ҳафтанинг муҳим воқеаларини суратларда эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Олий Мажлис Сенати биносида Президент Ислом Каримов портрети пойига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, вазирлик ва идоралар жамоалари, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари юксак ҳурмат бажо келтириб, гуллар қўйди. 2016 йил 4 сентябрь. 


 
Испаниянинг Бенитачель комуннаси яқинидаги ўрмонда юз берга ёнғин натижасида мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Оловни ўчириш учун ўнлаб ўт ўчирувчи вертолётлар сафарбар этилди. Суратда икки киши бассейн олдида ёнғин бўлаётган ҳудудга қараб туришибди. 2016 йил 5 сентябрь. 


 
5 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча вилоятларида Президент Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишлаб эҳсон дастурхони ёзилди. Мазкур тадбирлар Тошкент шаҳридаги “Яккасарой”, “Чароғон”, “Олмазор”, “Фаровон”, “Саёҳат”, “Наврўз” ресторанларида бўлиб ўтди.


 
Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилмоқда. Суратда Ўзбекистоннниг Хитойдаги элчихонаси. 2016 йил 5 сентябрь. 


 
3 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимига кела олмаган Россия давлат раҳбари Владимир Путин 6 сентябрь куни Самарқандга келди. У марҳум ҳамкасбининг қабрига гулдаста қўйди ва ҳурмат  бажо келтирди.  Путин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан Президент Ислом Каримов қабри бошида суҳбат қурди.


 
Самарқандга ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаяева билан учрашиб, уларга ҳамдардлик билдирди.  2016 йил 6 сентябрь. 


 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига унинг беваси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаяева гул қўйишди ва марҳум ҳаққига дуо қилишди. 2016 йил 6 сентябрь. 


 
Туркия қуролли кучлари Суриянинг Жараблус шаҳрини ИШИДдан озод этгач, юзлаб суриялик қочоқлар шаҳарга қайтиб келишмоқда. Суратда Туркиянинг Каркамиш ўтиш постидан Жараблусга йўл олган суриялик қочоқлар. 2016 йил 7 сентябрь.


 
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 7 сентябрь куни бошланган XV Паралимпия ўйинлари жуда қизғин тарзда ўтмоқда. Суратда “Маракана” стадионида 100 метр масофага югуриш баҳсларида иштирок этаётган ампутант-спортчилар.  2016 йил 8 сентябрь. 


 
2016 йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.  Унда Республика Президентининг вазифаси Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифига кўра, Шавкат Мирзиёевга юклатилади.


 
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилаётган XV  Паралимпия ўйинларида Ўзбекистондан 32 нафар спортчи иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар мусобақанинг илк кунлариданоқ 19та медаль ютишга муваффақ бўлишди. Суратда олтин медаль ютган дзюдочи Ўткирбек Ниғматов.  2016 йил 8 сентябрь. 


 
АҚШ Демократлар партиясининг мамлакат президентлигига номзоди Ҳиллари Клинтон Шимолий Каролина штатидаги университетлардан бирида ўз тарафдорлари билан учрашди.  Суратда Клинтон хоним қўл ҳаракати орқали “ишлар зўрлигини” билдирмоқда.  2016 йил 8 сентябрь.


 
3-8 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида иккинчи Халқаро кўчманчилар ўйинлари ўтказилди. Унда 60та мамлакатдан 1000га яқин спортчи 23 хил ўйин турларида баҳс олиб боришди. Суратда мусобақанинг ёпилиш маросими. 2016 йил 8 сентябрь. 


 
Суриянинг мухолифат кучлари томонидан назорат қилинадиган Даума шаҳрига берилган авиазарбалар натижасида жароҳатланган болани кўтариб кетаётган ёш суриялик қутқарувчи.  2016 йил 9 сентябрь. 


 
Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон футзал терма жамоаси Колумбиянинг Кали шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон чемпионатидаги дастлабки иштирокини бошлади. Ўзбекистонлик футзалчилар илк учрашувда Панама терма жамоасига 1:3 ҳисобда имкониятни бой бердилар.  Ўзбекистон терма жамоаси ўрин олган “А” гуруҳидан Колумбия ва Португалия терма жамолари ҳам ўрин олган.  

Руслан Сулаймонов

Теглар:Ҳафтанинг муҳим воқеалари суратларда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Самиева Сабохат
18:36 17.09.2016

Бугун тонгда куёош йиглади Йигладику хур Узбекистон Булбуллар ошкор йиглади Саргайдику бу богу-бустон Бугун тонгда куёш йиглади Еру-осмон олам йиглади Айриликка чидай олмасдан Бешикдаги болам йиглади Мен йигладим йиглади онам Бутун олам ларзага келди Дуво килинг йигламанг дия Кул кутарди кекса кайнонам Ой хам нурин хирарок сочди Юлдузлар хам йиглади тунда Тонг гуллари секин юз очди Юртбошимдан айрилдик бунда Юракларда минг дарду-алам Сунги йулга кузатдик сизни Сабохатхон кулида калам Йиглаб-йиглаб ёзди бу шеьрни



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!